Ўзбекистон | 16:07 / 28.10.2020
12117
2 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат юридик университети Тожикистонда ўз факультетини очди 

Тошкент давлат юридик университети ва Тожикистон давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат университети ўртасида қўшма факультетни ташкил этиш бўйича шартнома имзоланди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, шу муносабат билан ўтказилган маросимда икки олий таълим муассасаси раҳбарияти, масъул ходимлари ва профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Zoom платформаси орқали бўлиб ўтган тадбирда олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланганидек, Ўзбекистон олий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи «хаб»га айлантириш, мамлакатга хорижий талабалар ва инвестицияларни жалб этиш, ТДЮУнинг халқаро рейтингларга киришини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур факультет университетнинг хориждаги илк факультети экани қайд этилди.

Қўшма факультетда нафақат Тожикистон, балки бошқа хорижий мамлакатларнинг фуқаролари ҳам ўқиши мумкин. Ўқиш халқаро стандартларга мувофиқ инглиз ва рус тилларида олиб борилади.

Факультетда кадрлар тайёрлаш «бакалавриат» босқичида «3+1» ва «магистратура» мутахассисликларида «1+1» икки томонлама диплом дастур доирасида амалга оширилади ва битирувчи талабалар Тошкент давлат юридик университети ва Тожикистон давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат университети дипломларини қўлга киритади.

Маълумот учун, Тожикистон давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат университети Хўжанд шаҳрида жойлашган бўлиб, 6 та факультет, 3 та ўқув корпуси ва 11 та ўқув лабораторияларини ўз ичига олади. Университетда 388 нафар профессор-ўқитувчи, жумладан, 148 нафар фан номзоди ва доктори фаолият юритади.

Мавзуга оид