Ди Марциодан ҳикоялар: Мессини тўхтатган Жозе, Паратичининг ҳийласи ва бошқалар
Футбол оламида инсайдерларнинг ўрни беқиёс – Фабрицио Романо, Николо Шира, Ди Жанлука Ди Марцио каби журналистлар айниқса трансфер ойнаси очиқ пайтида асосий информаторга айланади, уларнинг номлари йирик нашрлар билан тенг қувватда тилга олинади. Топ клубларнинг мухлислар армияси бу инсонларнинг «оғзини пойлаб туришади».
2020 йил Sky Sport'даги «Calciomercato – L’originale» дастури ўз чўққисига чиқди. Ўн олти йилдан бери душанбадан жумагача ҳар оқшом Жанлука Ди Марцио ҳамкасблари билан трансфер янгиликлари муҳокама қилиб, юз минглаб футбол ишқибозларини экран олдига «михлайди». Ўртача аудитория 162 минг атрофида бўлади. Энг юқори кўрсаткич эса 335 минг! Бу ҳақиқий рекорд.
Твиттерда Ди Марционинг 1,2 миллион ўқувчиси бор. Унинг сайти Италияда энг кўп ташрифчиси бор спорт порталларидан бири – йилига 100 миллион! Жанлука учун бир гуруҳ футбол журналистлари иш олиб боришади, аммо деярли ҳар бир маълумот Ди Марционинг ўз назоратидан ўтади.
У футбол оламига тасодифан келиб қолмаган. Отаси Жанни “Наполи”, “Женоа”, “Лечче”, “Катания”, “Палермо” каби клубларда мураббийлик қилган. Дастлабки танишувлар ўша болаликдан бошланган. Журналист бўлишни орзу қилган ёш Ди Марцио ўшандаёқ кейинчалик фойда келтирувчи танишлар орттира бошлади.
Шу ой Ди Марционинг «Grand Hotel Calciomercato» номли китоби чоп этилди. Журналист ушбу асарда футбол оламида, парда ортида бўлиб ўтган баъзи воқеалар, амалга ошган ёки ошмай қолган машҳур трансферлар ҳақида ҳикоя қилган. Нега отель? Чунки аксарият келишувлар айнан меҳмонхона номерларида амалга ошади.
“Шаҳарлар марказларидаги ресторанлар ва меҳмонхоналар – трансферлар ҳақида гап кетганида, энг муҳим жойлар. Айнан шу ерларда клуб вакиллари, агентлар, футболчилар ўртасида учрашувлар амалга ошади. Италия трансфер бозори шу ерларда авж олади”, – дейди у.
Эътиборингизга юқорида тилга олинган китобдан қизиқарли воқеаларни ҳавола қиламиз.
Ресторандаги “айғоқчи”
2013 йил 13 мартда Ди Марцио “Ювентус” спорт директори Фабио Паратичига хабар ёзди: “Қалай, Лондондаги Babbo ресторанида овқатлар ширинмикан?” Паратичи дарҳол қўнғироқ қилди: “Нималар деяпсан? Қанақа ресторан? Қанақа гап бу?” “Азизим Фабио, мен ҳаммасини биламан. Кеча кечқурун сизлар ўша ерда эдинглар, Тевес ва унинг агенти ҳам бор эди. Ҳатто Конте ҳам. Айнан сизлар учун ресторанни ёпиб туришди. Менга эртак айтма”, – деб хотиржам гапирди Ди Марцио.
Паратичи бироз жим турди-да, кейин: “Ҳеч кимга айтма, “Манчестер Сити” вакиллари хафа бўлишади. Умуман, сен буни қаердан билдинг? Аньелига айтиб қўй, бўлмаса, мендан эшитгансан, деб ўйлайди. Қаердан билдинг ўзи, ростини айт”, – деб ёзғира бошлади.
Ҳаммаси оддий. Ўша ресторанда идиш ювувчи бўлиб италиялик Жузеппе Лауданте ишларди. Залга фақат бош ошпазгина кириши мумкин эди, у эса ёрдамчисига: “Эй, италиялик, биласанми, “Ювентус” Тевесни сотиб оляпти”, – деб юборади. Кечқурун эса Лауданте Ди Марциога хат ёзади: “Мен сенинг мухлисингман, сенга бир янгилик айтмоқчиман...”
“Аҳмоқ директорга совға”
2007 йил “Фиорентина” “Байер” билан Видалнинг 4,5 миллион евролик трансферини келишиб олади. Клуб спорт директори Панталео Корвино Артуро ва унинг агенти Фернандо Феличевични ўз уйига меҳмонга чақирди. Якшанба куни эрталаб йиғилишга келишдилар.
Шанба куни “Фиорентина” Римда “Лацио”га қарши ўйнади ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Кечқурун эса жамоа мураббийи Чезаре Пранделли Корвинога қўнғироқ қилди: “Менга қара, Лео, биз бугун зўр ўйнадик, энди 4-3-3 дан воз кечдим, 4-2-3-1 ни танладим. Билмадим, балки, Видал бизга энди унча керак бўлмас...”
Корвино агент билан боғланолмади. Видал ва Феличевич самолётга ўтириб, йўлга чиқишган, келишилгандек эрталаб 07:30 да Корвино эшиги тагида туришарди. Қаҳва устида Панталео Видалга барчасини тушунтирди: “Биласанми, шунақа вазият. Мен ҳар қанақасига сен билан шартнома тузишга тайёрман, аммо қарорни сен бергин. Сени “Фиорентина”да кўришдан хурсанд бўламиз, аммо мураббийнинг режаларини ҳам билишингни истадим”.
Видал очиқлик учун миннатдорлик билдирди ва ҳали ёш, ўсмоқчи экани, доимий равишда майдонга тушиши кераклигини айтди.
Йиллар ўтиб “Ювентус”да ўйнаб, “Бавария”га ўтаётганда Видал Корвинога ўз футболкасини совға тариқасида юборди. У ерда шундай сўзлар ёзилганди: “Мени сотиб олмаган аҳмоқ директор учун”. Албатта, бу беозор ҳазилдан Корвино ранжимади.
Гаттузо Одил Аҳмедов билан жамоадош бўлиши мумкин эди
2011 йил февралда “Милан” ва “Тоттенҳэм” учрашуви пайтида Гаттузонинг агенти Андреа Д’Амиконинг телефони жиринглади. “Анжи” эгаси Сулейман Керимовнинг котиби футболчини Москвага таклиф этаётганди.
Гаттузо ва Д’Амико “Милан” раҳбариятига ҳеч нарса демасдан Москвага йўл олишди. Уларни шахсан Керимов кутиб олди: “Таклифни қабул қилганингиз учун раҳмат. Ҳозир қабулимда Тожикистон президенти ҳам ўтирибди. Агар қарши бўлмасанглар, у ҳам биз билан бирга тушлик қилади. Акс ҳолда, унга кетишини айтишим мумкин”.
Президент қолди. Гаттузо тузатилган дастурхон ва кейинроқ қилинган таклифдан шокка тушиб қолганди. Керимов Гаттузонинг “Тоттенҳэм”нинг ёрдамчи мураббийи Жо Жорданнинг бўйнидан ушлаб турган расмини кўрсатди - “Сен кучлисан, жуда кучлисан, сенинг ўзингга ишончинг менга ёқади. Сени ўз жамоамда кўрмоқчиман. Миланда қанча оласан?”. “Йилига беш миллион евро”, деди Гаттузо. “Мен сенга ўн миллион ва беш йиллик шартнома таклиф қиламан!”, деди Керимов. Рино нима дейишни билмай қолди, аммо Галлиани билан маслаҳатлашадиган бўлди. Уни Миланда қолишга кўндиришди.
Кавани ўрнига Игуаин
2016 йил апрелда “Ювентус” қаторасига бешинчи чемпионликни нишонлади. Бутун жамоа кечаси билан байрам қилгач, Фабио Паратичи Парижга учди. У Эдинсон Кавани билан учрашувга келишиб қўйганди. Эрталаб соат ўнда Паратичини ҳужумчининг акаси ва ўртада Марко Соммелла кутиб олди. Эдинсоннинг ўзи йўқ эди, оиласи билан Ницца ва Монте Карлога учиб кетганди.
“Ювентус” Каванининг бу ҳаракатидан жаҳли чиқди ва музокаралар тўхтаб қолди. Шундан кейингина клуб босслари “Наполи” тўпурари Гонсало Игуаинни сотиб олишга қарор қилдилар.
“Клубинг билан қўшиб сотиб оламан”
Роман Абрамович “Челси”ни сотиб олганида жамоада Жанфранко Дзоланинг йўқлигидан ҳайратга тушди. Италиялик ҳужумчи “Челси” билан шартномани узайтирмай, “Кальяри”га ўтиб кетганди.
“Нима? Президентликнинг илк кунимда менга “Челси” тарихидаги энг кучли футболчи кетиб қолганини айтасизларми?” деди жаҳли чиқиб Абрамович.
Россиялик бизнесмен мағлуб бўлишни истамади. У “Кальяри” президенти Массимо Челлинога телефон қилиб, кутилмаган таклиф берди:
– Дзола неча пул туради? Мен уни қайта сотиб олмоқчиман.
– Ахир биз уни энди олдик. Афсус, Дзола сотилмайди.
– Яхши, унда бошқа савол. “Кальяри” неча пул туради?
Табиийки, Челлино бу таклифга ҳам рад жавобини берди.
“Паст бўйли” Левандовски
2010 йил февраль. “Аталанта” ва “Кьево” ўртасидаги ўйин пайтида, трибунада агент Сержо Берти ва “Женоа” спорт директори Стефано Каподзукка бирга ўтириб қолишди:
– Мен сенга “Лех” ҳужумчисини таклиф қилмоқчиман. У жуда кучли ўйинчи.
– Исми нима?”
– Лева.. нимайди.. охирида ..ски
Бироз ўтиб бутун “Женоа”га Роберт ёқиб қолди. Скаутлар тез-тез “Лех” ўйинларига бориб туришар, президентнинг ўғли Прецьози Левандовскининг мухлисига айланиб қолди.
Апрелда Левандовски “Женоа”га келди ва “Сампдория” билан дербига тайёрланаётган меҳмонхонага жойлашиб, ҳатто тиббий кўрикдан ўтди. Фақат шартномани имзолаш қолганди. Роберт, Берти ва ҳужумчининг агенти Цезарий Кухарский залда ўтириб, Прециози ва Гасперининг алоҳида гаплашиб олишларини кутиб ўтиришарди. Икки соат ўтди. Прециози пастга тушиб, ўтирганларга эътибор бермай, кўча тарафга юра бошлади. Берти президентнинг орқасидан югуриб борди. Президент фақат бир сўз айтди: “Мен уни новчароқ деб ўйлагандим”.
Левандовски агенти билан дербини томоша қилиб, Польшага қайтишди ва “Женоа”дан қўнғироқни кута бошлади. Аммо негадир номаълум сабаб билан генуяликлар фикрларидан қайтишди, Берти узр сўраб, трансфер суммасининг юқори эканини баҳона қилди.
“Мессини тўхтатган Моуриньо”
2014 йил январь. Испания бюджетига 53 миллион евро солиқ тўлаган Месси жиддий равишда клубни алмаштириш ҳақида ўйлай бошлаганди. Месси “Челси”ни танлади, чунки у Лондонда яшаш ва Жозе Моуриньо билан бирга ишлашни истаётганди. Ўртада Деку турганди: “Барселона” ва “Челси”нинг собиқ футболчиси. Моуриньо ва Месси «Facetime»'да алоқага чиқишди:
– Салом, Лео, мен Жоземан. Ишлар қалай, феномен? Билишимча, сен “Челси”да ўйнамоқчисан. Биласанми, сен тасаввур қила олмайсан, сенга қарши ўйнаш учун кечалари билан ухлолмай, йўл қидирардим. Зонал қўриқласак, гол урасан, персонал қўриқласак, бир неча футболчини алдаб ўтиб кетасан. Сен энг зўр футболчисан. Сенга шуни айтмоқчиман – сен ўша ерда қолишинг керак.
Айтишларича, Мессининг юзи шу пайт ўзгарган, Моуриньо эса, фикрида давом этган: “Кетма, “Барселона”да қол. Улар сенга ҳайкал қўйишлари керак. Сен ўша ерда бўлишинг шарт. Аммо... Қачондир, эрталаб турасан ва тушунасанки, ҳаммаси ўзгача, қаҳванинг таъми ёқмайди, осмоннинг ранги бошқача, атрофингдагилар, машинанг ёқмай қолади. Ана ўшанда сен кетиш ҳақида ўйлашинг, янги, бахтли ҳаётга эшикларни очишинг керак. Ва ўшанда ҳам, эшик ортида мени кўрасан!”
“Челси” Мессининг 250 миллион евролик товон пулини тўлашга тайёр бўлди. Хабарлар авж олди. Сеск Фабрегас Моуриньога Месси “Челси”га ўтмоқчи эканини айтди. Жозе у билан гаплашиб бўлганини ошкор қилди. Сеск Декуга чиқди ва барчаси Мессининг отасигача етиб борди. Хорхе Месси ўғлининг Барселонадан кетишини истамасди. Дарҳол телефон қилиб, ўғлидан сўради. Месси довдираб, бу ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтиб, қасам ичди. Шу билан ҳаммаси тугади.
“Музокаралар қироли”
Фабио Паратичи Карлос Бакканинг “Милан”дан “Вест Ҳэм”га ўтишини уюштираётган Жузеппе Ризо билан қаҳва ичиб ўтирарди. “Зазани нима қилмоқчисан? Кел, уни “Милан”га, Бакканинг ўрнига ўтказамиз? Эртага Бакка Англияга ўтяпти”, – деди Ризо.
Агент билан хайрлашгач, Паратичи Бакканинг вакили Сержо Барилега телефон қилди:
– Қаердасан?
– Мадридда.
– Мен боряпман. Ҳеч кимга ҳеч нарса дема. Бакка “Ювентус”га керак. Уни асосий таркибда ўйнатамиз. Заза кетади.
Паратичи Мадридга бориб, Бариле билан учрашди:
– Бакка қанча пул топади? Тўрт миллионми? Биз беш миллион берамиз.
– Аммо биз “Вест Ҳэм”га сўз бериб қўйдик.
– Қўйсангчи, “Юве” турганда у “Вест Ҳэм”га ўтармиди?
Баккага қўнғироқ қилишганда, барча шубҳалар тарқади. Колумбиялик ҳужумчи “Ювентус”га ўтишни истади.
Паратичи Мадриддан Лондонга учиб борди. У ерда Симоне Зазани “Вест Ҳэм”га сотиш бўйича келишувга эришди. Барибир Баккани қўлга кирита олмасликларига ишонтиргач, лондонликларда кўнишдан бошқа чора қолмаганди. “Вест Ҳэм” Зазани сотиб олди. Аммо Бакка “Милан”да қолди. Паратичи келишув қониқтирмаганини айтиб, узр сўраб қолди. Шу тариқа, Паратичи “Ювентус” учун керак бўлмаган футболчини яхши пулга сотишнинг уддасидан чиққанди.
Қаҳрамон Асланов тайёрлади