Жаҳон | 08:03 / 03.11.2020
15962
3 дақиқада ўқилади

Австрия пойтахтида бир вақтнинг ўзида 6та жойда отишма содир этилди

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Австрия пойтахти Вена шаҳрининг турли қисмларида бир неча киши одамларни ўққа тутди. Бунинг натижасида 2 киши ҳалок бўлди, 15 киши яраланди. Мамлакат раҳбарияти отишмаларни теракт деб атади.   

Фото: Reuters

Номаълум шахслар бир вақтнинг ўзида 6та жойда отишма олиб борган. Жумладан, улар синагога, ресторан ва яҳудийлар марказига ҳужум қилган. Отишмалар дастлаб шаҳар марказидаги Шведенплатц майдони яқинида жойлашган бош синагога ёнида бошланган. 

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумларни содир этганлар 7 киши бўлган. Улардан бир нафари полиция билан отишма вақтида ўлдирилган. Қолган жиноятчилар қидирилмоқда. Шаҳарда аксилтеррорчилик амалиёти эълон қилинган. 

Ҳужумлар Австрияда коронавирус тарқалишига қарши янги чекловлар киритилиши арафасида содир этилди.

Австрия терактдан кейин қўшни давлатлар билан келишган ҳолда ўз чегараларидаги назоратни кучайтирган.

ОАВда маълум қилинишича, отишма вақтида бир эркак ҳалок бўлган. Шифохонада олинган жароҳатлардан яна бир аёл ҳаётдан кўз юмган.

Мамлакат ички ишлар вазири Карл Нехаммер юз берган воқеаларни теракт деб атаган.

Аввалроқ ОАВда ҳужум вақтида 7 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган. Бироқ ҳукумат бу маълумотларни рад этган ва бир эркак ҳалок бўлгани, 15 киши яраланганини маълум қилган. 

“Жиноятчилар яхши қуролланган ва профессионал тайёрланган. Бу аниқ теракт”, деб таъкидлаб ўтган Австрия канцлери Себастьян Курц ва пойтахт аҳолисини уйдан чиқмасликка чақирган.

“Полиция ушбу жирканч теракт ижрочиларига қарши қатъий ҳаракат қилади. Мен полициячиларимиз бир жиноятчини бартараф этганидан хурсандман. Биз террорчиликка бизни қўрқитишга йўл қўймаймиз ва бундай ҳужумларга қарши бор кучимиз билан курашамиз”, деб қўшимча қилган Курц.

Курцнинг таъкидлашича, жиноятчиларнинг мотивлари ҳозирча номаълум. “Теракт яҳудийларга қаратилган бўлиши мумкин, айниқса у қаерда бошлангани ҳисобга олинса”, деб айтган Курц отишмалар синагога ёнида бошланганини назарда тутиб.

Экспертларнинг фикрича, Венадаги теракт радикал кучларнинг Австрия канцлерининг сўнгги хатти-ҳаракатларига жавоби бўлиши мумкин. Аввалроқ Курц Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Франция президенти Эмманюэль Макрон номига айтган сўзларини қоралаганди.

Мавзуга оид