Ўзбекистон | 11:15 / 05.11.2020
7260
5 дақиқада ўқилади

Интеллектуал мулк агентлиги: 616 та дорихоналарда контрафакт дори воситалари аниқланди

Маълумки, пандемия даврида шамоллаш, грипп каби аҳоли орасида кўп учраётган мавсумий касалликларни даволовчи дори воситаларига бўлган талаб илгарига нисбатан анча кўпайган. Қолаверса, пандемия шароитида дориларнинг нархи сезиларли даражада ошиб кетди. Биргина муаммо бунда эмас, бугунги шароитдан фойдаланиб, ноҳалол тадбиркорлар энг кўп учраб турган касалликни даволовчи дори воситаларининг контрафакт нусхаларини тайёрлаб эркин савдога чиқараётгани барчани таҳликага солиши аниқ.

Интеллектуал мулк агентлигининг кузатувлари натижасида республикадаги 616 та дорихоналарда бозори чаққон, аҳолига яхши таниш бўлган дори воситаларининг номланиши ва қадоғи истеъмолчиларни чалғитиш даражасида жуда ўхшаш бўлган “Турмол”, “Терлафлю”, “Мер терафлюс”, “Китонал гел”, “Китонал ампула”, “Ношпен” ҳамда “Азимакс” каби контрафакт дорилар сотилаётгани аниқланди.

Шу ўринда савол туғилиши табиий, бу кузатувлар тадбиркорлар фаолиятига тўсиқ эмасми? Албатта, йўқ. Аксинча, бу каби ҳолатларнинг олдини олмаслик асл маҳсулотларни ишлаб чиқараётган тадбиркорларнинг ноҳалол рақобатдан азият чекишларига олиб келади.

Ваҳоланки, контрафакт дори-дармонлар ҳар йили жаҳонда қарийб 1 миллион инсоннинг умрига зомин бўлмоқда. Бундан ташқари, қалбаки дори таркибида фаол моддалар умуман бўлмаслиги ҳам мумкин, шу боис уни қабул қилган шахснинг аҳволи яхшиланмайди, балки касалликни енгишга қарши восита ичилмагани сабабли соғлиги жиддий хавф остида қолади.

Дори ишлаб чиқарувчи фармацевтик фирма дори сифати ва касалликка таъсир қилишини йиллар давомида синовдан ўтказади. Аммо контрафакт маҳсулот тайёрлаб бозорга чиқаришга уринаётган “уддабурон тадбиркор” эса осонгина фойда кўриш мақсадида ўзганинг товар белгисидан фойдаланиб, номи ўхшаш дори ишлаб чиқаради. Оддийгина номи ва ташқи кўриниши таниқли бўлган дорилар қадоғини ўхшатиб, бир иккита ҳарфини ўзгартириб қўяди холос. Масалан, “Турмол” деб чиқарилган дори воситаси аслида Ҳиндистоннинг Тримол таблеткаси аналоги ҳисобланади. Дорини қалбакилаштиришдан мақсад эса одамларнинг онг остида шаклланган Тримол таблеткаси образи орқали контрафакт дори маҳсулоти сотувини ривожлантиришдир.

Агентлик фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида дорихоналарда сотилаётган контрафакт дори воситаларини тезкорлик билан аниқлашга киришди. Бу йўлда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда контрафакт дори воситалари савдосини чеклаш бўйича тизимли ҳаракатни олиб боришга эътибор қаратилмоқда.

Хўш интеллектуал мулк агентлиги бу ҳолатларни олдини олиш бўйича қандай ҳаракатни амалга оширмоқда? Маълумки, бугунги кунда республикамиздаги дорихоналарда 9 мингдан ортиқ дори воситалари сотилмоқда. Дастлаб, контрафакт дориларни аниқлаш мақсадида дорихоналарда инвентаризация ўтказилади. Агар аниқланган контрафакт дори воситалари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланаётган бўлса, дорилар айланмасини тўхтатиш юзасидан тақдимномалар киритилади. Шунда ҳам ҳуқуқбузарлик ҳолатлари такрорланса, тегишли давлат органларига қонуний чоралар кўриш мақсадида баённома расмийлаштирилади.

Яна бир муҳим янгилик дорихоналарда сотилаётган контрафакат маҳсулотларни тезкор аниқлаш  мақсадида уларнинг каталоги тузилмоқда. Мазкур ташаббус орқали каталогга киритилган контрафакт дори воситалари сотуви билан шуғулланаётган дорихоналар огоҳлантирилади, дориларни дорихона пештоқидан олиш талаб этилади ва ноқонуний ишлаб чиқарувчиларни жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонга четдан кириб келаётган контрафакт дори воситалари кириб келишининг олдини олиш мақсадида Давлат божхона қўмитасига дорилар рўйхати тузилган маълумотнома тақдим қилинади  ҳамда уларнинг кириб келиши тўхтатилади.

Қолаверса, Агентлик масъул ходимлари томонидан контрафакт маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига чек қўйиш мақсадида доимий равишда кузатув тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Натижада қалбаки товар ва маҳсулотлар сотилишининг олди олинмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида интеллектуал мулк агентлиги томонидан 30 дан ошиқ мониторинг ишлари ўтказилиб, 1716 дан ортиқ қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.

Яна бир муҳим жиҳат, агентлик тўғридан тўғри тадбиркорлар фаолиятига аралашиб контрафакт маҳсулотларнинг ишлаб чиқаришига тақиқ қўя олмайди. Шу сабабли фуқаролардан ўз соғликларига бефарқ бўлмасликни, фармацевтлар эса ўз маҳсулотларининг контрафакт нусхасига дуч келганда ноҳалол тадбиркорга нисбатан қонуний чора кўриш кераклиги ҳақида Интеллектуал мулк агентлигининг (71) 232-50-54 ишонч телефонлари ёки телеграмдаги @ima_monitoring_bot орқали мурожаат қилишлари сўралади.

«Интеллектуал мулк агентлиги» Матбуот хизмати

Мавзуга оид