Жаҳон | 22:13 / 08.11.2020
103312
12 дақиқада ўқилади

Жо Байден ким: АҚШнинг янги президенти ҳақидаги асосий маълумотлар

77 ёшли Жо Байден АҚШнинг навбатдаги президенти бўлади. Қуйида унинг ҳаётига оид асосий маълумотлар келтирилади. 

Andrew Harnik-Pool / Getty Images / AFP / Scanpix / LETA

35 йилдан ортиқ вақт давомида Делавэр штатидан сенатор бўлган ва 44-президент Барак Обама маъмуриятида вице-президент лавозимини эгаллаган Байден демократлар партиясининг энг обрўли ва тажрибали вакилларидан бири ҳисобланади. 2021 йил 20 январда бўлиб ўтадиган инаугурация маросими вақтида у 78 ёшда бўлади: шу тарзда Байден АҚШ тарихидаги энг ёши улуғ президентга айланади.

Ёшлиги
Кичик Жозеф Робинетт Байден 1942 йилда Пенсильвания штатининг Скрантон шаҳрида туғилган. У американ-ирланд католиклари оиласида тўрт фарзанднинг тўнғичи бўлган. Отаси катта Жозеф Робинетт Байден (1915-2004) банкротга учраган тадбиркор эди. У Жо ўрта мактабда ўқиётганида яна оёққа туради ва муваффақиятли автомобил сотувчисига айланади.

Жо Байден 25 ёшида, 1967 йил / ALAMY

Мактабда тутуқланиб гапиргани учун Байденнинг жиғига тегишарди. Аммо бўлғуси вице-президент ойна қаршисида шеър ўқиш машқлари билан нутқидаги камчиликларни тузатади.

Байден дастлаб Делавэр штатидаги университетда тарих ва сиёсатшунослик бўйича ўқийди. Кейин эса Нью-Йоркдаги Сиракуза университетида ҳуқуқшуносликни ўрганади ҳамда бу ерда биринчи рафиқаси Нелия билан танишади.

Ўқишни тамомлагач Байден Делавэр штатининг Уилмингтон шаҳридаги юридик фирмада фаолиятини бошлайди.

Рафиқаси ва қизини йўқотиши
Жо Байден ўз яқинларини йўқотиш нима эканлигини жуда яхши билади. Оиласидаги фожиалар сабабли у сиёсий фаолиятини бир эмас, икки марта тўхтатиш ёқасига келган.

Байден, рафиқаси Нелия ва ўғиллари 30 ёшли сенаторнинг ғалабасини нишонлашмоқда. 1972 йил 20 ноябрь

Биринчи марта бу 1972 йилда рўй берганди. Байден ўшанда 29 ёшида Делавэр штатидан сенаторлик пости учун тажрибали республикачи Жеймс Калебу Боггсга чақириқ ташлаганди.

Сайловолди бюджети ҳаддан ташқари ихчам бўлганига қарамай у сайловда ғолиб чиқади. Аммо бир неча ҳафта ўтиб ёш сиёсатчининг ҳаётини ўзгартириб юборган фожиа рўй беради: рафиқаси Нелия ва бир ёшли қизи Наоми автоҳалокатда вафот этишади, ўғиллари Бо ва Ҳантер жиддий жароҳатланишади.

30 ёшли сенатор
Аввалига Байден сенаторликдан воз кечмоқчи бўлади, аммо якунда уни сиёсатда қолишга кўндиришади. У фарзандлари даволанаётган шифохонада қасамёд қабул қилади.

1973 йил январи. Жо Байден ўғли Бо ётган шифохонада сенаторликка қасамёд қилмоқда

Синглиси Валери жиянларига қараш учун акасиникига кўчиб ўтади. У акасининг уйида 1977 йилгача, Байден ҳозирги рафиқаси Жилл Жейкобсга уйлангунига қадар яшайди. 

1980-90-йиллар
Вашингтондаги фаолиятининг дастлабки 14 йилида Байден биринчи рафиқаси ўлимидан кейин барбод бўлган оилавий ҳаётини яна қайта қуришга муваффақ бўлади. Фарзандларининг ёнида бўлиш ва уларга ғамхўрлик қилиш учун ёш сенатор ҳар куни поездда Делавэрдан Вашингтонга ишга қатнаб, кечқурун яна уйга қайтарди.

1977 йилда у мактаб ўқитувчиси Жилл Жейкобсга уйланади, кейинроқ уларнинг оиласида қиз фарзанд - Эшли туғилади.

Байден сенатнинг Юридик қўмитасига киради ва мамлакат бўйлаб довруғ қозона бошлайди. 1987 йилда у илк марта президентлик сайловларида иштирок этиш учун номзодини илгари суради, аммо плагиат бўйича айбловдан кейин номзодини қайтариб олишга қарор қилади. Унинг сайловолди чиқишларидан биридаги нутқи Британиядаги Лейбористлар партияси етакчиси Нил Киннокнинг нутқларидан бирига ўхшаш эди.

Жо Байден 1987 йилги президентлик пойгасидан чиқаётганини эълон қилмоқда. Ёнида рафиқаси Жилл
ARNIE SACHS / GETTY IMAGES

1991 йилнинг 11 октябрида Америка жамоатчилигининг нигоҳи телеэкранларга муҳрланганди. Оклаҳома университети ҳуқуқ профессори, афроамерикалик Анита Ҳилл сенатнинг Юридик қўмитасида кўрсатма берарди. Бу тинглов АҚШ Олий судига республикачилар партиясидан номзод бўлган Кларенс Томасга (у ҳам афроамерикалик) алоқадор эди. Ҳилл хоним Кларенс Томас билан Рейган маъмуриятида бирга ишлаган вақтида у томонидан кўп марта жинсий зўравонлик ҳолатлари бўлгани ҳақида гувоҳлик беради.

Сенаторлар Жо Байден ва Тед Кеннеди Кларенс Томаснинг номзодлиги бўйича тинглов вақтида
WALLY MCNAMEE/ GETTY IMAGES

Жо Байден қўмита раиси бўлган, унинг ўша вақтдаги қарори шу кунгача танқид қилиб келинади. Ўшанда сенат Ҳиллга ишонмаган ва Томас учун овоз берганди. 

ОАВ Байден Ҳиллнинг сўзларини тасдиқламоқчи бўлган бир неча аёлни кўрсатма бериш учун чақиришга рози бўлмаганига урғу қаратганди. Los Angeles Times республикачилар Байден билан келишув тузгани ҳақида ёзиб чиққанди. Консерваторлар эса Ҳиллнинг кўрсатмаси Олий судда республикачи судья бўлишини истамаган демократлар томонидан саҳналаштирилганини иддао қилишганди. 

2019 йилдаги интервьюси вақтида Байден ўша вазият учун афсусдалигини билдирди.

2008 йилда Байден АҚШ президентлиги учун сайловда демократлар партиясидан яна бир бор номзодини кўрсатади, аммо бирламчи сайловларни эрта тарк этади. Ўшанда асосий босқичга партиядан Барак Обама чиққан ва у президентликка ҳам сайланган, Байден эса сиёсий фаолиятида янги босқичга кўтарилган - Обама ҳукуматида вице-президент сифатида иш бошлаган.

Жо Байден Барак Обама уни вице-президентлик учун номзоди сифатида эълон қилганидан кейин чиқиш қилмоқда, Иллинойс штати
JOE RAEDLE / GETTY IMAGES

Обама ва Байден тандеми икки президентлик муддатида ҳамкорлик қилади. Улар шу қадар яқин эдики, Байден тез-тез Обамани ўз укаси деб атарди.

Президентлигининг сўнгги кунларида Барак Обама Жо Байденни президентлик медали - АҚШда фуқаролар учун олий мукофот билан тақдирлаганди.

Ёвуз тақдир Байденни таъқиб қилишда давом этади. 2015 йилда у Барак Обама билан бирга даромади кам бўлган миллионлаб оилаларга тиббий хизмат кўрсатишни кафолатлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси устида ишларди. Шу вақтда унинг катта ўғли Бо 46 ёшида мия саратонидан вафот этади. Уни сиёсат осмонидаги ёрқин юлдузлардан бири сифатида ҳисоблашарди. У 2016 йилги сайловларда Делавэр штати губернаторлиги учун номзодини қўймоқчилигини эълон қилганди.

Бу ўлим туфайли 2016 йилги президентлик сайловларига номзодини қўйишни режалаштирган Байден пойгани тарк этишга қарор қилади.

«Имиллаган» Байденнинг даври келди
Тўрт йил ўтиб у барибир АҚШ президентлигига сайланди. Миссури университети профессори Митчелл МакКинни демократлар нисбатан ёш номзодлардан кўра тажрибалисини афзал кўришгани ҳайратланарли эмаслигини таъкидлади. У Байденни соғлом фикрли, узоқни кўра биладиган, халқни ўйлайдиган ва уни «имиллаган Жо» деб атайдиган Трампнинг акси - зийрак сиёсатчи деб ҳисоблайди.

Қишда праймеризларнинг бошида муваффақиятсизликка учраган Байден «суперсешанба»дан кейин яққол етакчига айланиб олганди

Байден қарашлари ўзгача бўлган ҳамкасблари билан ҳам алоқаларни яхши ўрната олган сиёсатчи сифатида маълум. «У Конгрессда узоқ вақт ишлаган ва барчанинг тилини топа олган», дейди DW билан суҳбатда политолог, Остиндаги Техас университети профессори Брюс Бьюкенен.

«Вашингтонда Жо Байденни ёқтирмайдиган бирор одамни топиш қийин. У кўп йиллар мобайнида Конгрессда республикачилар билан муваффақиятли ҳамкорлик қилган дўстона ва дилкаш инсон сифатида ном қозонган», дея қайд этади у. Айрим республикачи сенаторлар сайловлар арафасида Байден билан ишлашга тайёрликларини билдиришганди.

Байденнинг мақсади - Американи бирлаштириш
Жо Байден қарама-қаршиликлар гирдобида қолган Американи бирлаштиришни мақсад қилган. «Агар менга президентликни ишонсангиз, мен зулматнинг эмас, ёруғликнинг иттифоқчиси бўламан», деганди у 20 август куни АҚШ президентлиги учун Демократик партиядан расман номзод бўлганида. «Барчамиз учун бирлашиш вақти келди», дея қўшимча қилганди сиёсатчи ва барча учун, шу жумладан, ўзига овоз бермаган америкаликлар учун ҳам «қаттиқ меҳнат қилиши»ни айтганди.

Байден миллионлаб янги иш ўринлари яратишни ваъда қилган ва бунинг учун зарур инвестиция Дональд Трамп маъмурияти даврида бадавлат кишилар учун бекор қилинган солиқларни қайта тиклаш эвазига келиши мумкинлигини айтиб ўтган.

АҚШнинг янги сайланган президенти иқлимни муҳофаза қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор билан қарамоқда. Трамп бир неча марта иқлим ўзгариши инсон фаолияти туфайли рўй беришига шубҳа билдирган бўлса, Байден АҚШни 2050 йилга қадар тўлиқ қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтказмоқчи.

Байденнинг Россияга нисбатан сиёсати қандай бўлади?
Байденнинг ташқи сиёсат бўйича қарашлари кўпчиликка маълум. Унинг асосий ваъдаси - «АҚШнинг жаҳон майдонидаги муносиб ҳурмати»ни тиклаш. Брюсселлик эксперт Бруно Лете Байден НАТО доирасидаги ҳамкорликка бу ҳамкорликка «сен - менга, мен - сенга» призмаси орқали қараган Трампга нисбатан жиддийроқ ёндашишини қайд этади.

Лете Байден АҚШ ва Россия муносабатларини ривожлантириш борасида кўплаб кўнгилсизликларни бошдан кечирганини эслатиб ўтган. У вице-президент бўлганида, ўша вақтдаги давлат котиби Ҳиллари Клинтон Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан бирга 2009 йилда Москва билан муносабатларнинг янги босқичи сифатида «қайта бошлаш» тугмасини босишганди. «Байден Россияга дўстлик қўлини чўзиш борасида қилинган ҳаракатлар қандай зое кетганига яқиндан гувоҳ бўлган», дея қўшимча қилади эксперт.

Вашингтондаги Ҳанс Зайдел (Hanns-Seidel-Stiftung) номидаги фонд бўлим бошлиғи Кристиан Форстнер ҳам Байден президентлиги даврида Вашингтоннинг Россияга нисбатан сиёсати ўзгаришсиз қолишини айтиб ўтган. «АҚШда ҳозир Москвага ишонч даражаси жуда паст. Конгресс ҳам, Сенат ҳам, демократлар ҳам, республикачилар ҳам Россия билан муносабатларда қатъий позиция танлашни маъқул кўришади. Бу Украина, Грузия ва бошқа турли сабаблар билан боғлиқ», дейди эксперт. Шу туфайли Байден ниманидир ўзгартиришни истаса ҳам, унинг қўллари боғлиқ, дейди Кристиан Форстнер.

Коронавирусга қарши кураш – Байденнинг устувор йўналишларидан бири
Жо Байден коронавирус пандемияси бошланганидан буён мамлакат аҳолисига кўп марта мурожаат билан чиқди ва вафот этган беморларнинг яқинларига ҳамдардлик билдиришга вақт ажратди.  

Байденнинг бу мавзудаги чиқишлари амалдаги президент Дональд Трампнинг фикрларидан кескин фарқ қилади. Трампнинг ўзи коронавирусга чалиниб тузалган ва шифохонадан Оқ уйга қайтганидан сўнг бу касалликдан қўрқиш керак эмаслигини айтганди. 

Жо Байден эса америкаликларни ниқоб тақиш, ижтимоий масофага риоя қилиш ва касалликка жиддий қарашга чақирмоқда. Байден Оқ уйга келганидан сўнг биринчи кунданоқ пандемияга қарши курашиш бўйича режасини тақдим этиш ва федерал миқёсда ниқоб тақиш режимини жорий этишга ваъда берган. 

Жо Байден 10 октябрь куни Делавэр йўлида ОАВ вакиллари билан гаплашмоқда
ROBERTO SCHMIDT / GETTY IMAGES

«Мен ғалаба қозонганимдан кейин ҳам бу пандемияни тугатиш учун қаршимизда узоқ давом этувчи ва қийин иш туради. Мен ваъда қиламанки, биз биринчи кунданоқ тўғри йўналишда ишлай бошлаймиз», деган Байден.

Мавзуга оид