Ўзбекистон | 15:52 / 13.11.2020
106991
4 дақиқада ўқилади

«Шарт ҳужжат қилдириб, олиб киргизиб қўйдим» — Шуҳрат Абдураҳмонов уч аёлни қаматгани ҳақида гапирган аудио тарқалди

Интернетда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов унга «сассиқ гапирган» марҳаматлик уч аёлни 15 суткага қаматгани ҳақида гапирган аудио тарқалди. Аудиода ҳоким журналистлар ҳақидаги фикрларини ҳам билдирган. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати Kun.uz сўровига жавобан бу борада изоҳ берилишини маълум қилди.

Тарқалган аудио парчасида вилоят ҳокими дастлаб журналистлар ҳақида гапиради.

«Ўтган куни журналистлар билан пресс-конференция ўтказдим. 50 та ташкилотни чақиришибди, шулар билан савол-жавоб қиламиз, деб. Ҳаммасини ҳайдаб юбордим.

Мен билан савол-жавоб қилиш деяпман, мен жавоб бераман. Булар ҳаммаси менинг топшириғимни бажарган. Нима саволинг бўлса бер. Икки ярим соат гапиргандим. Савол беришолмади биттаси ҳам.

Энди дедим, қизиғи чиқмай қолади, дедим. Бир-иккита савол бериб қўйинглар, дедим. «Қичиқ» савол бергиси келди-да. Сўзимни бошида айтиб қўйдим: «Эшитишиб ол, Тошкентдан келган бўлсанг ҳам, қаердан келган бўлсанг ҳам, мен ишлайдиган ҳокимман», дедим. «Ҳамма нарсамни, соғлиғимни ҳам тикиб қўяяпман», дедим. «Менга қичиқ савол беришмагин», дедим. «Нормальний» савол бер, нормальний гаплашамиз», дедим. «Агар қитиғимга тегсанг, мен қўйвораман», дедим.

«Қаттиқроқ гапириб юбораман, эртага ҳаммаёқ сенсация бўлиб кетади. Нормальний, соғ одамга ўхшаб гаплаш мен билан», дедим.

Барибир уларники қўзиб туради-ю, айлантириб келганди бир-иккитаси, тарсиллатиб уриб қўйганимдан кейин ҳеч нарса деёлмасдан уёққа бориб, бошқа фамилия билан бир нарсалар чиқариб ётибди.

Э, эркакмисан, ҳезалак, ўзингни номингдан ёз! Менга Ҳасанбой келиб қатнашяпти, уёққа бориб Ҳусанбойнинг номидан чиқаришяпти», – деган Шуҳрат Абдураҳмонов.

Андижон вилояти ҳокими аудио давомида Марҳамат туманидан бўлган уч аёлни 15 суткага қаматганини айтади.

«Чарчаб чиқсам, 5-6 одам қабулда турган экан, қабул қилмайман, дедим. Кейин улар роса шаллақилик қилди ўша ерда. Мана ҳозир шунақа «милий» бўлиб ўтиришибди 15 суткага қаматиб қўйганимдан кейин...

Кечагинда Марҳаматда йиғилиш ўтказсам, ташқарида биттаси бақиряпти. Чиқсам, бешта шаллақи. Иккитаси ногирон, учтаси анақа. Ногиронга тегмадим, учовини олиб кириб тиқиб қўйдим 15 суткага. Ана, марҳаматликлар бўлса айтсин: шунақа жимжит бўлиб қолди Марҳамат ҳам.

Марҳаматга келганда юрагим безилларди. 5-6та хотиннинг дастидан. Тиқиб қўйдим обориб. Ҳамма нарсани гапираверадими?

Оғзига зеб берувди. Шарт ҳужжат қилдирдим, олиб кириттириб қўйдим. Вилоят ҳокимига, президент вакилига сассиқ гапиргани учун. Давлат бор, Худога шукр», – деган Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов «тарбиявий соат»ида.

Ушбу аудио қачон ва қаерда ёзиб олингани маълум эмас. Аудиода ҳар замонда одамлар кулгиси эшитилиб турганидан ҳоким бу қандайдир йиғилишда, кўпчиликнинг ичида айтганини англаш мумкин.

Аудиода Шуҳрат Абдураҳмонов ўзига «сассиқ гапларни гапиргани» учун 15 суткага қаматтиргани айтилган аёллар шу йилнинг 26 октябрь куни Андижон вилояти ҳокимлиги биноси олдида аҳоли томонидан норозилик уюштирилгани тахмин қилинади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларда ушбу аёллар вилоят ҳокимлигига кўмир ва ижтимоий ёрдам ажратилишини сўраб, аксарият фуқаролар эса озиқ-овқат нархларининг ошиб кетишига ечим излаб келгани айтилади.

Андижон вилояти ҳокимлигининг мазкур ҳолат бўйича билдирган расмий муносабатида вилоят ҳокимлиги биноси олдига мурожаат билан келган фуқаролар йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига амал қилмагани учун тартибсизлик юзага келгани, шу куннинг ўзида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдужаббор Эгамбердиев томонидан фуқаролар қабули ташкил этилгани, ушбу фуқароларга вилоят ҳокимининг қабули тасдиқланган жадвалга асосан ҳар ойнинг охирги шанба кунида ўтказилиши тушунтирилгани ҳақида сўз боради. Бироқ мурожаатчиларга чора кўрилгани ҳақида кейинчалик ҳеч қандай расмий хабар берилмаган.

Мавзуга оид