Ўзбекистон | 12:27 / 19.11.2020
7618
4 дақиқада ўқилади

Азиза Умарова Uzbekistan Airports кузатув кенгаши мустақил аъзоси бўлди

«SmartGov» консалтинг компанияси раҳбари Азиза Умарова «Uzbekistan Airports» АЖнинг кузатув кенгаши аъзолари таркибига мустақил аъзо сифатида киритилди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Давлат бошқарувини модернизациялаш ва электрон ҳукумат масалалари бўйича мутахассис, Smartgov.consulting компанияси ижрочи директори Азиза Умарова 14 ноябр куни «Uzbekistan Airports» АЖнинг кузатув кенгаши аъзолари таркибига мустақил аъзо сифатида киритилди. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида маълумот берилган.

«Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти бошқарув органининг навбатдан ташқари йиғилишида иккита асосий тайинлов масаласи кўриб чиқилган. Унга мувофиқ, Азиза Умарова кузатув кенгаши аъзолари таркибига мустақил аъзо сифатида, шунингдек, Улуғбек Бектошевни бошқарув раисининг тижорат ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинлаш масаласида бошқарув органи аъзолари овоз беришган. Натижага кўра, ҳар икки номзод лавозимга тасдиқланган.

Қонунга мувофиқ, республика фонд биржаси котировкасига аъзо бўлган акционерлик жамиятларининг ўз назорат кенгаши таркибида камида бир нафар «мустақил аъзо»нинг бўлиши шарт.

Қуйидаги шахс кузатув кенгашининг мустақил аъзоси деб эътироф этилади:

  • сўнгги уч йил мобайнида жамиятда ва (ёки) унинг аффилланган шахсларида ишламаган шахс;
  • жамиятнинг акциядори ва (ёки) унинг аффилланган шахсининг таъсисчиси (акциядори, иштирокчиси) бўлмаган шахс;
  • жамият ва (ёки) унинг аффилланган шахсининг йирик мижози ва (ёки) йирик етказиб берувчиси билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда бўлмаган шахс. Бунда қайси мижоз ва етказиб берувчи билан энг кам иш ҳақининг икки минг бараваридан кўп бўлган суммага тенг амалдаги шартнома мавжуд бўлса, ўшалар йирик мижоз ва йирик етказиб берувчи деб эътироф этилади;
  • жамият ва (ёки) унинг аффилланган шахслари билан бирор-бир келишувга эга бўлмаган шахс, бундан кузатув кенгаши аъзосининг вазифалари ва функциялари бажарилишини таъминлаш билан боғлиқ бўлган ҳоллар мустасно;
  • жамиятнинг бошқарув ва ички назорат органлари ва (ёки) унинг аффилланган шахслари аъзоси бўлган шахснинг ёки сўнгги уч йил ичида уларга аъзо бўлган шахснинг эри (хотини), ота-онаси (фарзандликка олувчиси), фарзанди (фарзандликка олинган боласи), туғишган ва ўгай акаси (укаси) ҳамда опаси (синглиси) бўлмаган шахс;
  • давлат бошқаруви органи ёки давлат корхонасининг ходими бўлмаган шахс.

Маълумот учун, Азиза Умарова Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Буюк Британиянинг Сент-Эндрюс университетида таҳсил олган. Давлат бошқарувида ислоҳотлар ва модернизация, электрон ҳукумат, гендер масалалари бўйича мутахассис. Ҳозирда Сингапурнинг «SmartGov» консалтинг компанияси ижрочи директори. У #Aziza Umar kundaligi телеграм каналида турли масалалар бўйича ўзининг фаол фуқаролик муносабатини билдириб боради.

Мавзуга оид