Ўзбекистон | 16:33 / 23.11.2020
15440
2 дақиқада ўқилади

Мансабдор шахсларнинг ноқонуний бойлик орттириши Жиноят кодексига киритилиши кутилмоқда

Ишлаб чиқилаётган «йўл харитаси»га кўра, халқаро ташкилотлардан олинаётган қарзлар сарфининг ошкоралигини таъминлаш учун очиқ маълумотлар базасини яратиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Фото: Коммерсантъ

21 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг 2-йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Аксилкоррупция агентлиги хабар қилди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда мансабдор шахс томонидан ноқонуний тарзда бойлик орттирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши кутилмоқда.

Бу – коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасига киритилган.

Бундан ташқари, лойиҳада қуйидагилар ҳам кўзда тутилмоқда:

  • халқаро ташкилотлар томонидан ажратилган қарзлар ва молиявий ёрдамлар сарфининг ошкоралигини таъминлаш учун очиқ маълумотлар базасини шакллантириш;
  • коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари рўйхатини тузиш;
  • хорижий давлат мансабдор шахсларига ва халқаро ташкилотларининг вакилларига пора берганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш;
  • коррупция ҳолатлари тўғрисида аноним хабар йўллаш ва уларни кўриб чиқиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Йиғилишда коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқишни тезлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шунингдек, марказлаштирилган манбалар ҳисобига амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини мажбурий равишда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартибини тезроқ жорий қилиш кераклиги қайд этилган.

Мавзуга оид