Жамият | 21:35 / 25.11.2020
11621
3 дақиқада ўқилади

Қандли диабет наслдан наслга ўтмайди – мутахассис

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг болалар эндокринологияси бўлими мудири, олий тоифали шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Шаҳноза Азимова билан интервьюда қандли диабет касаллигига оид долзарб саволларга жавоб олди.

— Қандли диабет хавфли эндокрин касалликлардан бири сифатида ёш болаларда, ҳаттоки чақалоқларда ҳам қандли диабет кўпайиб бораётганининг сабаби нимада? Унинг илк белгилари болаларда қандай намоён бўлади?

— Болалар ва ўсмирларда учрайдиган қандли диабетнинг 1-тури тезкор ташхис ва даволаш талаб қилади. Албатта, ўз пайтида ташхис қўйилса ва даво муолажалари тўғри олиб борилса, ота-оналар, ўсмирлар ва болаларга етарлича тушунтиришлар берилиб, назоратга олинса, касалликдан фориғ бўлиш мумкин. Лекин бунинг акси бўлса, хавфли эндокрин касаллик ҳисобланади.

Қандли диабет 1-тур касаллиги охирги пайтларда кичик ёшдаги болаларда ташхисланмоқда ва бунинг асосий сабабларидан бири вирусли касалликлар туфайли иммун тизимидаги бошланғич ўзгаришлардир.

Албатта, ташқи муҳит, онанинг ҳомиладорлик пайтидаги ҳолатлари ҳам роль ўйнайди. Касалликнинг илк клиник белгилари болалар ҳолатидаги ўзгаришларни, яъни ҳолсизлик, чанқаш, озиш, тез-тез пешобга боришга шикоятларининг аниқ муддатини айта оладилар ва охири 10-15 кун ичида умумий ҳолатнинг кескин ёмонлашувидан шикоят қиладилар.

— Қандли диабетнинг 1-тури наслдан наслга ўтадими?

— Қандли диабетнинг 1-тури келиб чиқишида наслий берилувчанлик бўлиб, унинг асосида аутоиммун ўзгаришлар ётади. Бир оиладан 2-3 фарзандда, ота-бола ёки она-болада учраш ҳолатлари бор. Лекин бу оилада қандли диабет авлоддан авлодга 100 фоиз ўтади дегани эмас.

— Қандли диабетга чалинган болаларда унинг асоратлари қоладими?

— Касалликнинг 1-тури мутлақ инсулинга боғлиқ ўткир кечувчи ҳолат бўлса-да, шифокор тавсиялари асосида доимий назорат — гликемик назорат, инсулинотерапия, тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликка амал қилинса, касаллик асоратлари юзага келмайди ва ҳаёт сифати пасаймайди. Агар тавсияларга риоя қилинмаса, фарзандлар назоратсиз қолдирилса, эрта ва кечки асоратлар юзага чиқиши мумкин. Булар: жисмоний ва жинсий ривожланишнинг орқада қолиши, специфик асоратлар — буйрак, кўзларда, нерв тўқималаридаги асоратлардир.

Мавзуга оид