Ўзбекистон | 17:53 / 01.12.2020
8684
2 дақиқада ўқилади

Шайх Абдулазиз Мансурнинг «Коран. Краткий комментарий» китоби нашр этилди

Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг «Коран. Краткий комментарий» – Қуръони карим оятлари маъноларининг рус тилидаги таржимаси ёзилган китоби тақдим қилинди 

30 ноябр куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар бўлими билан ҳамкорликда таниқли олим шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг «Коран. Краткий комментарий» (Қуръони карим оятлари маъноларининг рус тилидаги таржимаси) китоби тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар берди.

«Тадбирда сўзга чиққанлар Қуръони каримнинг башарият учун беқиёс ва мукаммал манба экани, у дастуруламал сифатида инсонларни оила ва жамиятда поклик, ҳалоллик, тўғрилик ва самимият руҳида тарбиялаши, шу боис барча мусулмон халқлари уни ўз она тилида ўқишни хоҳлашини таъкидладилар, ўзбек олимининг Қуръони карим маъноларини рус тилига таржима қилиши мамлакатимиздаги бағрикенглик сиёсатига ҳамоҳанглиги, ушбу хайрли иш халқимизнинг русийзабон вакиллари, диний таълим муассасаларида таълим олаётган русийзабон талаба ва тадқиқотчилар учун айни муддао бўлгани алоҳида қайд этилди», – дейилади хабарда.

Айни пайтгача Қуръони Каримнинг маънолари хорижда ва Россияда рус тилига 16 маротаба таржима қилинган. 2018 йилда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб «Тафсири ҳилол» китоби ҳам рус тилида эълон қилинди.

Маълум қилинишича, шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари Қуръони каримнинг қисқа шарҳли арабча матнини тўғридан тўғри рус тилига таржима қилган. Унинг таҳририга филология фанлари доктори Гулхумор Тўйчиева, тарих фанлари доктори Аҳаджон Ҳасанов, профессор Убайдулла Уватовлар жалб қилинган.

Мавзуга оид