Умар Кремлев Халқаро ҳаваскорлик бокси федерациясига президент этиб сайланди
Россия Бокс федерацияси бош котиби Умар Кремлев Халқаро ҳаваскорлик бокси федерацияси (AIBA) президенти сайловларида ғалаба қозонди.
12 декабрда AIBA конгрессида президент сайловлари бўлиб ўтди ва унда 150дан кўпроқ давлат вакиллари иштирок этди. Делегатлардан 86 нафари Кремлев учун ўз овозини берган. Унинг энг яқин рақобатчиси голландиялик Борис ван дер Ворстга эса 57 делегат овоз берган.
Россия Бокс федерацияси матбуот хизмати Кремлевнинг ғалаба қозонганини тасдиқлаган.
Сайловлар онлайн шаклда ўтган. AIBA президенти лавозимига, шунингдек, Рами Ал-Масрий (Германия), Анас Ал-Утайба (БАА), Сулаймон Микаилов (Озарбойжон), Доминго Солано (Доминикана Республикаси) ва AIBA’нинг вақтинчалик раҳбари марокашлик Муҳаммад Мустасан даъвогарлик қилганди.
“Барча миллий федерацияларга менга билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Бугун бокс ҳамжамияти қилган танлов AIBA’ни эртаданоқ кутаётган глобал ислоҳотларга тайёрлигимизнинг исботи ҳисобланади. Аминманки, умумий саъй-ҳаракатлар билан қисқа вақт ичида AIBA’га аввалги нуфузини ва жаҳон спортини ривожлантиришга бефарқ бўлмаганларнинг ишончини қайтара оламиз”, деб айтган Кремлев.
Унинг таъкидлашича, биринчи навбатдаги вазифа AIBA қарзларини узиш ҳисобланади. “Мен президент лавозимига номзодимни қўймоқчилигимни эълон қилганимда ваъда берганимдек, биз илк 6 ой ичида қарзларни узамиз. Менинг фаолиятим икки йил ичида 50 млн доллар жалб қилишга қаратилади. Ушбу маблағлар AIBA’ни тиклаш ва ривожлантириш учун сарфланади”, деб қўшимча қилган у.
Мутахассис Париждаги 2024 йилги Олимпиадагача AIBA’нинг олимпия мақомини тиклашга умид билдирган. AIBA бу мақомдан 2019 йил июнда Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан маҳрум этилганди.
Кремлев Россия бокс федерациясига 2017 йил февралдан раҳбарлик қилиб келади. 2018 йил ноябрда у AIBA ижроия қўмитаси таркибига кирган биринчи россиялик бўлган. 2019 йил февралда эса Кремлев AIBA’нинг маркетинг бўйича комиссияси раҳбари этиб тайинланган ва Европа бокс конфедерациясига (EUBC) биринчи вице-президент этиб сайланган.
AIBA’нинг аввалги президенти, ўзбекистонлик Ғофур Раҳимов 2019 йил мартида ушбу лавозимдан истеъфога чиққанди. Бунга Раҳимовга жиноятчилик оламига алоқадорлик бўйича қўйилган кўплаб айбловлар туфайли ХОҚ боксни Олимпиада дастуридан чиқармоқчи бўлгани сабаб бўлган.
Мавзуга оид
10:55 / 24.07.2024
ХОҚ Умар Кремлев бошчилигидаги бокс федерациясини ташкилотдан четлатди
05:55 / 08.07.2021
Халқаро бокс куни нишонланиши июлдан августга кўчирилди
22:07 / 06.08.2019
AIBA раҳбари истеъфога чиқди – ОАВ
09:33 / 16.07.2019