Жамият | 17:18 / 17.12.2020
36578
4 дақиқада ўқилади

Бекободда она ўзи ва икки фарзандини сувга оқизмоқчи бўлди

Тошкент вилоятининг Бекобод туманида яшовчи 35 ёшли она ўзи ва икки ўғлини каналга ташламоқчи бўлди. Маълум бўлишича, бунга аёлнинг эрини рашк қилиши сабаб бўлган.

Воқеа 15 декабр куни Тошкент вилояти Бекобод тумани ва Сирдарё вилояти Ширин шаҳрини боғлаб турувчи кўприкда рўй берган.

Ширин шаҳар ҳокимлигидан маълум қилишларича, аёл ўз фарзандларини каналга ташламоқчи бўлган вақтда Ширин шаҳар Экология бўлими ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган.

Интернетда тарқалган видеодан кўринишича, аёл экология ходимларининг саволларига: «Афсусланаман туққанимга. Ўзимни ҳам ташламоқчи эдим, ҳаётдан қутулмоқчи эдим», – дея жавоб беради.

Аммо аёл видео интернетда тарқалган кун – 17 декабрда уйига борган мутасаддиларга «ҳеч қачон ўз болаларини сувга ташлаш нияти бўлмагани»ни айтган.

Эндиликда Васийлик ва ҳомийлик органи вакиллари болаларнинг келгуси тақдири бўйича қарор қабул қилиши кутилмоқда.

«Рашк устида»

Расмий ахборотларга кўра, видеодаги аёл А.Р. ва унинг фарзандлари Бекобод тумани «Туркман» МФЙда доимий яшаб келади.

Бекобод тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосари Ёқутхон Мўминова 17 декабр куни аёлнинг хонадонида бўлди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

«Дастлабки суҳбатлардан маълум бўлишича, аёл Сирдарё вилояти Ширин шаҳри ободонлаштириш бошқармасида ишловчи турмуш ўртоғи телефонига жавоб бермагани учун жаҳли чиққани, рашк устида ножўя гапларни гапирганини айтган.

Онанинг сўзларига қараганда, у ва болалари Тошкент вилояти Бекобод туманидан Сирдарё вилояти Ширин шаҳри «Фарҳод» МФЙга ўтадиган «Дўстлик» каналидан ўтиб бўлгач, Ширин шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ходимлари томонидан тўхтатилиб, видеога олинган.

[...] Аёл алам устида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ходимларига кескин гапиргани, аммо ҳеч қачон ўз фарзандларини сувга ташлаш нияти бўлмаганини, ўғлининг бош кийими эса бехосдан сувга тушиб кетганини айтмоқда.

Мазкур оила шу пайтгача тинч-тотув яшаб келган, оилада муқаддам нотинчлик кузатилмаган», – дея Ёқутхон Мўминованинг изоҳини тақдим этди Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

Ширин шаҳри ҳокимлиги ҳам воқеа юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижаси бўйича маълумот берди.

«Ўрганишлар натижасида, она ўз турмуш ўртоғи Э. Ш. бошқа бир аёл билан баъзи-баъзида телефон орқали сўзлашаётганини билиб, уни рашк қилади ва аччиқ устида, [...] ўз фарзандларини каналга ташламоқчи бўлган вақтида, Ширин шаҳар Экология ва атрофни муҳофаза қилиш бўлими ходимлари томонидан тўхтатиб қолинади ва каналнинг иккинчи қисми – Ширин шаҳар «Фарҳод» МФЙ ҳудудига олиб ўтилади.

Ширин шаҳар ИИБ ҳамда «Фарҳод» МФЙ ходимларининг суриштирувлари натижасида аниқланишича, 1985 йилда Тошкент вилояти Бекобод туманида туғилган аёл (она) А. Р ва унинг турмуш ўртоғи Э. Ш.лар ўртасида рашк туфайли ҳеч қандай оилавий можаролар ва жанжаллар бўлмаган»,дейилади Ширин шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.

«Кўприкнинг Бекобод тумани қисмидан туриб...»

Ширин ҳокимлиги ўз баёнотида воқеа Ширин шаҳрида бўлмаганига урғу берган ва шундай деб маълумот тарқатаётган блогерларга жавобгарлик борлигини эслатган.

Таъкидланишича, аёл болалари ва ўзини кўприкнинг «Бекобод тумани қисмидан» туриб сувга ташламоқчи бўлган.

«Мазкур воқеа Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳудудида ва ушбу туман фуқаролари иштирокида бўлганини инобатга олган ҳолда, ижтимоий тармоқларда бу воқеа «Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида бўлган» дея тарқатилган нотўғри хабарлар юзасидан ижтимоий тармоқлардаги фаол блогерлар ҳамда кузатувчилардан тасдиқланмаган, нотўғри ахборот тарқатмасликни ва бу бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик мавжуд эканлигини эслатиб ўтмоқчимиз», – дея қайд этган Ширин шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Мавзуга оид