Ўзбекистон | 14:39 / 18.12.2020
5851
3 дақиқада ўқилади

Мажлисда Конституцияга ўзгартириш киритиш масаласи кўриб чиқилмайди — Танзила Норбоева

Сенат раиси ялпи мажлис кун тартибида Конституцияга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала йўқлиги ҳақида маълум қилди.

Сенат раиси Танзила Норбоева ижтимоий тармоқларда Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи кўрилиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

«Бир блогеримиз савол берганки, Олий Мажлис Сенати ялпи мажлиси бошланди. Бугун «сирли» Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун кўриб чиқилиши режалаштирилган», дейилибди.

Нафақат бу блогеримиз, балки бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам ўқидимки, кун тартибида Конституцияга ўзгартириш киритиш [масаласи бор]. Бу ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Бизнинг кун тартибимизда Конституцияга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала киритилмаган.

Бу масала халқимиз билан албатта маслаҳат қилган ҳолда киритилади. Конституция бу жуда ҳам жиддий, бизнинг асосий қомусимиз. Бу иш халқ билан бемаслаҳат қилинмайди. Шунинг учун мен сизларни тинчлантирмоқчиман.

Сирли деган сўзга алоҳида урғу бермоқчиман. Ўзбекистонда ҳеч нарса сирли эмас. Ҳамма масала очиқ, ошкоралик билан қабул қилиняпти, кўриб чиқиляпти, халқ билан бамаслаҳат қилиняпти.

Мен нафақат қонунларни айтмоқчиман, балки қонуности ҳужжатлари ҳам. Ҳаттоки, президентимиз қабул қилаётган ҳар бир фармонлари, қарорларини ҳам имзо чекишдан олдин халқ билан маслаҳатлашиб, айниқса, ҳудудлар билан маслаҳатлашиб, депутатларимиз, жамоатчилик, экспертлар фикрини олгандан кейингина, ҳаттоки маҳалла раислари ёки селектор мажлисларида жамоатчилик вакилларининг фикр-мулоҳазаларини сўрагандан кейингина имзо чекяптилар. Буни ҳаммангиз кўриб турибсиз. Айниқса 2020 йилда бу амалиёт Ўзбекистонда жуда ҳам кенг тарқалди. Шунинг учун ҳеч қайси ҳужжат сирли қабул қилинмайди», деди Танзила Норбоева.

Эслатиб ўтамиз, 11 декабрь куни Олий Мажлис Сенати кенгашининг мажлиси бўлиб ўтган ва унда ялпи мажлис кун тартибига киритиладиган қонунлар рўйхати тасдиқланганди.

Сенат ахборот хизмати тарқатган хабардаги рўйхатда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонуни ҳам бор эди.

Шундай бўлса-да, кенг жамоатчиликка Конституцияга қандай ўзгариш киритилиши ҳақида ҳеч бир маълумот берилмаганди. Кўп ўтмай, депутат Расул Кушербаев бу ўзгаришлар суд тизимида кутилаётган ташкилий-тузилмавий янгиликлар билан боғлиқ эканини маълум қилганди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистонда чиқаётган янги қонунларнинг тўлиқ матнини у президент томонидан имзоланганидан кейингина эълон қилиш амалиёти сақланиб қолмоқда. Яъни янги қонунларнинг тўлиқ матни аксар ҳолларда улар Қонунчилик палатасида қабул қилинганидан кейин ҳам, Сенат маъқуллаганидан кейин ҳам эълон қилинмайди.

Мавзуга оид