Ўзбекистон | 14:04 / 19.12.2020
7676
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ёлғон ахборот тарқатганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда

Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгилаш тўғрисида янги моддалар киритилди. Бу ҳақда Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида ахборот берилди.

Фото: Getty Images

Мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун муҳокама қилинди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ҳужжатга кўра, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган, жамоат тартиби ёки хавфсизлиги учун таҳдидга эга бўлган ёлғон ахборотни тарқатиш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки интернет тармоқларига жойлаштириш орқали тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Шу билан бирга, қонунда ахборот эгаларининг сўз масъулияти ва унинг оқибатлари бўйича жавобгарликни ҳис қилиши, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари кафолатланиши ҳам тегишлича белгилаб қўйилган.

Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуд Парпиев мазкур қонунни ишлаб чиқишда 30дан ортиқ мамлакат қонунчилигидаги тажрибалар ўрганилганини айтиб ўтди.

«Хусусан, Ҳамдўстлик ва Европа мамлакатлари қонунчилигида ОАВ ёки интернет тармоғи орқали туҳмат, ҳақорат шунингдек, шахсни камситиш, унга нисбатан оммани чалғитувчи ахборот тарқатганлик учун ҳуқуқни чеклаш билан боғлиқ турлича жиноий жазолар ва юқори жарималар белгиланган.

Масалан, Францияда бундай қилмишлар учун 569 минг евро жарима ёки 5 йилгача қамоқ жазоси, Россия Федерациясида 500 мингдан 5 млн рублгача жарима ёки 160 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари белгиланган.

Шунингдек, Германияда бундай ҳаракатлар учун 3 ойдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси ўрнатилган бўлиб, бўҳтон ёки ёлғон ахборот тарқатиш ватанга хиёнат даражасида баҳоланган.

Ҳатто ОАВ соҳасида устувор эркинлик амал қиладиган Норвегия қонунчилигида ҳам туҳмат, ҳақорат ва ёлғон ахборот учун тегишли жарима ҳамда 1 йилгача қамоқ жазоси мавжуд. Бу ҳақида Норвегия конституциясида мустаҳкамлаб, ёзиб қўйилган экан.

Ўз ўрнида кўпчиликни қизиқтирадиган АҚШнинг 19та штатида қатъий жиноий жавобгарлик амал қилади. Яъни, ОАВда туҳмат, ҳақорат, шунингдек жамоавий айблаш учун суд тартибида 10 мингдан то 250 минг долларгача жарима ёки 6 ойдан 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Италияда эса туҳмат ёки уйдирма, оммани чалғитувчи ахборот тарқатган ОАВ ёки интернет манбасидан ташқари, бундай ахборотни кўчириб босган ёки тарқатган барча шахслар тенг жавобгарликка тортилади. Уларга 500 дан 2000 еврогача жарима ёки 6 ойдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Кўриб турганимиздек, бундай қайд қилинган ҳаракатлар учун халқаро ҳамжамият тегишли жазо ва таъсир чораларини белгилаш амалиётини кенг қўлламоқда», деди Маҳмуд Парпиев. 

Мавзуга оид