Ўзбекистон | 16:19 / 19.12.2020
41088
7 дақиқада ўқилади

Самарасиз профилактика ёхуд гидроксихлорохинда қандай сир бор?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги дунё бўйича даволашдаги самараси исботини топмаган, профилактика бўйича эса бирор тадқиқот якунига етмаган гидроксихлорохин препаратини яна катта ҳажмда сотиб олди. Нафақат сотиб олди, балки мажбурий тартибда талабалар ва ОТМ ўқитувчилари учун сотмоқда.

Фото: Anadolu

Гидроксихлорохиннинг Ўзбекистонга кириб келиш қадамлари жуда шиддатли бўлди. Айни шу препаратнинг савдодаги номи ҳисобланган «Плаквенил» дори воситаси катта ҳажмда харид қилинди, бепул дорилар рўйхати ва коронавирусга қарши даволаш протоколига киритилди.

Аммо тез орада рўйхатдан чиқарилди. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор эди. Чунки дунёнинг энг етакчи тадқиқот институтлари хулосаларига кўра ЖССТ бу препаратнинг самарасиз эканлигини эълон қилган, бу тавсияга кўра аксарият давлатлар коронавирусга қарши курашда гидроксихлорохиндан воз кечганди.

Гидроксихлорохин дори воситаси тарихига назар ташланса, у мутлақо коронавируслар оиласига қарши мўлжалланмаганига гувоҳ бўламиз. Бу препарат узоқ вақт безгакни даволашда қўлланган. Шунда ҳам турли ҳудудларда турлича самарага эришилган. Ўзбекистон эса аллақачон безгакдан бутунлай холи ҳудудлар сафига кирган.

Коронавирусга қарши маълум вақт қўлланганини ҳам тушуниш мумкин – пандемия шу қадар шиддат билан авж олдики, олимларда дори воситалари бўйича аниқ ва якуний хулосага келиш учун вақт йўқ эди. Яъни шу йўналишда қандай препарат бўлса бирма-бир синаб кўрилаверди. Маълумки, бир дори воситасининг қайсидир касалликни бартараф қилишдаги таъсири тўлиқ ўрганилиши учун ҳаттоки ўн йиллаб вақт сарфланади. Коронавирусда эса энг минимал муддатнинг ўзи бўлмади ва гидроксихлорохин қайсидир босқичда умид бағишлагани рост.

Гидроксихлорохин асосидаги плаквенил препарати дунё бўйича баҳслар давом этаётган бир пайтда Ўзбекистонда катта ҳажмда харид қилингани ўша пайтнинг ўзидаёқ баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди.

Бу дори воситаси ҳақида сўз юритган Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Анвар Алимов гидроксихлорохин мавзуси – сиёсий масала эканлигини, штабнинг яна бир аъзоси Ҳабибулло Оқилов эса Ўзбекистон «Плаквенил» масаласида ЖССТ тавсиясига эмас, ўз тажрибасига асосланаётганини таъкидлаганди. Бу препаратнинг самарасизлигини таъкидловчилар бирор беморнинг пульсини ушлаб кўрмагани иддао қилинганди.

Мазкур препарат бўйича энг шов-шувли ҳолат Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Тиббий стандарт ва протоколларни ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Клара Ёдгорова гидроксихлорохиннинг самарасиз экани ҳақида фикр билдиргани учун таҳдидга учраганини маълум қилгани бўлганди. Ушбу мутахассис бу препарат харидидан манфаатдорлар борлигига ишора қилганди.

Бугунги кунга келиб Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши бир қадар жиловланди, бу йўналишдаги аксарият шифохоналар ёпилди. Ана шундай кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг гидроксихлорохин препаратини яна қайта харид қилаётгани, янада қизиқроғи бу сафар етказувчи сифат жиҳатдан етакчилиги шубҳа остида бўлган ҳинд компанияси эканлиги очиқ ҳавода чақмоқдек янгради.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 27 ноябрдаги тўғридан тўғри давлат харидлари доирасида «Dori-darmon» акционерлик компаниясидан 15,3 млрд сўмлик дори воситаларини харид қилгани жамоатчиликка орадан 20 кун ўтиб маълум бўлди.

Бу шартномага кўра ССВ қуйидаги препаратларни харид қилган:

  • 4,8 млрд сўмлик 100 минг қути «Азитромицин» (бир қутиси — 48,5 минг сўм);
  • 3,9 млрд сўмлик Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Оксивин» препарати (таркиби ушбу мақола мавзуси бўлган гидроксихлорохин);
  • 646,5 млн сўмлик 500 минг қути «Парацетамол»;
  • 2,5 млрд сўмлик 166,6 минг қути аскорбин кислотаси (C витамини) (15,5 минг сўм);
  • 2,8 млрд сўмлик бўлган 40 минг қути «OmiZinc» (рух препарати, 71,9 минг сўм) ва ҳоказо.

Бу ерда ҳозирча бир савол очиқ қолади – талабалар ва ўқитувчиларга ОТМларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тарқатилиши режалаштирилган гидроксихлорохин ичида ўша олдинги харид доирасидаги плаквенил қолдиқлари ҳам борми ёки тўлиғича ва айнан янги режалаштирилган профилактика мақсадида «Оксивин» препарати (бу ҳам ўша гидроксихлорохин) харид қилинмоқдами?

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов томонидан имзоланган, талабалар ва ОТМ ходимларини пандемия даврида коронавирус инфекциясидан ҳимоялашга оид қўшма қарорга бош вазир Абдулла Арипов раислигида 12 ноябр куни бўлиб ўтган республика махсус комиссияси йиғилишидаги вазифаларни бажариш асос қилиб олинган. Лекин нега айнан бу препаратга қайтилгани ва унинг импортида ҳинд компанияси танлангани очиқланмаган.

Шу ўринда нима учун «Dori-darmon» АК ягона етказувчи сифатида танлангани ҳам кўп саволларни туғдиради. Албатта, бу борада ҳуқуқий асос бор – пандемия. Ҳолатни чуқур ўрганган Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам бу ерда қонунга зид ҳолат топилмади, дея «аравани қуруқ олиб қочди». Боиси улар масалага ўзининг ваколати доирасидаги нуқтадан туриб эмас, аксинча вазиятдан чиқишнинг осон йўлини танлаб қўя қолишди.

«Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддаси талаблари бузилганми ёки йўқми деган саволдан, айни шу «томорқа»нинг эгаси бўлгани ҳолда кўз юмдилар.  

«Dori-darmon» АКдаги давлат улуши 36,1 фоиз эканлиги маълум қилинган. Компаниянинг 2019 йил 28 июлда тасдиқланган уставига мувофиқ, унинг устав фонди 86 млрд 309 млн 600 минг сўмни ташкил қилади. У ҳар бир номинал қиймати 4300 сўм бўлган 20 млн 72 минг дона эгасининг номи ёзилган оддий ҳужжатсиз жойлаштирилган акциялардан иборат.

Яна бир қатор саволлар бор – бу дори воситаларининг ОТМлар ўз маблағлари ҳисобидан харид қилишлари лозим. Лекин барчага маълумки, бу маблағларнинг асосий манбаси талабалар тўлаган контракт пулларидир. Хўш, таълимга йўналтирилиши зарур бўлган бу пулларни тасарруф этишда талабалар фикри ўрганилганми? Энг қизиғи, дори берилган талаба ёки ўқитувчи уни қабул қилмай шунчаки ташлаб юбориши эҳтимоли катта. Шунда бу миллиардлар қаерга оқиб кетади?

Яна бир гап, бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар деярли қолмади, дея баёнот берди. Шундай экан, хусусиятига кўра фақат даволашда қўлланадиган, коронавирусга қарши таъсири деярли исботланмаган плаквенил учун солиқ тўловчиларнинг миллиардларини сарфлашга на ҳожат?! 

Сўзимиз якунида британиялик «темир хоним» Маргарет Тэтчернинг бир гапини эслаймиз: «Давлат (ёки бюджет)нинг ҳеч қандай пули йўқ – барчаси солиқ тўловчиларнинг пули».

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид