Ўзбекистон | 18:59 / 07.01.2021
30799
9 дақиқада ўқилади

Профессор Ғайрат Қориев: «Қариндошлар ўртасида никоҳга йўл қўйганлар жазоланиши керак»

Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Ғайрат Қориев шифокорлар учун айниқса мураккаб ўтган 2020 йил сўнгида «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» унвони билан тақдирланди.

Шифокор Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон тиббиёти, пандемия ва нейрохирургияга доир қатор масалалар юзасидан ўз фикрларини билдирди.

– Яқинда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» унвони билан мукофотландингиз. Отангиз Марат Қориев ҳам таниқли нейрохирурглардан бири бўлган. Касб танлашингизда унинг ҳиссаси катта эканини айтгансиз.

– Отам профессор Марат Қориев юртимизда нейрохирургия соҳасининг ривожланишига катта ҳисса қўшган, нейрохирургия мактабининг асосчиси сифатида танилган эди.

Шифокорлар оиласида, ёшлигимдан отамнинг шогирдларига даволаш усуллари бўйича берган маслаҳатларини эшитиб улғайдим, қизиқишим ошарди. Отам кўпинча вилоятларда мураккаб операциялар ўтказгани учун уйда кам бўларди. Баъзан дам олиш ёки таътил кунларида укам иккаламизни ўзи билан тез ёрдам машинасида олиб кетар эди. Бугунги кунда дунёнинг турли нуқталаридаги шогирдлари унинг ишини давом эттиришмоқда. Отамнинг вафотига 12 йил бўлди, лекин ҳамон ҳар бир ишимни унинг ўгитларига таяниб бажараман.

Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг қўлидан мукофотни оларканман, отам ҳақида, унинг ишини муносиб давом эттиришим ва Ўзбекистондаги нейрохирургик хизматни такомиллаштиришим кераклиги ҳақидаги яхши сўзларини эшитиб хурсанд бўлдим.

– Тиббиёт узлуксиз ўрганишни талаб қиладиган соҳа. Нейрохирургияда бугун қандай янги тадқиқотлар олиб борилмоқда?

– Нейрохирургия – бу жадал ривожланаётган соҳа. Технологик тараққиёт ва тиббиёт амалиётига замонавий диагностика ва терапевтик усуллар жорий этилиши нейрохирурглардан доимий равишда ўз устида ишлашни талаб қилади. У мунтазам ўқиши, касалликларни ташхислаш ва даволаш бўйича замонавий ёндашиши керак. Ҳозир вазият тубдан ўзгарган. Бугун дастурлаш асосидаги МРТ текширувлари кўп операцияларни оғриқларсиз амалга ошириш имконини беради.

Ўзбекистондаги тиббиёт ОТМларида нейрохирургия йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Ёш мутахассислар хорижнинг етакчи клиникаларида ўқиш имкониятига эга бўлмоқдалар. Илгари чет элда ўқиш учун моддий ёрдам йўқлиги сабабли ёш мутахассислар сони кам эди. Бироқ, 2017 йилдан бошлаб президент қарорлари туфайли давлат хорижда узоқ муддатли таълимни молиялаштириш учун пул тўлай бошлади. Бу жуда муҳим қадам.

– Ўзбекистонда мураккаб онкологик операцияларни ўтказиш учун имкониятлар қай даражада?

– Баъзида беморлар чет элда даволаниш учун қарз олишга, уй-жойини сотишга мажбур бўлишади. Сўнгги йилларда нейрохирургик касалликларни даволашда илгари мамлакатимизда мавжуд бўлмаган кўплаб операциялар амалиёти жорий этилди. Ҳозирда юртимизнинг деярли ҳар бир вилоятида мамлакатимизда ва хорижда ўқиб келган кучли мутахассислар бор.

Мавжуд диагностика ва даволаш ускуналарини модернизация қилиш режалаштирилмоқда, бу эса аҳолига ихтисослашган ёрдам кўрсатишни янада яхшилайди. Нейрохирургия маркази ва ҳудудий клиникаларда айрим турдаги ускуналар сотиб олинган ва улар амалиётда қўлланяпти.

– Пандемия даврида ишлаш қандай бўлди?

– Бу йил ҳамма учун қийин бўлди ва нейрохирургия соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Пандемия даврида фаолият анча чекланди. Марказдаги 150 ўриннинг атиги 25 таси ишлади, ходимларимиз таътилга чиқишга ёки тақсимлаш марказларида ишлашга мажбур бўлишди. Биргина бизнинг марказимиздаги 352 нафар ходимдан 127 нафари шундай касалхоналарда ишлашди. Беморлар учун ҳам синов бўлди бу давр. 7 нафар беморимизда коронавирус инфекцияси аниқланиб, улардан 5 нафари кейинчалик коронавирусга чалинган беморларни даволовчи касалхоналарда вафот этди. Марказ ходимларининг аксарияти бу инфекцияни юқтиришди ва хайриятки, ҳаммаси тузалиб кетишди.

Бу йил ўтказилиши керак бўлган бош мия абсцесслари операциялари коронавирус инфекцияси сабаб кечикди. Шунингдек, каверноз синуси тромбозидан ёрдам сўраб кўплаб мурожаатлар бор эди. Бу касаллик жарроҳликсиз узоқ муддатли даволашни талаб этади. Айрим хусусий клиникалар буни жарроҳлик йўли билан даволашларини айтишмоқда, лекин бунга ишонишни тавсия этмайман. Дунёнинг бирон бир давлатида бу касални жарроҳлик билан даволаш қўлланилмайди.

– Нейрохирургик касалликлардан азият чекаётганлар орасида болалар сони кўп. Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган осонроқ. Бундай касалликларга чалинмаслик учун ота-оналар нималарга эътибор беришлари лозим?

– Афсуски, бундай касалликлар болалар ўртасида сезиларли даражада учрайди. Дунё миқёсида солиштирганда бизда бу кўрсаткич нисбатан кам, аммо борлиги ачинарли.

Қариндошлар ўртасидаги никоҳлар болаларда бу каби касалликларнинг кўпайишига сабаб бўляпти. Ушбу нуқсонларни даволаш учун давлат катта миқдордаги маблағ сарфламоқда, аммо бунинг келиб чиқишини бартараф этмасак ҳаммаси бефойда.

Мени тўғри тушунишларини хоҳлайман, қариндошлар никоҳидан туғилган болаларда шундай касаллик аниқланса, даволаш харажатларини никоҳни ташкиллаштирган ота-оналар мажбурий равишда тўлашлари, шунингдек, ушбу никоҳни рўйхатдан ўтказган шахслар ҳам жавобгарликка тортилиши шарт.

Эҳтимол, шундагина бундай касалга чалинган болалар сони камаяди.

Охирги пайтда касалликлар «ёшармоқда». Сабаби оддий – бола компьютерда соатлаб ўтиради, асаб тизимини чарчатади, кўриш қобилияти бузилади ва энг муҳими, соғлом турмуш тарзи йўқолади.

– Пандемия кўп нарсани таҳлил қилишга имконият яратди, айниқса тиббиёт соҳасида. Ўзингиз фаолият юритаётган тизимда нималарнидир ўзгартириш керак деган фикр бўлдими?

– Бу йил пандемия бизни дунёга янгича қарашга ўргатди. Пандемияда аввало назоратни кучайтириш, ҳамма ўзини филтрлаши, касалликка гумонланувчи беморларни изоляторда сақлаш лозим.

Иккинчидан, тиббий муассасани алоҳидалаш. Яъни муассасадагиларнинг ташқаридагилар билан мулоқотини чеклаш.

Учинчидан, ишлаб чиқаришни рақамлаштириш, онлайн консультацияларни кўпайтириш ва ҳудудлараро клиникалар мулоқотини кенгайтириш лозим.

Мен яна бир нарсага эътибор қаратмоқчиман. Меҳнат кодексига биноан, йилига 3 ойгача ҳақ тўланмайдиган таътилга рухсат берилади. Пандемия натижасида болалар боғчалари ва мактаблари ишламай қолди, айрим ходимлар 3 ойдан кейин ишдан чиқишга мажбур бўлдилар. Ушбу моддани пандемия вақтида тўхтатиб туриш тўғрисида биз тиббиёт ходимларининг касаба уюшма қўмитасига ва Меҳнат вазирлигига ёзма равишда мурожаат қилдик, аммо жавоб бўлмади. Айни пайтда ҳам пандемия тугамаганини ҳисобга олсак, бу масалага эътибор қаратилса яхши бўларди.

– Инсон мияси уни бошқарувчи мураккаб тузилма. Сиз эса шу мия фаолиятини бевосита ўрганган мутахассиссиз. Инсон миясини қандай таърифлаган бўлардингиз?

– Мия ноёб аъзо. Инсоният мия анатомиясини 100 фоиз ўрганган, аммо унинг функционал қирралари ҳали тўлиқ очилмаган. Одамда 100 миллиардга яқин нейронлар мавжуд, аммо унинг 10 фоизигина ишлайди, қолганлари эса ҳаракатсиз ҳолатда ва фақат маълум шароитларда уларни «ёқиш» имкони бор. Бирон бир жароҳат ёки стрессдан сўнг, одам илгари ўрганмаган бир нечта чет тилларини мукаммал гапириши ёки фавқулодда етти хонали сонларни калкульяторсиз ҳисоблай олиши мумкин. Бундай мисоллар кўп.

Миянинг яна бир қобилияти – функционал тикланиш. Баъзида шикастланиш ёки касаллик оқибатида одамда айрим хусусиятлар йўқолиши мумкин. Вақт ўтиши билан бу хусусият миянинг бошқа қисмида тикланиши эҳтимоли бор. Фаолиятимда бунга гувоҳ бўлганман. Айниқса, болалар ва ўспиринларда бунинг эҳтимоли катта, чунки уларда мия ўсадиган ҳолатда бўлади.

Нейрохирург мўлжалда адашмаслиги керак, чунки битта нотўғри ҳаракат ёки 1–2 мм четга бурилиш беморни тўшакка михлаши ёки ўлимига сабаб бўлиши мумкин. Мияни операция қилишда нейрохирург анатомия ва неврологияни яхши билиши, қўллари ҳаракатчан бўлиши керак.

Операциядан сўнг беморининг аҳволи яхшиланганини кўриш – нейрохирург учун энг катта бахт.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.

Мавзуга оид