Спорт | 16:14 / 16.01.2021
16693
3 дақиқада ўқилади

«Ушбу муаммоли вазиятга бефарқ қараб турмаймиз». Спорт вазирлиги шахмат федерацияси билан боғлиқ можароли ҳолат бўйича баёнот берди

Фото: AP

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамда истеъдодли шахматчилар ўртасида юзага келган муаммоли вазият юзасидан расмий баёнот берди.

Сўнгги вақтларда ўзбекистонлик иқтидорли шахматчилар билан шахмат федерацияси ўртасида юзага келаётган муаммоли ҳолат юзасидан қатор хабарлар эълон қилинди.

Гроссмейстер Гулрухбегим Тоҳиржонова 2020 йилдан бошлаб халқаро мусобақаларда АҚШ номидан иштирок этишга қарор қилгани, ўз навбатида, дунёнинг энг ёш гроссмейстерларидан бири, турли ёш тоифаларида 6 карра жаҳон чемпиони Жавоҳир Синдоровнинг Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан шахматчиларга нисбатан муносабат ижобий томонга ўзгармаса, ўз федерациясини алмаштириши мумкинлиги ҳақида берган интервьюси жуда кўплаб фуқароларнинг диққат-маркази ва эътирозларига сабаб бўлди.

“Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи саналади. Шу сабабли Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамда мамлакатимизнинг энг иқтидорли шахматчилари ўртасида юзага келаётган ушбу муаммоли вазиятга бефарқ қараб турмаймиз.

Шу мақсадда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти мавжуд вазиятни холисона ўрганиш ва муаммога адолатли ечим топиш мақсадида Г.Тоҳиржонованинг отаси Алишер Мўминов билан учрашди. Унда Гулрухбегимнинг бундай қарор қабул қилишига нима сабаб бўлганлиги, истеъдодли шахматчи Ўзбекистон терма жамоасига қайтарилиши, халқаро майдонларда жонажон ватанимиз байроғини ҳимоя қилишга тайёрлиги каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек, ёш ва умидли шахматчимиз Ж.Синдоровнинг бобоси Комил Синдоров ва яна бир қанча шахмат мутасаддилари билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг дарди тингланди. Шахматчиларнинг оиласи ва Ўзбекистон шахмат федерацияси билан ўзаро муносабатлари ўрганилди.

Таъкидлаш керак, Гулрухбегим Тоҳиржонова, Жавоҳир Синдоров каби умидли спортчи ёшлар ҳукуматимиз ва халқимизнинг доимий эътиборида”, - дейилади вазирлик баёнотида.

Аввалроқ, гроссмейстер Гулрухбегим Тоҳиржонова АҚШ номидан дона суриши, Нафиса Мўминова ва Ҳулкар Тоҳиржонова терма жамоадан чиқарилгани хабар берилганди.

Ўзбекистон шахмат федерацияси бу хабар ортидан билдирилган қатор танқидларга ўз муносабатини билдирди. Баёнотда ОАВда эълон қилинган мақолалар бир томонлама ёритилгани айтилган. Шунингдек, унда терма жамоадан чиқиб кетиш фикри спортчининг ўзига тегишли экани ва бунда бошқаларни айбдор қилиш мумкин эмаслиги таъкидланган.

Федерация муносабати шахматчиларда яна қатор эътирозларни уйғотди. Опа-сингилларнинг ўртанчаси Ҳулкар Тоҳиржонова Kun.uz билан суҳбатда федерация баёнотидаги фикрларга жавоб қайтарди.

Федерация Гулрухбегим Тоҳиржонованинг терма жамоа сафидан чиқарилишини унинг 2019 йилда АҚШга ўқишга кетгани билан изоҳлаганди. Опаси эса ўқишга кетиш спортчини терма жамоадан четлатиш учун сабаб бўлолмаслигини айтиб ўтди.

Мавзуга оид