Ўзбекистон | 23:43 / 24.01.2021
15464
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони компанияси Ўзбекистонда учта энергетика лойиҳаси ижросига киришди

ACWA Power компанияси Ўзбекистонда экологик тоза энергия ишлаб чиқарувчи учта станция қуради. Инвестиция лойиҳалари қиймати 2,5 млрд долларга тенг. Учта станциянинг умумий қуввати 2 500 МВт бўлади.

24 январ, якшанба куни Тошкентдаги «Ҳилтон» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони қироллиги ўртасида бир нечта келишувлар имзоланди ва режадаги лойиҳаларга расман старт берилди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда ACWA Power компанияси ўртасидаги ҳамкорлик туфайли 2020 йил март ойида имзоланган келишувлар ижроси доирасида Ўзбекистонда экологик тоза энергия ишлаб чиқаришни 2500 МВтга ошириш мўлжалланмоқда.

Хусусан, Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида 1500 МВт қувватли иссиқлик электр станцияси қурилиши бошланди.

Шу билан бирга, иккита ЭСК ҳамда Бухоро ва Навоий вилоятларида шамол электр станциялари ташкил этиш бўйича инвестициявий келишув имзоланди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Энергетика вазири Алишер Султонов бу келишувларнинг аҳамияти жуда катта эканини таъкидлади.

Алишер Султонов

«Ўзбекистонда экологик тоза энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш маълум вақт давомида ишланмалар ва инвестициялар соҳасидаги кўплаб мақсадларга эришишни кўзда тутади. Режаларимизнинг самарали амалга оширилиши Ўзбекистонга катта миқдордаги инвестицияларни жалб қилиш ва мамлакатимиз энергетик мақомини ошириш имконини беради», – деди вазир журналистлар билан суҳбатда.

Мавзуга оид