Ўзбекистон | 20:25 / 26.01.2021
31793
4 дақиқада ўқилади

«Маҳаллабай» ишлаш бўйича янги тизим ташкил этилади

Маҳалла раислари ва шу тизимда ишлайдиган барча ходимлар Давлат бошқаруви академиясида ўқитилади. Бунинг учун махсус дастур ва қўлланмалар ишлаб чиқилади.

26 январь куни президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти камида 5 фоиз ўсиши мақсад қилинган. Бироқ глобал иқтисодиётдаги ноаниқлик узоқ давом этиши мумкинлиги иқтисодий ўсишнинг қўшимча захираларини топиш ва сафарбар қилишни талаб этмоқда, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шу боис президент барча даражадаги раҳбарларга ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги ҳолатни ўрганиш, «ўсиш нуқталари»ни аниқлаб, уларни ривожлантириш вазифасини қўймоқда.

Йиғилишда шу борадаги чора-тадбирлар ва уларни амалга ошириш механизми муҳокама қилинди.

Иқтисодий комплекс вакилларини маҳаллага тушириб, вертикал тизимни, барча органлар фаолиятини ўзаро мувофиқ йўлга қўйиш кераклиги таъкидланди.

Давлат раҳбари бу тизимга жалб қилинадиган мутахассисларнинг билим ва имконияти масаласига алоҳида эътибор қаратди. 20 мингдан ортиқ ходимни ўқитиб, уларга масалани жойида ҳал этиш бўйича барча ваколатларни бериш муҳимлиги қайд этилди.

Давлат бошқаруви академиясига маҳалла раислари ва мазкур тизимда иштирок этадиган барча ходимлар учун ўқувлар ташкил қилиш, бунинг учун махсус дастур ва қўлланмалар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Ҳар бир раҳбарнинг мазкур тизимдаги шахсий масъулияти ва жавобгарлигини белгилаш, барча жараёнларга кўмаклашувчи онлайн электрон платформа яратиш зарурлиги таъкидланди.

Президент камбағалликни қисқартириш масаласига яна бир бор тўхталиб, мутасаддиларга аҳолини тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги раҳбарлари 2021 йилда ҳар бир тармоқ ва ҳудуд кесимида иқтисодий ўсишнинг қўшимча манбалари тўғрисида ҳисобот берди.

Йиғилишда ушбу резервларни тўлиқ ишга солиб, қўшимча иқтисодий ўсишга эришиш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш чоралари кўриб чиқилди.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг етарли бўлишини таъминлаш, нарх ошишига таъсир кўрсатадиган омилларнинг олдини олиш масалаларига яна бир бор тўхталиб ўтилди.

Саноатда ҳам қўшимча резервлар аниқланган. Айниқса, асосий «драйвер» бўлган кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари, тўқимачилик, чарм-пойабзал соҳаларида «саноат занжирлари»ни узайтириш кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, йирик давлат корхоналарини трансформация қилиш, харажатларни ва бошқарув тизимини оптималлаштириш бўйича вазифалар қўйилди.

Хизматлар соҳасида ҳам ишга солинмаган имкониятлар кўп. Шавкат Мирзиёев уларни тўлиқ сафарбар этиб, ҳудудларда сервис шохобчаларини кўпайтириш, янги замонавий хизмат турларини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. 2021–2023 йилларда хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурига ёшлар кенг жалб этилиши белгиланди.

Йиғилишда инвестиция лойиҳалари ижросига ҳам тўхталиб ўтилди. Жорий йилги Инвестиция дастури доирасида 1 752 та объект учун қарийб 18 триллион сўм бюджет маблағлари ажратилган. Бу маблағлардан оқилона фойдаланиш, лойиҳа ҳужжатларини пухта ишлаб чиқиш ва қурилишлар сифатини таъминлаш бўйича қатъий кўрсатмалар берилди.

Мутасаддилар иқтисодий комплекс таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг ўрта ва қуйи бўғинини маҳаллагача тушириб, аҳолига яқинлашган иш тизимини йўлга қўйиш режалари бўйича ахборот берди.

Мавзуга оид