Ўзбекистон | 14:04 / 30.01.2021
44462
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти прокурори ва ИИББ бошлиғи ҳам ишдан олиниши кутилмоқда

Тошкент вилояти прокурори Салом Самадов ҳамда Тошкент ИИББ бошлиғи, полковник Тоҳир Орипов лавозимидан озод этилиши кутилмоқда. Бу ҳақда бугун, 30 январ куни, Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг йиғилишида президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов маълум қилган.

Тоҳир Орипов ва Салом Самадов

«Охирги президент селекторида давлатимиз раҳбари битта вилоят ҳокими ва битта вазирни шу ҳафта ишдан оламан, деб айтгандилар. Куни кеча президентимизнинг навбатдаги фармонлари билан Дилмурод Набиев Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазири лавозимидан озод этилди. Нима учун вазирнинг ишдан олингани ҳақидаги фармонни ўқиб эшиттиряпман. Талаб нафақат қуйи давлат ҳокимияти органи раҳбарларига нисбатан, умуман, вазирлик ва идораларнинг раҳбарларига нисбатан ҳам бир хил ва қатъий.

Селекторда президентимизнинг битта гапларини ҳаммаларингиз яхши эшитдингиз: «Агар талабга жавоб бермаса, ҳар ҳафта биттадан вазирни ва биттадан ҳокимни вазифасидан озод қиламан. Ҳеч кимни аяш йўқ», дедилар. Шунинг учун бу ерда ўтирган ҳурматли сектор раҳбарларимиз ҳам, ҳурматли ҳокимлар ҳам, бошқа раҳбарлар ҳам шундан хулоса қилиши керак.

Тошкент вилоятида бугун яна иккита раҳбар – вилоят прокурори ҳамда вилоят ИИББ бошлиғи лавозимларидан озод этилади», дея раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тошкент вилояти прокурори ва вилоят ИИББ бошлиғи бир кунда – 2018 йилнинг 15 октябр куни лавозимга тайинланган эди.

Жумладан, Салом Исматович Самадов Ўзбекистон Республикаси бош прокурори ўринбосарилигидан вилоят прокурорига айланган бўлса, Тоҳир Тўлқинович Орипов Ички ишлар вазири ўринбосарлигидан вилоят ИИББ бошлиғи этиб тайинланган эди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Қобуловнинг Kun.uz'га маълум қилишича, ушбу икки мулозим Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдаги йиғилишигача ўз вазифаларини вақтинча бажариб туришади.

Аввалроқ Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ўз вазифасидан озод этилгани, унинг ўрнига Тошкент шаҳар ҳокимининг собиқ биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид