Ўзбекистон | 13:05 / 31.01.2021
52949
9 дақиқада ўқилади

«Ибодат учун жонини фидо қиларди» – Шуҳрат Қаюмов яқинлари хотирасида

2020 йилнинг 22 сентябр куни ўзбек халқининг каттаю кичигига бирдек қадрли бўлган санъаткор Шуҳрат Қаюмов оламдан ўтганди.

Шуҳрат Қаюмов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони соҳиби, олий тоифали сухандон. 51 йиллик умри давомида театр актёри, хонанда, диктор сифатида мазмунли фаолият олиб борди.

Шуҳрат Қаюмов қисқа бўлса-да, ибратли умр кечирди. У нафақат санъати, юракларга етиб борувчи овози билан, балки гўзал хулқи ва инсонийлиги билан ҳам яқинлари хотирасида, халқнинг қалбида абадий из қолдирди.

Оила аъзолари, елкама-елка фаолият кўрсатган сафдошлари уни илиқ хотиралар билан ёдга олишади.

Абдукарим Мирзаев, сухандон:

– Ўтган йили қишда Шуҳрат ака билан Истанбулда кўришгандик. Ўшанда шунча умр йўлини юриб келдингиз, хулосаларингиз қандай, деб сўрадим.

Менга қараб турган Шуҳрат ака машина ойнасидан ташқарига қаради. Балки ўйлади, балки тушунди. Балки лўндароқ жавоб беришни истади:

«Йўл жуда узун эди ва жуда кўп масъулиятим бор эди. Ишим берган масъулият, одамлар берган масъулият, оилам берган масъулият. Ва қирилган бир қалбим бор. Инсонлар йиллар давомида менинг қалбимни, кўнглимни қириб ўйнашди», деди. Қириб ўйнашни бир тасаввур қилиб кўринг. Темирни темир билан қирганда овоз чиққанда юрак чидамайдику, шуни таърифлашга уринди. «Жуда оғир эди. Лекин мен бутун вужудим, руҳиятим, бор-йўғим билан Аллоҳга ёпишиб олдим. Одамлардан келган ҳар қандай муаммолар, ғийбатлар, ёлғонлар, туҳматлардан Аллоҳ барибир кучлидир».

Шуҳрат ака 2006 йил биринчи марта Умрага бордилар. Шунда менга мушк-анбар совға қилгандилар. Ўшандан бери ҳар йили бордилар, фақат ўтган йили карантин сабабли бора олмай қолдилар. «Бормасам бўлмайди, бормасам, ўлиб қоламан», дердилар.

Бир куни менга Шуҳрат аканинг рақамидан қўнғироқ бўлди. Хурсанд бўлиб кўтардим. Лекин гапираётган одам бошқа. «Алло, Абдукарим», деяптилар. «Ким бу?» десам, «мен, Шуҳрат акангизман», дейдилар. Овозлари ўзгариб қолган экан. «Овозим кетиб қолди», дедилар. Кўнгилларини кўтарган бўлдим. Орадан кўп вақт ўтмай, «кўзим кўрмай қолди», деб телефон қилдилар. Борган сари аҳволлари ёмонлашиб бораверди. Кўнгилдаги қиришлар ўзининг кучини кўрсатган эди. «Мендан рози бўласиз», дедилар. «Нега унақа деяпсиз, унақа гапларни айтманг», десам ҳам, «эшитишим керак», деб охиригача туриб олдилар. Ўшандан 4-5 кун ўтиб вафот этдилар. Шуҳрат аканинг яқинлари орасида у рози-ризочилик сўрамаган ҳеч ким қолмади.

Дилдора Рустамова, сухандон:

– Шуҳрат ака билан 1997 йилда, телевидениега илк бор ишга келганимда кўришганмиз. Ўшанда қандай таассурот уйғотган бўлсалар, ҳаётларининг сўнгига қадар менда у кишига нисбатан бўлган ҳурмат ва меҳр тобора мустаҳкамланиб борди. Хокисор, меҳрибон, оқибатли, куюнчак инсон эдилар. Яхшиликларга нафақат ўзлари, балки ўзлари таниган-билган инсонлар ҳам эришишини истаб, куюнчаклик қилардилар.

Кўп яхши ишларини ўзларидан эмас, орқаваротдан эшитардик. Охирги пайтларда ёшларга илм ўргатиш борасида улкан ишларни амалга оширдилар. Шогирдларига нафақат нотиқлик, балки инсонийлик масалаларида ҳам таълим берардилар. Ўзларида бор билимнинг бошқаларда ҳам бўлишини истардилар.

Уларнинг фикрлари, маслаҳатлари доим ўринли бўларди. Баҳслашиш бефойда эди. Чунки неча марта ўйлаб, бир хулосага келиб, кейин ўша фикрни айтганларини англаш қийин эмасди.

Фаолиятларига чекловлар ҳам бўлди. Сиз «Ахборот» дастурини ўқийсиз, қўшиқ айтиш мумкин эмас, деган қаршиликлар бўлганда ҳам, ҳар иккисини баравар, бирини биридан кам қилмаган ҳолда олиб бордилар, иккисида ҳам ҳурматга сазовор бўлдилар.

Изланишдан тўхтамасдилар, доим китоб ўқирдилар. Ва атрофдагиларни ҳам шунга даъват қилардилар.

Файзуллоҳ Ҳамидуллаев, марҳумнинг фарзанди:

– Дадам тарбия масаласига жуда чиройли, кучли қарардилар. Лекин ҳеч қачон қаттиқ ёки қўпол гапирмаганлар. Нима бўлган тақдирда ҳам яхши гап билан тушунтирардилар. Ўғил бўлиб, шу пайтгача отамдан қаттиқ гап эшитмаган эканман. Нима гаплари бўлса, шундай тушунтирардиларки, ундан кўра, урса яхши эди, деб ўйлардингиз.

Дадамни йўқотганимдан ҳам кўра кўпроқ бу дунёдан шундай яхши инсон кетганига ачинаман. Дадамлар ҳақида ҳеч ёмон гап эшитмаганман. Танишми, ётми, ҳеч ўйламасдан, ҳаммага ёрдам берардилар. Жуда кечирувчан инсон эдилар, хафагарчиликни ўзларида сақламасдилар. Аллоҳ розилиги учун доим кечирганлар.

Ҳам дин бўйича, ҳам фандан барчамизнинг биринчи устозимиз бўлганлар. Бошимизни саждага қўйган, Қуръонни ўргатган инсон дадам эдилар. Ниятлари одамларга кўпроқ фойдалари тегиши эди. Фақатгина санъаткор эмас, яхши инсон деб эслашларини истардилар. Жуда кўп болалар яхши инсон, қори бўлиб етишишида у кишининг ҳиссалари бор. Лекин бу ҳақида ҳеч кимга айтмаганлар.

Ҳамидуллоҳ Қаюмов, марҳумнинг отаси:

– Болам ҳар кимнинг қалбига кириб борадиган инсон эди. Ёт бўлса ҳам, жигари бўлса ҳам жонини фидо қиладиган бўлиб ўсганди.

Фақат давлат ишига эмас, диний ишларга ҳам жонини фидо қилганди. Ҳукумат ишидаман демасди. Ибодат учун жонини фидо қиларди. Жон-у жигарларига, аҳли аёлига, фарзандларига ўта меҳрибон эди. Шундай фарзанд ўстирганимдан жуда фахрланаман. Қўлидан келганча ҳаммага мурувват қиларди, одамларнинг қўлтиғига қўтиқтаёқ бўларди. Шуҳратуллоҳ деб чақирсам, дарров олдимга келиб, «лаббай, дадажон» дерди доим.

Рустамжон Арзиев, Шуҳрат Қаюмовнинг администратори:

– Шуҳрат ака билан 1995 йилдан бери ҳамкорликда ишлаб келганмиз. Бир куни Сирдарёдан тўйга буюртма келди. Буюртмани олайми, десам, «ўша куни биродаримиз Азамат аканинг ҳам тўйлари бор-ку», дедилар. «Азамат ака ўзимизники-ку, тушунтирармиз», деб айтдим. «Майли, буюртмани олиб қолинг», дедилар. Буюртмани олиб қолдим. Кейин Азамат акага «Рустам шу кунга тўй олиб қўйибди. Биз сизга хизматга санъаткорларни чақириб берайлик», деб тушунтирдилар. Аммо у киши «Гап санъаткорда эмас, мен сизни ният қилганман. Олдимда туришингизни хоҳлаганман», деб туриб олдилар.

Шунда Шуҳрат ака «тўйни қайтармасак бўлмайди», деб тўй эгасига тушунтириш учун кеч бўлганда Сирдарёга отландилар. Ўзимни юборсалар ҳам бўларди, лекин «у одамлар ва сизнинг ўртангизда ишончсизлик бўлмасин», деб ўзлари йўлга чиқдилар. Кеч бўлганда Сирдарёга етиб бордик. Буюртма берган ўша одамни қидириб топиб, олдиндан берилган пулни қайтариб, узрларини сўраб, вазиятни ўзлари тушунтирдилар.

Ҳар доим ҳеч кимни норози қилмасликка, хафа қилмасликка ҳаракат қилардилар. Ҳеч қачон ёлғон гапирмасдилар.

Мансур Ҳасанов, матбуот котиби

– Бир куни машиналарида суҳбатлашиб турганимизда қўлимда ичимликдан бўшаган идиш бор эди. Машинанинг эшигини очиб, идишни кўчага ташлашим билан «Эшикни очинг-да, идишингизни машинанинг ичига ташлаб қўйинг. Бу менинг ватаним, она тупроғим. Мен шу ерда яшайман. Сиз ташлаган чиқиндини онамиз, отамиз тенги инсонлар тозалашади», деб чиройли муомала билан тушунтирганлар. Табиатга бўлган муҳаббатлари катта эди. Ҳовлиларида ҳам кичик жойда катта боғ ташкил қилганлар.

Соғлиги ёмонлашишидан аввалроқ миллий қўшиқлардан иборат «40 мумтоз тарона» номли альбом устида ишлаётгандилар. 30га яқинини студияда ёзгандилар. Соғликлари ёмонлашиб, овозларида ўзгаришлар пайдо бўлгач, тўхтаб қолди. Ишлари амалга ошмай қолди. Олий Маҳадда ҳам нотиқлик маданиятидан сабоқ берардилар. Мана шу фаолиятлари юзасидан илмий иш қилиш ниятлари ҳам бор эди.

Аммо вақтлари бўлмасди. Бу ҳам армон бўлиб қолди.

Саодат Абдураҳмонова, Kun.uz журналисти
Тасвирчи ва монтаж устаси – Асад Алланазаров

Мавзуга оид