Жамият | 18:58 / 05.02.2021
7498
1 дақиқада ўқилади

Чимбойда 2та мактабни таъмирлаш жараёнида 452,5 млн сўм ўзлаштирилгани аниқланди

Чимбой туманида 2та умумтаълим мактаб биноларини таъмирлашдаги 452,5 млн сўм миқдоридаги бюджет маблағлари талон-торож қилингани фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ахборот хизмати раҳбари Нурбек Халимов Kun.uz’га маълум қилди.

Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш департаментининг Чимбой тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда тумандаги умумий ўрта таълим мактаб биноларини жорий таъмирлашда амалда бажарилмаган қурилиш ишларини ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилиб, иш ҳажмини қўшиб ёзиш орқали 36-мактаб бўйича 290,9 млн сўм ва 44-мактаб бўйича 161,6 млн сўм бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилингани, туман халқ таълими бўлими томонидан эса ушбу жамиятлар ҳисоб рақамига пуллар тўлиқ ўтказиб берилгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми 209-моддаси 1-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда мактаб қурилиши учун давлат томонидан ажратилган 631 миллион сўм талон-торож қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Ўзбекистонда 2021–2023 йилларда 13 934 ўринли 31та янги мактаб қурилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид