Жамият | 18:53 / 11.02.2021
5719
2 дақиқада ўқилади

Сайловларга ташриф буюрувчи халқаро кузатувчиларнинг харажатларини қайси томон қоплаб бериши маълум қилинди

Ўзбекистондаги сайловларга ташриф буюрган халқаро кузатувчиларнинг харажатлари, агар шартномаларда назарда тутилган бўлса уларнинг ўзлари томонидан қопланади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси котибият раҳбари Худоёр Маматов АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг давлатларо, ҳукуматлараро шартномалари ва парламентлараро дўстлик комиссияларида белгиланган тартиблардан келиб чиқиб сайловларга ташриф буюрувчи халқаро кузатувчилар икки тоифага бўлинади:

  • хорижий давлатлардан келадиган, сайлов қонунчилигига қизиқадиган экспертлар, мутахассислар ёки хорижий давлатларнинг сайлов комиссияси аъзолари;
  • халқаро ташкилотларнинг кузатувчиси бўлган миссиялари.

«Биз сайлов компаниялари бошланганини эълон қилганимиздан кейин, улар Ташқи ишлар вазирлиги орқали бизга сайловларда қатнашиш истагини билдиришади. Ушбу мурожаатлар асосида Марказий сайлов комиссияси уларга таклифнома юборади.

Харажатларига келадиган бўлсак, агар шартномаларда кўзда тутилган бўлса, сайловларга ташриф буюрадиган халқаро ташкилотлар вакилларининг харажатлари уларнинг ўз ҳисобидан қопланади. Шунингдек, бошқа давлатлар сайлов комиссиялари вакилларининг харажатлари ўша давлатлар сайлов комиссиялари томонидан қопланиши мумкин.

Баъзан Ўзбекистон Республикаси сайлов соҳасидаги кўзга кўринган давлат арбоблари ва мутахассисларни таклиф қиладиган бўлса, уларнинг харажатининг бир қисми Марказий сайлов комиссиясига ажратилган маблағлар ҳисобидан ҳам қопланиши мумкин», дея Худоёр Маматовнинг сўзларини келтириб ўтмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид