Спорт | 22:02 / 25.02.2021
15371
8 дақиқада ўқилади

Сиёсат ва спорт. Панарин сиёсий ўйин қурбони бўляптими?

Россиялик машҳур ҳоккейчи Артемий Панарин катта можаро ичида қолиб кетди. Канада ва АҚШ жамоалари қатнашувчи Миллий ҳоккей лигасининг топ-юлдузларидан бўлган Панарин 10 йил аввал 18 ёшли қизни ургани учун бир муддат ҳоккейдан ташқарида қоладиган бўлди. Клуби «Нью-Йорк Рейнжерс» Панаринни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Dom Gagne / CSM / Shutterstock / Vida Press

Панарин қандай ҳоккейчи ўзи?

Аввало Артемий Панарин қандай спортчи экани ҳақида икки оғиз. 1991 йилда туғилган Панарин фаолиятини Челябинскнинг «Трактор» жамоасида бошлаган. «СКА»даги фаолиятидан кейин АҚШ жамоалари эътиборига тушган. 2015 йил «СКА» билан Гагарин кубогини ютгач, у Россияда қолмаслиги деярли аниқ эди. Ўша йили уни «Чикаго Блэкҳокс» ўз сафига қўшиб олади. Кейин икки йил «Коламбус Блу Жекетс»да ўйнайди. Икки жамоа сафида ҳам «Нью-Йорк Рейнжерс» дарвозасига шайба киритган Панарин 2019 йилда шу жамоага ўтади. У океанортидаги илк мавсумидаёқ энг яхши дебютант деб топилган.

Панарин айни дамда россияликлар орасида энг кўп маош (йилига 12 миллион доллар) оладиган ҳоккейчи ҳисобланади. У рус ҳоккейида аллақачон Овечкин ва Малкинлар қаторида тилга олинади.

Панарин Латвияда қиз болани ургани айтилмоқда

Хуллас, замонавий Россия ҳоккейининг энг кучли вакилларидан бири жуда хунук можарога аралашиб қолди. Гап шундаки, ўз вақтида унга «Витяз» жамоасида мураббийлик қилган Андрей Назаров 2011 йил бўлиб ўтган бир воқеани гапириб берди. Унинг айтишича, Панарин Ригада жамоаси билан бўлиб турган вақтда бир қизга ўзи билан бўлишни таклиф қилади. Рад жавобини олгач, маст бўлгани учун қизни уриб йиқитади. Мураббийнинг айтишича, воқеа 2011 йил 11 декабрида содир бўлган. Ўшанда «Витяз» маҳаллий клуб «Динамо»га 0:2 ҳисобида имкониятни бой берганди.

Назаровнинг айтишича, Панарин урган қиз 18 ёшда бўлган. Бу воқеадан кейин тезда полиция етиб борган ва мураббийнинг гувоҳлик беришича, Панарин ишни бости-бости қилиш учун 40 минг евро тўлаган. Шунингдек, ҳали кўпчилик танимайдиган Панарин учун Ригадаги «катта одамлар» полицияга алоқага чиққан.

Назаровнинг бу интервьюси изсиз бўлмади. «Рейнжерс» ҳолатга ойдинлик киритилгунга қадар Панарин жамоадан четда бўлишини маълум қилди, бутун ҳоккей олами шу ҳақда гапира бошлади. Бироқ бу интервьюда кўплаб ноаниқликлар бор. Биринчидан, суҳбатдош журналист Сергей Петров мавжуд одам эканига исбот йўқ. Бу исм-шариф билан «Комсомольская правда» нашрида одатда Кремлга хизмат қилувчи сиёсий материаллар эълон қилинади. Тахмин қилинишича, ҳеч бир муаллиф ўз исмини кўрсатишни истамайдиган буюртма материалларда шу исмдан фойдаланилган. Бу мавжуд бўлмаган Сергей Петров фақат бир марта, яъни Панариннинг устози билан суҳбатда, спорт ҳақида материал «ёзгани» гумонларни янада оширади.

Sports.ru'нинг ёзишича, спортдан кетиб бекорчи бўлиб қолган Назаров жуда кўп мавзуларда, ҳатто сиёсий мавзуларда ўз муносабатини билдиришда фавқулодда фаол бўлиб қолган. Sports.ru Латвиядаги Sportizinas сайти муаллифи Константин Федоровга бу воқеани билиш-билмаслиги борасида алоқага чиққан.

«Бундай катта воқеа Латвия ОАВи эътиборидан четда қолмаган бўларди. Ахир бу катта янгилик-ку, журналистлар бундай имкониятни қўлдан бой бермаган бўлишарди. Панарин учун Ригада 2011 йилда ким ҳам туриб берарди? Ахир уни кўпчилик танимасди ва кимдир туриб бера оладиган даражада машҳур ҳам эмасди. 40 минг евро ҳақидаги гап ҳам ғалати. Тўғри, бизда коррупция йўқ демоқчи эмасман, лекин бу ишни ёпиш учун 40 минг евро ҳаддан ташқари катта пул», дейди журналист.

Андрей Назаров интервью давомида айтган бошқа гаплар ҳам ишончли эмас. Масалан, Назаров жанжалнинг эртасига вақтли туриб Минскка учиб кетдик, деган. Бироқ «Витяз»нинг Минскдаги ўйини Ригадаги ўйиндан 9 кун ўтиб ўйналган. Одатда спортчилар ўйинлар орасидаги вақт узоқ бўлса, ўйин бўлиб ўтганидан кейинги куниёқ тонгда учишмайди.

Яна бир гап. Панарин ўша йилнинг 15 декабрида Россиянинг иккинчи миллий жамоаси сафида Францияга қарши ўйнаган. Бу жамоа мураббийларидан бири эса Андрей Назаров бўлган. Мураббий қанақасига кўз олдида маст ҳолатда қиз болани урган ҳоккейчини жамоага чақириши мумкин эди?

Панаринни нега «талашмоқда»?

Emilee Chinn / Getty Images / AFP / Scanpix / LETA

Панарин россиялик ҳоккейчилар орасида кам сонли мухолифча фикрловчилардан. Ахир Владимир Путин ҳоккейни яхши кўргани учун ҳоккейчилар «унинг жамоасидан экани» айтилади. Панарин эса қўрқмасдан ҳукуматни ҳам, Путинни ҳам танқид қилади. У 2019 йил Sports.ru нашрига берган интервьюсида Путин ҳақида шундай деганди: «Менимча, Путин аллақачон қайси иши тўғри, қайси иши нотўғри эканини тушунмайди. У вазиятни тўғри баҳолашига ҳам ишониш қийин, ахир 20 йилдан буён сенга тинимсиз қанчалик ақлли эканингни, қанчалик зўр ишлаётганингни айтиб туришса, сен қанақасига хатоларингни кўра оласан?».

Андрей Назаров эса Панаринни сиёсий қарашлари сабаб кўп марта танқид қилган. «Ватан сен танқид қилаётганларсиз бизники бўлмас эди», деганди бир сафар Назаров Панариннинг гапларига муносабат билдирар экан.

Панарин бугунги кунда дуч келаётган сиёсий босимнинг сабаби эса 2021 йил 21 январ куни Инстаграмда қолдирган пост бўлди. Ўшанда қамоққа олинган мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийнинг оилавий суратини ўз саҳифасига жойлаган Панарин «Навальний озодликка чиқарилсин» деб ёзганди.

Панариннинг постини кўплаб ҳоккейчилар ва спортчилар қўллаб-қуввватлашди. Унинг ўзи россияликлар орасида олқишланди. Ўшанда кўпчилик Панаринни бу иши учун жазо кутаётганини тахмин қилганди. 18 ёшли қизни ургани ҳақида уйдирма экани айтилаётган воқеа юзага чиққан, рус сайтлари бу қасос бўлгани ҳақида ёза бошлашди. МХЛда бу уюштирилган воқеа эканини, Панарин сиёсий қарашлари учун шундай босим остида қолаётганини айтишмоқда.

Гувоҳ нима дейди?

Андрей Назаров шогирди қиз болани ургани ҳақида гапирган бўлса-да, ҳали бунинг исботи келтирилмади. Мураббий воқеани камида 30 киши кўрганини айтган. Ўша куни Панарин билан барда ўтирган жамоадоши Михаил Анисин «Спорт-Экспресс»га интервью бериб, Артемий ҳеч кимни урмаганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, чиндан ҳам бир қиз билан келишмовчилик бўлган, лекин бу оғзаки жанжалдан нарига ўтмаган. «Ёнимизда яна бир гуруҳ одамлар рақсга тушаётганди. Аниқ эслолмаяпман, ёки уларни бирга рақсга тушишга таклиф қилдик ё бўлмаса улардан кимдир бизга қўполлик қилди. Қизлар оёқда туролмайдиган даражада маст эди. Тёма ошиб борса, ҳалиги қизларни туртиб юборган бўлиши мумкин, лекин аниқ ургани йўқ. Тасаввур қиляпсизми бунақа ҳолат учун чет давлатда қандай муаммо пайдо бўлиши мумкин эди?», дейди Анисин.

Унинг айтишича, спортчилар ухлагани кириб кетгач, чиндан полиция келиб нималарнидир суриштирган. Кейин «Витяз» уйга қайтгач, клуб ижрочи менежери Алексей Жамнов Панарин билан тарбиявий ишлар ўтказиб, уни жаримага тортган.

Панарин жамоасининг ўша воқеадан олдинги рақиби бўлган Риганинг «Динамо» клуби директорлар кенгаши аъзоси Юрис Савицкис бундай воқеадан хабари йўқлигини айтди. Журналистлар бу жанжал бўлгани айтилган меҳмонхонага ҳам алоқага чиқишди. У ерда ишлайдиганлар қандайдир жанжал бўлганини қайд этилмаганини айтишган. Рига полицияси эса ҳолат бўйича сўровга ҳозирча жавоб бермаган.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Мавзуга оид