Вазирликлар ва ҳокимликларнинг энг яхши матбуот котиблари аниқланди
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Адлия вазирлиги томонидан 3187-рақам билан рўйхатдан ўтказилган мезонлар асосида республика даражасидаги 146та ташкилот ва идоралар ҳамда 206та туман ва шаҳар ҳокимликлари матбуот котибларининг 2020 йилнинг II ярим йиллигидаги фаолияти самарадорлигини ўрганди.
Ўрганиш давомида ахборот хизмати раҳбари фаолияти унинг:
- иш ҳажми (матбуот тадбирлари, уларда оммавий ахборот воситаларининг иштироки ҳамда тадбирларни ижтимоий тармоқларда онлайн эфирлар орқали жамоатчиликка етказиш);
- иш фаолияти сифати (матбуот тадбирларига профессионал ёндашув, раҳбариятнинг иштироки, ахборотни етказиб беришда турли инструментлардан фойдаланиш);
- иш самарадорлиги (ахборотнинг қамров миқёси, соҳага оид муаммоларни биринчи манба сифатида ёритиш, танқидий материалларга муносабат билдириш даражаси ҳамда расмий веб-сайт, мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларда ахборот бериш тезкорлиги, ташкилот фаолияти бўйича муайян воқелик муносабати билан расмий баёнот бериш, хорижий оммавий ахборот воситаларида материаллар эълон қилиш) асосий мезон қилиб олинди.
Шунингдек, матбуот котиблари фаолияти самарадорлигини баҳолаш ёндашувларида муайян ўзгаришлар киритилиб, ҳар бир ахборот хизмати раҳбарининг рейтинги ўзи тааллуқли бўлган йўналиш доирасида ҳисобланди.
Таҳлилларга кўра, 2020 йил сентябр ойига қадар агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари хулосалари асосида ахборот хизмати раҳбари лавозимига расман тасдиқланиб, фаолият юритаётган республика даражасидаги 125 нафар матбуот котибидан 14 нафарининг иш натижалари юқори, 67 нафариники ўрта, 30 нафариники қониқарли, 17 нафарининг фаолияти паст даражада, дея баҳоланди.
Вазирликлар йўналишида Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева, Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов, Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова, Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевнинг фаолияти юқори баҳоланган.
Маҳаллий ҳокимликлар кесимида 190 нафар матбуот котибидан 6 нафарининг фаолияти юқори, 7 нафариники ўрта, 117 нафариники қониқарли, 60 нафариники эса паст даражада, деб топилди. 16 нафар матбуот котиби мазкур лавозим вакант бўлгани ёки матбуот котиби 6 ойдан кам фаолият юритгани сабабли баҳоланмади.
Самарқанд, Тошкент ва Қашқадарё вилояти ҳокимликлари матбуот котибларининг фаолияти юқори баҳоланган. Туман ва шаҳар ҳокимликлари йўналишида Учтепа, Фориш, Булунғур туманлари ва Жиззах, Каттақўрғон, Олмалиқ шаҳар ҳокимликларининг ахборот хизмати раҳбарлари юқори кўрсаткичга муносиб кўрилган.
Марказий ташкилот, қўмита ва агентликлар йўналишида Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хизматлари агентлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизматлари юқори натижаларни қайд этган.
Шунингдек, 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигида 50 нафар ахборот хизмати раҳбари муайян воқеликларга нисбатан расмий баёнот бермаган бўлса, 8 нафари фаолияти доирасидаги соҳага оид муаммоларни ёритмаган, 23 нафар ахборот хизмати раҳбари томонидан ўтказилган тадбирлар ҳақидаги ахборотни эълон қилиш ҳолати (тезкорлиги) талаб даражасида эмас.
АОКА туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ахборот хизматларида ташкилий масалалардаги камчиликлар, ахборотни етказиб беришда замонавий ёндашувлардан фойдаланмаслик, қамровнинг торлиги, шунингдек, ишнинг тизимли олиб борилмаслиги каби камчиликлар мавжудлигини қайд этган.
Мавзуга оид
15:09 / 11.12.2023
“Ноқонуний маълумотларга “лайк” босганлик учун жавобгарлик бор” – АОКА
14:30 / 27.06.2023
Энг машҳур тармоқлар, мингдан ошган блогерлар ва ўчиртирилган постлар. Ўзбек медиа олами рақамларда
17:59 / 28.12.2022
Баҳодир Умрзоқов: «Бошқарув органларидаги ходимлар 1 январдан ишдан бўшатилмайди»
19:35 / 21.12.2022