Энг машҳур тармоқлар, мингдан ошган блогерлар ва ўчиртирилган постлар. Ўзбек медиа олами рақамларда
АОКА маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бугунги кунда 2100 дан ортиқ ОАВ ва 1200 дан ортиқ фаол блогер бор. Telegram фойдаланувчилари сони 30 миллиондан ошган, Facebook'дан эса 7,6 миллион ўзбекистонлик фойдаланади. Маълум бўлишича, АОКА томонидан сохта ва ноқонуний дея топилган 44 мингдан ортиқ пост ёки изоҳларнинг 30,8 мингтаси ўчирилган.
Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан мамлакатда интернет фойдаланувчилари ҳамда ОАВга доир айрим рақамлар эълон қилинди.
Маълум қилинишича, 2016 йилдан буён Ўзбекистонда ОАВлар сони 41 фоизга ошган.
Хусусан, рўйхатдан ўтган телеканаллар сони 65 тадан 84 тага (+29%), интернет нашрлар 395 тадан 745 тага (+88%) етган. Шу даврда газеталар сони 691 тадан 631 тага камайган (-9%).
2016 йилда фаол блогерлар 50 дан ортиқ бўлган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони 1 200 дан ошади. Умумий олганда жами ОАВлар сони мазкур даврда 1514тадан 2140тага ошган.
Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчилари сони 2014 йилда 14,7 миллиондан 2023 йилга келиб 31 миллион нафарга етган. Бу рақамларнинг асосий қисми ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларига тўғри келади.
Ўзбекистонликлар энг кўп фойдаланадиган тармоқ – Telegram мессенжери бўлиб, унда 30,6 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик фойдаланувчи бор. Кейинги ўринда қизиқ равишда Одноклассники ижтимоий тармоғи турибди – 18 миллион ўзбекистонлик унда фойдаланиши айтилган АОКА таҳлилида.
Мета компаниясининг 2 та асосий дастури Facebook ва Instagram'да мос равишда 7,6 миллион ва 7,1 миллион нафар ўзбекистонликнинг аккаунти бор. Янги даврда узоқ вақт блокда қолган Twitter'да эса бор-йўғи 148 минг нафар ўзбекистонлик аккаунт очган. Вконтакте фойдаланувчилари сони 1,4 миллион нафарда ошади (Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар ҳисобига каттароқ кўриниш олган бўлиши мумкин). Мулоқотдан ташқари, асосан янги иш ўринлари ва ўзининг касбий муваффақиятларини эълон қилиб борувчи платформа – LinkedIn'даги ўзбекистонликлар сони 500 мингдан ошган.
Бугун Ўзбекистон жамиятидаги муаммоларга тезкор реакция ва фаол муносабат билдиришда юқоридаги тармоқларнинг энг фаоллари сифатида Telegram, Instagram, Facebook ва Twitter'ни келтириш мумкин. Таҳлилларда, шунингдек, .uz доменида ҳам фаоллик ошганини кузатиш мумкин.
Маълум бўлишича, бугунги кунда АОКА 6 та энг машҳур ижтимоий тармоқ ва хостинг маъмуриятлари билан алоқалар ўрнатган. Натижада сохта ва ноқонуний маълумотлар тарқалишига қарши агентлик томонидан 5402 та хабарнома юборилган. АОКА бу хабарномалар кимга юборилганига: пост/изоҳ муаллифларигами ёки ижтимоий тармоқ маъмуриятигами, аниқлик киритмаган.
Хатлар асосида аниқланган 44 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган пост ёки изоҳларнинг 30,8 мингтаси ўчирилган. Эслатиб ўтамиз, бу масалалар билан АОКАнинг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази шуғулланади.
Бундан ташқари, таҳлиллардан маълум бўлишича, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда танқидий материаллар/постлар ва уларга ахборот хизматларининг жавоблари сони йилдан йилга ошиб бормоқда.
Масалан, 2019 йилда ахборот хизматлари 559 та танқиднинг 83 фоизига жавоб берган бўлса, 2022 йилга келиб 14,5 минг танқиднинг 97 фоизига жавоб берилган.
АОКА таҳлилий материалида, шунингдек, 131 моддадан иборат Ахборот кодексига соҳага доир 8 та қонун ҳужжатлари унификация қўшимча қилинган.
Мавзуга оид
15:00 / 21.12.2024
Kun.uz'нинг YouTube'даги обуначилари сони 3 миллиондан ошди
15:08 / 13.12.2024
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан ҳуқуқ органларига ариза берди
21:49 / 12.12.2024
Австралия интернет компанияларни маҳаллий ОАВ контенти учун пул тўлашга мажбур қилади
16:05 / 16.11.2024