Ўзбекистон | 13:43 / 01.03.2021
35584
5 дақиқада ўқилади

Отабек Сатторий иши бўйича тергов якунланди. Блогер ЖКнинг 3та моддаси билан айбланмоқда

Тергов натижасига кўра, сурхондарёлик блогер Жиноят кодексининг учта моддаси билан айбланмоқда.

Фото: Отабек Сатторий / Facebook

Тергов департаментининг маълум қилишича, жиноят ишини тергов қилиш жараёнида Отабек Сатторий саккиз нафар фуқаронинг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини ошкор қилиш билан қўрқитишда, бу орқали моддий манфаат кўриб келганликда, фуқароларга Telegram, Facebook, YouTube орқали туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш каби жиноятларни содир қилганликда айбланган.

«Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 2021 йилнинг 24 феврал куни Сатторий Отабек Абдуманонзодага Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “а”,“б” бандлари ва 3-қисми “а” банди (Товламачилик), 139-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари (Туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми “а” банди (Ҳақорат қилиш) билан аввалги айблов тўлдирилиб, шу куни дастлабки тергов тамомланган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судловга ошириш учун Сурхондарё вилоят прокуратурасига юборилган», дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, маҳаллий амалдорларни танқид қилиб келган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий 30 январ куни қамоққа олинган эди. Блогернинг ҳибсга олиниши акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда муҳокамалар келтириб чиқарди.

Мунозаралар ортидан ИИВ Тергов департаменти блогер Шеробод туманидаги бозор бозорқўмининг аризасига кўра қўлга олингани, у тергов органига Отабек Сатторий билан бўлган сўзлашувларни тақдим этганини маълум қилганди. Бироқ департамент расмий муносабатида жиноят ишини нима учун Термиз шаҳар ИИБ эмас, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси қўзғатганига ойдинлик киритилмаган. Шунингдек, блогернинг бозорқўмга қўнғироқ қилиб, тарқатиб юбориш билан таҳдид қилингани иддао қилинган видео аслида тарқатилгани ёки тарқатилмаганига ҳам ойдинлик киритилмаган.

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев воқеа аслида бошқача бўлгани, Отабек қўлга олинишидан олдин унга қўнғироқ қилиб маслаҳат сўраганини айтмоқда. Кушербаев мазкур воқеани «сурхондарёлик амалдорларнинг битта блогерга эмас, бутунбошли сўз эркинлигига, президентнинг очиқлик сиёсатига қарши исёни» деб баҳолаган.

Жиноят иши қўзғатилишининг қонунийлигини ўрганган Бош прокуратура вилоят ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланмагани, шунингдек, тергов органига 7та ҳолат бўйича О. Сатторийнинг хатти-ҳаракатлари устидан мурожаатлар келиб тушганини маълум қилган.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов фонд номидан қатъий баёнот билан чиқиб, нима учун блогернинг уйида энг хавфли жиноятчидек тинтув ўтказилгани, суд мажлиси нега ёпиқ тарзда ўтказилганига эътибор қаратган. У Отабек Сатторийнинг қамалиши юзасидан ИИВдан изоҳ талаб қилган.

10 феврал мазкур ҳолат юзасидан расман баёнот берган ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов ижтимоий тармоқ фаолларини «давлат идоралари ҳаракатларини шубҳа остига қўйиш, уларни обрўсизлантиришга қаратилган хабарларни кўпайтириш, масала моҳиятини тушунмасдан туриб оммани чалғитиш»дан тийилишга чақирган ва бу ҳаракат жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Журналистлар ижодий уюшмаси «қонунбузилишга йўл қўйса, ким бўлишидан қатъи назар, у журналист бўладими, блогерми ёки бошқа касб эгасими, албатта, қонунда белгиланган тартибда жавоб бериши шарт»лигини таъкидлаган.

Мазкур воқеа халқаро ташкилотларнинг ҳам эътиборини тортди. Жумладан, бош қароргоҳи АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси — CPJ (Commitee to Protect Journalists) Ўзбекистон ҳукуматини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди. Ташкилотнинг ишонишича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа ташланган.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот ҳам Twitter саҳифасида воқеага муносабат билдирар экан, «товламачиликни исботлайдиган далиллар бўлмаса, мазкур ҳибс воқеаси нафақат хавотирли, балки сўз эркинлигига рахна солувчи яна бир ҳаракатдир», деб ёзди.

Блогернинг адвокати Шавкат Шокиров Gazeta.uz'га берган маълумотга кўра, Отабек Сатторий ўзига қўйилган айбловларни мутлақо тан олмаслигини билдирган. Адвокатнинг сўзларига кўра, тергов органи ҳалигача унинг айбини тасдиқлайдиган ҳеч қандай далил тақдим этмаган.

Мавзуга оид