Жамият | 13:07 / 18.03.2021
10119
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда ўз «улфат»ини ўлдириб, ёқиб юборган шахслар қўлга олинди

Жиззах вилояти Пахтакор туманида мудҳиш жиноят содир этилди. Икки нафар шахс ўзи билан ошхонада «улфатчилик» қилган шеригини дўппослаб ўлдириб, сўнг унинг жасадини ёқиб юборган. Бу ҳақда Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Пахтакор туманида яшовчи, муқаддам судланган уч нафар шахс кечки пайт ошхонада спиртли ичимликлар истеъмол қилишган. Учаласи ҳам маст бўлгандан сўнг, улар ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Жанжал ортидан, уларнинг икки нафари учинчи шеригини кимсасиз жойга олиб бориб, аёвсиз дўппослашган. Оқибатда у вафот этган. Калтакланган шахснинг вафот этганини билган қотиллар изни йўқотиш учун унинг жасадини ёқиб юборишган.

Ҳодисадан ИИБ ходимлари хабар топгандан сўнг, қотилларни топиш ва марҳумнинг шахсини аниқлаш бўйича тезкор суриштирувлар бошлаб юборилган. Марҳумнинг бармоқ излари текширилганда, у Пахтакор тумани «Пахтакор» қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи 1965 йилда туғилган, муқаддам бир неча марта турли жиноятларни содир этиб судланган шахс экани маълум бўлган.

Суриштирувлар давомида қотиллик қурбони бўлган шахс жиноят содир этилишидан бир неча соат олдин савдо дўконларидан бирига икки киши ҳамроҳлигида киргани ўша атрофдаги кузатув камералари орқали аниқланган. Марҳум билан юргани кузатув камераларига тушиб қолган шахслар топиб сўроқ қилинганда, улар ўша куни марҳум билан ошхонада бирга овқатланаётиб жанжаллашиб қолишганини ва уни овлоқ жойга олиб бориб, дўппослаб ўлдиришганини тан олишган.

Суриштирувларда маълум бўлишича, қотиллардан бири 1966 йилда туғилган шахс марҳум билан қўшни бўлган. Иккинчи айбланувчи 1981 йилда туғилган шахс эса Пахтакор тумани «Олмазор» қишлоқ фуқаролар йиғинида яшаб келган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан юқоридаги икки нафар шахсга нисбатан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид