Ўзбекистон | 13:33 / 19.03.2021
48174
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Тошкент вилоятини иккига бўлиш ҳақида ўйлаяпман, қўлимда харита ҳам бор»

Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Kun.uz мухбири хабарига кўра, сессияда иштирок этган ва вилоятга янги ҳоким тавсия қилган давлат раҳбари Тошкент вилояти иккига бўлиниши мумкинлигини айтган.

“Ҳозир сизларга бир сирни айтаман. Қўлимда харита турибди. Тошкент вилоятини иккига бўлишни режалаштириб турибман. Конституция бўйича шундай ҳуқуқ менга берилган, таклиф беришим мумкин.

Жимиб қолдинглар, биламан, бу сизларга ёқмайди. Аммо вилоятда бирлик йўқ. Ангреннинг оқсоқоли айтган гапни Чинозликлар қабул қилмайди. Шу билан бирга, вилоятнинг жойлашуви ноқулай, Ангрендан Бекободга етгунча жуда узоқ вақт кетади. 22та ҳудудни бошқариш қийин.

Бу фикрни ҳозирча ўзимда сақлаб турибман. Мана ҳозир Ҳидоятовни сизга раҳбар сифатида тавсия этяпмиз. Яна бир марта имкон бериб, Тошкент вилоятининг ривожланишини кўрмоқчиман”, деди президент сессия иштирокчиларига қарата.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг салоҳияти пойтахтникидан 1,5 баробар юқори эканини айтганди.

“Бир нарсани билинглар – ҳеч бир вилоятда Тошкент вилоятичалик иқтисодий имкониятлар йўқ. Тошкент вилояти салоҳияти Тошкент шаҳридан 1,5 баробар юқори. Буни кеча бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимларга битталаб тушунтириб, ҳисоблаб бердим. Биз бу салоҳиятдан фойдалана олмаяпмиз, десак ҳақиқат бўлади. Мен ҳам ҳоким бўлганман, бугунгидек имкониятлар у пайт йўқ эди”, деди президент.

Мавзуга оид