Жамият | 11:00 / 19.03.2021
7347
8 дақиқада ўқилади

Сурхонда одамлар тингланмоқда: очиқ мулоқот жараёнлари натижалари

Ҳаётингиз давомида сизга кимдир албатта яхшилик қилган. Ўшанда дунёга келганингизга, яхшиларнинг борлигига ич-ичингиздан қувонгансиз, шукрона айтгансиз.

Ҳа, бу ҳаёт. Унинг турфа кўчалари, сўқмоқлари бор. Улардан ўтаётиб гоҳ қоқиламиз, гоҳ ошиғимиз олчи бўлса, баъзан боши берк кўчага киргандай муаммоларимиз қаршисида ожиз қолганча тентираймиз, нажот излаймиз. Айни ўша пайтда бизга қўл чўзган одамлар кўзимизга чўғдай, авлиёдай кўрина бошлайди. Чунки, уни Яратганнинг ўзи кўнглига солиб, бизга йўлиқтирганини сезиб турамиз. Демак, илинж бор...

Оятулло Неъматов Бойсун туманидаги Газа маҳалласида онаси ва икки нафар укаси билан яшайди. Отаси 2014 йилда ишлаш учун Россияга кетганича қайтиб келмаган. Онаси «Аёллар дафтари»га киритилган. Оилавий аҳволи оғир, ижтимоий ҳимояга муҳтож. Аммо Оятулло анча ғайратли, билимга чанқоқ. Ёшлар иштирокида ўтказилган тадбирларда ташкилотчилик ва бошловчилик қилиб, фаоллик кўрсатиб келган. Шеърий тўплами чоп этилган.

Оятулло Неъматов

Журналист бўлишга иштиёқи баланд. Шу сабабли мактабни битиргач, биринчи йили Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ҳужжат топшириб киролмаган.

Бойсунга қайтиб бироз ишсиз юрган. Туманда ўтказилган «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви чоғида вилоят ҳокими уни ишга жойлаштириш тўғрисида кўрсатма берди. Шундан сўнг, Оятулло мактабда Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси сифатида ишлай бошлади. Иккинчи йили ҳам Тошкент давлат шарқшунослик университетига ҳужжат топшириб, киролмай, яна Бойсунга қайтиб келди.

Вилоят ҳокими билан навбатдаги учрашувда Т.Боболов унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзанди эканлиги, ғайратли, ташаббускор ва илғор фикрлилигини инобатга олиб, 74 миллион сўм супер контракт пулини тўлаб берди ва Оятулло ҳозирда университетнинг 1-курсида таҳсил олмоқда.

— Оиламни оғир шароитдан олиб чиқишим учун ҳам мен ўқишим керак эди, — дейди Оятулло Неъматов. — Тўғри, менинг репетиторга берадиган пулим йўқ эди. Шундай бўлса-да, имкон қадар тайёрландим, ҳаракат қилдим. Лекин иккинчи марта ўқишга илинолмаганимда бироз ўнғайсиз вазиятга тушиб қолгандим. Вилоят ҳокимлиги томонидан контракт пулим тўлаб берилганидан кейин ҳаётимда катта ўзгариш, бурилиш бўлди. Муҳими, бугун бизни қўллаб-қувватлайдиганлар бор экан. Мен каби ёшларнинг тақдирига бефарқ бўлмаганлар учун ҳам Ватанимни яхши кўраман.

Қувонарлиси, бугун воҳада Оятуллога ўхшаш биргина ёрдам билан ҳаётида катта ўзгариш бўлганлар кўпчиликни ташкил этади. Келинг, шубҳаларга ўрин қолдирмаслик учун мисоллар келтирамиз.

Термиз туманида яшовчи Диёрбек Тўрақулов ҳозир 22 ёшда. 2009 йилда отаси, 2011 йилда онасидан ажралган. 2003 йилда ва 2008 йилда туғилган икки нафар укасини шу кунгача бир ўзи кунлик ёлланма ишларни қилиб, боқиб келган.

Диёрбек Тўрақулов

Унинг яшаш уйини бориб кўрсангиз, анча хароб аҳволда. Куни базўр ўтиб келган. Жонидан ўтмаса, биров бировга илтимос қилиб бормайди.

Яқинда у ҳам вилоят ҳокимига мурожаат қилди. Диёрбекнинг яшаш шароити кўздан кечирилиб, ҳозирда унга қўшимча бинолар қуриш, таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Бунинг учун «Саховат ва кўмак» жамғармасидан пул ажратилди. Диёрнинг ўзи эса ҳайдовчи бўлиб, ишга ҳам жойлашди. Учрашув чоғида Т.Боболов уй битгач, уйлантириб қўйишни, икки нафар укасини ҳам қўллаб-қувватлашни ўз зиммасига олганлигини айтди.

Айтиш керакки, бу каби хайрли ишларга вилоят бўйича «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳузурида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги 213-ф-сон фармойиши билан ташкил этилган «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан 2021 йилнинг ўзида шароити оғир талаба-ёшларнинг 5 нафарига 95 млн сўм, уй-жой таъмирлаш учун 112,5 млн сўм, саломатлигини тиклаш учун 212 млн сўм, ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида эса 45 млн сўмлик ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди.

Жумладан, термизлик Саодат Якубовага жигар циррози касаллиги бўйича Ҳиндистонда жарроҳлик амалиётини ўтказиши учун 30 млн сўм, жарқўрғонлик Шукрона Шодимаҳматовага Россиянинг Москва шаҳрида кўз касаллиги бўйича жарроҳлик амалиётини ўтказиши учун 37 млн сўм, қумқўрғонлик Н.Чўтбоеванинг уй-жойини таъмирлаш учун 10 млн сўм, Узун тумани Жончекка маҳалласида яшовчи М.Алиёрованинг ўғлига буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти учун 6,5 млн сўм пул маблағлари ажратилиб, ёрдам кўрсатилган.

Бундан ташқари, оилавий шароити оғир бўлган олий ўқув юртида таҳсил олаётган талаба-ёшларга ҳам шартнома пулларини тўлашга, боқувчисини йўқотганлар даволаниши, уй-жойини таъмирлаши учун ҳам кўплаб маблағлар йўналтирилган.

Қолаверса, воҳада юрак хасталиги билан оғриганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Улар ҳам имкон даражасида даволанишлари учун жуда кўп ҳомийлик ёрдамлари қилинмоқда. Мисол учун, Ангор тумани Улуғбек маҳалласида яшовчи ёлғиз она Зилола Жўраевага фарзандининг юрак операцияси учун 20 млн сўм маблағ ажратилди. Ёки Термиз шаҳрида яшовчи Беҳзод Жумаевнинг ҳам юрак жарроҳлик амалиётини ўтказиши учун 14 млн сўм ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Мураккаб операция вилоят кардиология марказининг ўзида Республика кардиология реабилитация марказидан келган жарроҳ иштирокида ўтказилди.

Муҳими, кўмак олганлар билан гаплашсангиз, кимнингдир акаси, кимнингдир укаси, синглиси ё фарзандининг оғир дарддан халос бўлиб ёки бир мушкули енгил бўлиб, яшашга умиди уйғонганини ҳис қиласиз.

Давлат раҳбарининг «ҳамма раҳбарлар ҳам халқ орасига кира олмаяпти», деган сўзларида жон бор. Ҳарҳолда Сурхондарёда одамларни тинглашяпти, «Хўш сизнинг дардингиз нима, нима ўйлантиряпти, қандай муаммоингиз бор?» деган савол сўраляпти одамлардан.

Бир фикр келаверади хаёлга, агар сайёр қабул бўлмаганда, раҳбарлар ҳудудларга бориб, одамлар билан учрашмаганда бу ишлар қаерда эди, дейсиз. Балки ҳали ҳам кабинетдан чиқмай, ҳеч нимани ҳис қилмай ўтираверармидик... Бу тўғри олиб борилаётган сиёсатнинг натижаси аслида.

Булар-ку очиқ мулоқот жараёнларидан олинган мисоллар. Аммо, атрофга бир қаранг, кўринг, дунё биз ҳақимизда нима деяпти? Кечагина қандай яшардик, бугун Ўзбекистонда кичкинагина оддий михдан тортиб машинагача, керак бўлса, катта-катта автобуслар-у замонавий телевизор, маиший техникаларгача ишлаб чиқарилмоқда.

Озиқ-овқат маҳсулотлари-ю бир қарич ердан уч-тўрт марта ҳосил олинаётгани, қўли қадоқ деҳқоннинг маҳсулоти халқаро бозорларга экспорт қилинаётгани-чи? Булар ўз-ўзидан бўлиб қоладиган ўзгаришлар эмас. Шунга яраша халқни, одамларни ҳам ҳаракатга ундаш, бунинг учун керакли ёрдамни, имкониятни бериш ҳам назардан қочирилмагани узоқ ва пухта ўйланган ислоҳот натижасидир.

Тўғри, айрим соҳаларда ҳали камчиликларимиз бисёрдир. Чунки аравани ҳамма ҳам тенг торта олмайди. Оқсашлар, иллатлар бўй кўрсатиб тургани бор гап. Бу ҳам яхшиликка аслида, улар бизни ҳушёрроқ бўлишга, камчиликни бартараф этиш учун янги ҳаракатлар, янги изланиш ва режаларга ундайди. Гап ҳар бир ишимизни пишиқ-пухта бажаришимизда.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

Мавзуга оид