Ўзбекистон | 22:16 / 20.03.2021
35700
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳудудига кириб келиш бўйича янги тартиб ўрнатилди

25 мартдан бошлаб Ўзбекистонга киришда фақат тан олинган лабораторияларнинг коронавирусга ПЗР текширувлари натижаси сўралади. ПЗР текшируви маълумотномаси йўқ фуқаролар автойўл чегара пунктларида экспресс-тест топшириши мумкин.

Республика махсус комиссиясининг тегишли қарори билан, Ўзбекистон ҳудудига киришнинг янги тартиби ўрнатилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълум қилди.

Янги тартибга кўра:

  • Ўзбекистон Республикасига ҳаво, темир йўл транспорти ва чегара пунктлари орқали кираётган барча шахслардан ўз ҳисобидан аэропорт, вокзал ёки чегара пунктида коронавирус антигенини аниқлаш учун экспресс тест олиш тартиби 2021 йилнинг 15 мартдан бошлаб бекор қилинди;
  • Ҳаво ва темир йўл қатновлари орқали келаётган шахслар Ўзбекистонга келиш учун ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтишдан олдин, сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирусга ПЗР (полимера занжири реакцияси) орқали текширилиб, манфий натижали деб топилган маълумотномани тақдим этиши талаб этилади;
  • Автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга кириб келаётган шахслар сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирусга ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этса Ўзбекистон ҳудудига киритилади. ПЗР натижаси бўлмаган ҳолларда эса чегара ўтказиш пунктларида фаолият юритадиган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус антигенининг экспресс тести орқали манфий натижа қайд этилган маълумотнома тақдим этилиши зарур.

Автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келаётган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларда экспресс тест мусбат натижа берса, улар тегишли ҳудудда жойлашган тиббиёт муассасаларига юборилади.

Сўх тумани, Шоҳимардон, Чўнқара, Тоштепа аҳоли пунктларига киришда ҳамда улардан Ўзбекистон Республикаси томон транзит тарзида бораётган Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларидан коронавирус инфекциясига ҳеч бир турдаги тест таҳлилларини топшириш талаб этилмайди.

2021 йилнинг 25 мартидан бошлаб, хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчилардан фақат тан олинган лабораторияларнинг коронавирусга ПЗР текшируви  маълумотномасига эга шахсларгина ҳаво ёки темир йўл қатновига рўйхатдан ўтказилади, ёхуд автойўл чегара ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга экспресс тест ўтказмай киритилади.

Тан олинган лабораторияларнинг (камида 10 та) рўйхатини Санитария-эпидемиология хизмати шакллантиради.

ПЗР текшируви натижаси ҳақидаги маълумотнома инглиз ёки рус тилида бўлиши талаб этилади.

Шунингдек, Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштиришнинг марказлаштирилган электрон тизимида виза олиш учун аризалар қабул қилиниши қайта йўлга қўйилади.

Юқоридаги тартиб билан бирга, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофа сақлаш, дезинфекция ишларини ўтказиб бориш талабига риоя қилиш белгиланди.

Мавзуга оид