Ўзбекистон | 23:42 / 22.03.2021
28735
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқ шаҳар ИИБ бошлиғи президентдан дакки эшитди. Кейин у ҳам маҳаллага контейнер-уй ўрнатди

18 март куни Тошкент вилоятини айланган президент Шавкат Мирзиёев куннинг охирида Чирчиқ шаҳридаги маҳаллаларни пиёда кезди. Давлат раҳбари кўп қаватли уйлар жойлашган Ифтихор маҳалласи талаб даражасида ободонлаштирилмаганига гувоҳ бўлди.

Натижада ушбу ҳудудга масъул 3-сектор раҳбари – шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи полковник Дилшод Муҳаммаджонов президентдан танбеҳ эшитди.

«Бир ойда менга расмини берасан. Ўзинг бутун кучингни ташлайсан. Ўзинг қўлингга ‘лопатка’ оласан. Ўласанми шуни қилдириб қўйсанг? Уялмайсанми, сектор дегани нима дегани?»деди Шавкат Мирзиёев сектор раҳбарига қарата.

Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати 20 март куни берган хабарга кўра, президент ташрифидан кейин «Ифтихор» МФЙда Чирчиқ шаҳар ИИБ бошлиғининг хизмат уйи ташкил этилган.

Хизмат уйида шу ерлик аҳоли муаммолари ва мурожаатлари билан ишловчи 3-сектор тезкор штаби фаолият бошлаган.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати
Фото: Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев йил бошидан буён ҳудудларга анъанавий ташрифлари давомида режадан ташқари маҳаллаларни айланмоқда. «Маҳаллабай» ишлаш сиёсати доирасида раҳбарлардан аҳоли муаммоларини бевосита ҳудудларга борган ҳолда ҳал этиш талаб этилмоқда.

  • Февраль ойи охирида президент Наманган шаҳридаги Бунёдкор маҳалласига боргач, вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов у ердаги муаммолар ҳал этилишига шахсан ўзи бош бўлишини эълон қилди ва маҳаллага ўзи учун контейнер-уй қурдирди. Унинг бу ташаббусини селекторлардан бирида давлат раҳбари намуна қилиб кўрсатди.
  • Кўп ўтмай Бухоро вилояти ҳокими ва вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ҳам контейнерда ишлай бошлади.

Мавзуга оид