Жаҳон | 14:44 / 24.03.2021
4196
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи AstraZeneca вакцинаси экспортини чекламоқчи

Европа Иттифоқи давлатларида вакцина етишмовчилиги ва AstraZeneca швед-британ фармкомпаниясининг шартнома шартларини бажара олмаётгани фонида Еврокомиссия компаниянинг иттифоқ ҳудудида ишлаб чиқарилаётган вакциналари экспортини тақиқламоқчи.

«Ишга киришамиз», дейди Еврокомиссиянинг соғлиқни сақлаш бўйича бош директорати муовини Сандра Галлина Европарламентнинг 24 март кунги тингловида. Вакцинани назорат қилишнинг мавжуд механизми қайта кўриб чиқилади.

AFP агентлиги ихтиёридаги лойиҳага биноан, Еврокомиссия ўзи вакцина ишлаб чиқарадиган ёки аҳолисининг сезиларли қисми эмланиб бўлган мамлакатларга вакцина экспорт қилиш шароитлари қатъийлаштирилади.

Евроиттифоқда бошқа компаниялар ишлаб чиқарган препаратлар экспорти блокланмайди – Biontech/Pfizer ва Moderna Евроиттифоқ давлатлари олдидаги мажбуриятини бажаряпти.

AstraZenecaнинг Нидерландиядаги заводи

AFP’нинг қайд этишича, экспорт чекловлари ҳақидаги дебатлар марказида тез орада AstraZeneca вакциналарини ишлаб чиқаришни бошлайдиган Нидерландиядаги завод турибди. Бу заводда ишлаб чиқарилажак маҳсулот учун ЕИ ва Буюк Британия ўз талабларини қўйди.

Нидерландия ҳукумати вакили Буюк Британия билан келишув ҳақида фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, экспортни тақиқлаш «ютқазиш сценарийси» бўлади. Бироқ у Ҳаага Еврокомиссия қарорига бўйсуниши ва зарур бўлганда экспорт тақиқига амал қилишини айтган.

AstraZeneca билан муаммолар

AstraZeneca илгарироқ шу йилнинг биринчи чорагида Евроиттифоққа режадаги 120 миллион ўрнига 30 миллион доза, 2-чоракда 180 миллион ўрнига 70 миллион доза вакцина етказиб берилишини маълум қилганди. Компаниянинг бундай баёнотига Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен кескин жавоб қайтарди.

«Бизда режалаштирилган экспортни тақиқлаб қўйиш имкони бор. AstraZeneca’га айтадиган гапимиз шу: «Бошқа давлатларга етказиб беришдан аввал сен Европа билан тузилган шартнома бандларини бажариб қўясан», деди у.

AstraZeneca, ўз навбатида, етказиб бериш шартлари бажарилмаслигига Евроиттифоқ ҳудудидаги корхоналарда рўй бераётган муаммоларни сабаб қилиб кўрсатган.

Германия канцлери Ангела Меркель 23 март куни федерал ерлар раҳбарлари билан 15 соатлик учрашувдан сўнг фон дер Ляйенни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. «Бизда AstraZeneca билан муаммолар бор», дея тан олди Германия канцлери. Айни дамда Меркель коронавирус вакцинасига қўйиладиган «умумий экспорт тақиқлари»га қарши эканини билдирди.

Мавзуга оид