Ўзбекистон | 16:24 / 25.03.2021
16475
3 дақиқада ўқилади

Автомобил йўллари қўмитаси «Амирсой» йўли бўйича расмий изоҳ берди

“Амирсой” тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобил йўли ҳудудида содир бўлган табиий ҳодиса бўйича суратлар ва видеолавҳалар тарқалди. Ҳолат Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Автомобил йўллари қўмитаси вакиллари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари билан биргаликда жойида ўрганилмоқда.

Автомобил йўллари қўмитасига кўра, жорий йилнинг март ойида “Амирсой” тоғ-чанғи курорти ҳудудида кўп миқдорда қор ва ёғингарчилик кузатилиб, намгарчилик меъёридан ортиши сабабли ҳудуддаги грунт ва тоғ жинсларида геологик силжиш содир бўлган.

“Автомобил йўли ва йўлга ёндашган қияликлар лёссимон тоғ жинсларидан (суглинкалар, супеслар) ва сунъий тўлдирилган тоғ жинсларидан ташкил топган, остида неоген ётқизиқлари песчаник ва алевролитлар тарқалган.

Ушбу геологик силжиш оқибатида кўчки ёриқларидан тахминан ҳажми 50 000 м3 гача бўлган кўчки фаоллашган. Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати маълумотларига кўра, ушбу ҳудудда хавфли геологик жараёнлар фаоллашишининг реал хавфи туғилиб, кўчки ёриқларида 6 март кунидан бошлаб олиб борилган кузатиш натижалари ва ўрнатилган топогеодезик реперлар кўрсаткичига кўра суткасига 10-20 сантиметргача сурилиш, 1 метргача чўкишлар давом этмоқда.

Юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, “Амирсой” ҳудудига олиб борувчи автомобил йўлининг 15-16 пикет, 19-20 пикет ва 33-34 пикет оралиқ қисмларида йўловчи ва автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик чекланди.

Мазкур ҳолат ҳозирда турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин этилаётгани кузатилмоқда. Шу ўринда бир жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз, тоғ ва тоғолди ҳудудларида бу каби жараёнлар мунтазам равишда содир бўлиб туради. Тоғ жинслари силжиши, кучли сел келиши, грунтнинг ўта даражада меъёридан ортиқ намланиши таъсирида грунт кўчкиси ва бошқа табиий офат оқибатлари натижасида йўлларнинг вақтинча бир неча кунлаб ёпилиб қолиш ҳолатлари кузатилади. Бу каби табиий офатлар ўз кўламига қараб автомобил йўллари ҳолатига ва йўлбўйи инфратузилмаларига ҳам турли кўринишда таъсир ўтказади. Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида эса йўллардаги ҳаракат мунтазамлиги таъминлаб келинмоқда.

Ҳозир “Амирсой” тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобил йўли ҳудудида содир бўлган табиий ҳодиса Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Автомобил йўллари қўмитаси вакиллари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари билан биргаликда жойида ўрганилмоқда.

Ўрганишлар натижалари бўйича киритилган тегишли хулоса ва тавсиялар асосида содир бўлган табиий офат оқибатлари бартараф этилади ва қисқа муддатларда автомобил йўлида тиклаш ишлари амалга оширилиб, автотранспорт воситалари ҳаракати қайта йўлга қўйилади”, – дейилади Автомобил йўллари қўмитаси матбуот хизмати расмий изоҳида.

Мавзуга оид