Иқтисодиёт | 12:51 / 26.03.2021
4564
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Пандемия оқибатида яна 120 миллион киши камбағаллик ёқасига келиб қолди

Пандемия даврида дунёда иқтисодиётни рағбатлантириш учун 16 триллион доллар ажратилган. Шунингдек, 114 миллион киши иш ўрнини йўқотган, қўшимча 120 миллион киши камбағаллик ёқасига келиб қолган.

Пандемия даврида дунёда иқтисодиётни рағбатлантириш учун 16 триллион доллар ажратилган, шундан фақат бешдан бир қисми ривожланаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

БМТ Янгиликлар марказининг маълумотига кўра, СОVID-19’га қарши эмлаш соҳасида ҳам тенгсизлик кузатилмоқда. Масалан, жорий йил январь ойига қадар 38 давлатда эмлаш бошланган бўлса, улардан фақат 9 таси ривожланаётган мамлакатлардир.

Ривожланишни молиялаштириш бўйича янги ҳисобот муаллифлари пандемия таъсиридан, айниқса, камбағал мамлакатларнинг миллионлаб аҳолиси азият чекаётганига эътибор қаратган. Сўнгги йилларда уларнинг яшаш шароитини яхшилашга қаратилган барча саъй-ҳаракатлар ва бу борада эришилган ютуқлар зое кетмоқда: 114 миллион киши иш ўрнини йўқотган, қўшимча 120 миллион киши камбағаллик ёқасига келиб қолган.

Янги технологиялар ва барқарор инфратузилмаларга сармоя киритиш — хатарларни камайтириш ва дунёни келажакдаги зарбалардан асраб қолишга ёрдам беради. Бундай сиёсат иқтисодий ўсиш, яхши ҳаётни таъминлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашда муваффақиятга эришишга асос бўлади, деб таъкидламоқда маъруза муаллифлари. Масалан, экспертлар келажакда пандемия хавфини сезиларли даражада камайтириш учун кейинги икки йилда 70—120 миллиард доллар, ундан кейинги йилларда эса 20—40 миллиард доллардан сарфлаш зарур, деб ҳисобламоқда.

Хусусан, маъруза муаллифлари ривожланаётган мамлакатларга паст фоизли заёмлар тақдим қилиш, тараққиёт банклари имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш ва бошқа чора-тадбирлар кўришни тавсия этган.

Аввалроқ БМТ прогнозларига кўра, 2025 йилгача ҳозирги коронаинқироздан кўриладиган зарар 22 триллион долларни ташкил этиши маълум қилинганди.

Мавзуга оид