Иқтисодиёт | 12:08 / 26.03.2021
20197
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда транспорт тизимини ривожлантириш учун нималар қилиш керак? Соҳа эксперти ўз таклифларини билдирди

Ҳаво транспортида бозор муносабатлари ва рақобат муҳити суст даражада ривожланган. Бундан ташқари, темир йўл транспортида соҳани ўзгартириш, рақобатни ривожлантириш, транспорт самарадорлигини ошириш билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

Транспортнинг барқарор ва самарали ишлаши иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари, мамлакат яхлитлиги, миллий хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига оқилона интеграциялашуви учун зарур шартдир.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбарининг Kun.uz’га берган интервьюсида транспорт соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишларга қарамай, ҳалигача бир қатор ҳал қилинмаган муаммолар мавжудлигини таъкидлаб ўтди.

Мутахассиснинг қайд этишича, ҳаво транспортида бозор муносабатлари шакллари, мулкни ўзгартириш механизмлари ва рақобат муҳитининг суст ривожланиши асосий тизимли муаммолар бўлиб қолмоқда.

Халқаро темир йўл тармоғида ташиш ҳажми ўсиш суръатларининг етарли эмаслиги республиканинг транспорт ва транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаётганидан далолат беради. Бундан ташқари, темир йўл транспортида рақобатни ривожлантириш, транспорт самарадорлигини ошириш ва бошқалар билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

Мутахассис 2022-2026 йилларда транспорт тизимида амалга оширилиши лозим бўлган устувор йўналишлар сифатида қуйидагиларни айтиб ўтди:

  • тезюрар поездларни қўшимча сотиб олиш йўли билан йўловчилар айланишини кўпайтириш ва мамлакат ҳудудлари ўртасида тезюрар поездлар қатновини ривожлантириш. Тезюрар поездлар ҳаракатланадиган иккита йўлакли йўл ўтказгичларни қуриш учун сармояларни жалб қилиш;
  • йўловчилар ташишни юк ташиш даромадларидан тўғридан тўғри субсидиялаштиришни босқичма-босқич бекор қилиш ва давлат бюджет ҳисобига ўтказиш;
  • юк эгалари ва йўловчиларга давлат-хусусий шериклик асосида онлайн тарзда хизматлар кўрсатиш учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш;
  • Ўзбекистоннинг транзит йўлаклари чорраҳасида жаҳон савдо зонасини ташкил этиш;
  • норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, давлатлараро стандартларни уйғунлаштириш бўйича ишларни давом эттириш ва темир йўл транспорти, инфратузилма объектлари соҳасидаги мувофиқликни тасдиқлаш тизимида ишлаш;
  • илмий-тадқиқот институтларини яратиш, шу жумладан, илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш ишлари ҳамда рақамли технологияларни ривожлантиришда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ишларини ташкил этиш.

Мутахассис ички темир йўлларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва транзит юкларни муқобил темир йўлдан ички темир йўлга йўналтириш учун қуйидагилар зарурлигини таъкидлади:

  • Афғонистон орқали Покистон билан, шунингдек, Қирғизистон орқали Хитой билан темир йўл алоқасини ўрнатиш;
  • Ғалаба (Ўзбекистон) ва Пешовар станциялари ўртасида (Покистон) логистика кластерларини яратиш ва Қашқар (Хитой) ва Андижон станциялари ўртасида (Ўзбекистон) интермодал ташишларни ташкил этиш лозим (темир йўл ва автомобиль йўллари орқали). Бу эса ушбу йўналишда ҳам юк эгалари, ҳам Афғонистон ва Қирғизистон транспорт компаниялари томонидан юк ташишга қизиқиш уйғотади;
  • мавжуд халқаро автомагистраллардан фойдаланиш ва юкларни Қашқар (Хитой)дан Андижон (Ўзбекистон)гача ва Пешовар (Покистон)дан Ғалаба (Ўзбекистон)гача бўлган халқаро автомобиль йўлларида ташишни ташкил этиш.

Мутахассис томонидан ҳаво транспорти соҳасини янада ривожлантириш бўйича қуйидагича таклифлар илгари сурилди:

  • парвозлар географиясини кенгайтириш. Ҳам тўғридан тўғри, ҳам транзит йўловчилар ташишни ривожлантириш, шунингдек, барча йўналишларда парвозлар интервалини изчил ошириш;
  • йўловчилар ташиш бозорида транспорт хизматларининг янги турларини, маркетинг ва тариф сиёсатини жорий этиш мақсадида ахборот технологияларини модернизация қилиш;
  • мавжуд халқаро интермодал логистика марказларидан максимал даражада фойдаланган ҳолда Европа ва Осиё ўртасида мунтазам юк ташиш йўналишларини самарали ташкил этиш.

Йўл қурилиши ва автомобиль транспорти соҳасида хизматлар кўрсатиш сифатини янада ошириш учун қуйидагиларни амалга ошириш тавсия этилади:

  • транспорт инфратузилмаси объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш соҳасида йўлларнинг тирбандлигини камайтириш бўйича халқаро тажрибани ўрганишни ҳисобга олган ҳолда янги ёндашувларни қўллаш (юқори тезликдаги йўл ўтказгичлар, ер усти метроси, кўприклар, туннеллар ва бошқалар);
  • йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш ва мониторинг қилиш тизимидан фойдаланган ҳолда халқаро, минтақавий, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш учун инвестиция маблағларини жалб қилиш;
  • давлат ва хусусий шериклик асосида шаҳарлар ва вилоят марказларида автостанцияларни, шунингдек, йўл бўйидаги инфратузилма объектларини қуриш ва реконструкция қилиш;
  • жорий йўл инфратузилмасига юкни камайтириш мақсадида муқобил пуллик йўллар тармоғини яратиш;
  • жамоат транспортининг фавқулодда хизмат кўрсатиш тизимлари билан интеграциялашган ҳолда онлайн режимида амалга оширилишини мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш, шунингдек, жамоат транспортида йўловчилар тўловларини амалга ошириш тизимларини тўлалигича рақамлаштириш.

Мавзуга оид