“Биринчи марта Дукентга борганимда қўрқиб кетдим” - Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири
Ўзбекистонда уй-жойларга коммунал хизматни такомиллаштириш мақсадида Туркиядан консультантлар жалб этилади. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов Kun.uz мухбирига маълум қилди.
Шерзод Ҳидоятовнинг таъкидлашича, у раҳбарлик қилаётган вазирлик иши доим аҳоли билан боғлиқ. Бу соҳада қилинаётган ишлар одамларнинг кайфиятига таъсир кўрсатади.
Коммунал соҳадаги камчиликлар кўплиги сабаб бир-икки йил ичида ҳамма муаммоларни бирдан ечиб бўлмайди. Бутун дунёда бу соҳада муаммолар тугатилмаган, доимий равишда ўз устида ишлаш орқали бартараф этилади.
Иш самарадорлигини ошириш мақсадида давлат раҳбари томонидан ҳар бир вазирликка ҳудудлар бириктирилмоқда. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри бириктирилган. Ангрендаги энг оғир ҳудудлардан бири – Дукентда учта маҳалла бор. Ушбу маҳаллаларда жойлашган кўпқаватли уйларнинг коммунал ҳолати ўта оғир кўринишга келиб қолган.
“Биринчи марта Дуккентга борганимда қўрқиб кетдим. Оғир шароит таъсирида аҳоли ўта агрессив ҳолатда эди. Уларнинг орасида қолиб кетиб гаплашишга қийналдим. Лекин ишлар бошлангач уларнинг муносабати бутунлай ўзгарди”,- деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Туркиядан ушбу соҳани яхши биладиган консультантларни жалб этиб, юртимиздаги кўпқаватли уйларда коммунал тизимни яхшилаш мақсад қилинган. Жумладан, Ангрен ҳам кўпқаватли уйлар кўп жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда қурилганига 60-70 йил бўлган уйларнинг коммунал тизимига эътибор берилмаганлиги таъкидланди.
Шу ўринда вазир аҳоли томонидан ҳам ўзбошимчалик билан қилинаётган қурилишлар ва уларга кўриладиган чоралар ҳақида ҳам гапириб ўтди.