Бугун Навоийда 254 нафар фуқаро эмланди
Бугун Навоий шаҳридаги 15 та эмлаш пунктида Govid-19га қарши эмлаш тадбирлари бошланди. Биринчи навбатда 65 ёшдан катталар ва тиббиёт ходимлари эмланмоқда. Кун давомида 254 нафар фуқаро эмланди.
Вилоятда 45 минг нафардан ортиқ 65 ёшдан катталар ҳамда 18 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари бор.
Навоий вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бўлим бошлиғи Достон Сайдуллоевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, вилоятга Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган вакцинадан 19 минг доза, Ўзбекистон-Хитой ҳаммуаллифлигида Хитойда ишлаб чиқарилган вакцинадан эса 19 600 доза келтирилган.
Ушбу вакциналар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг вакциналарни сақлаш омборхонасида сақланмоқда.
Вилоятдаги 8 та шаҳар ва туманда вакцина сақлаш учун омборхоналар қурилган. Ҳудудлардаги эмлаш пунктлари вакциналарни ташиш учун 322 та термосумка, 109 та совуткич билан таъминланган.