Жамият | 19:45 / 02.04.2021
3774
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда қувиб ўтиш қоидалари бузилиши ортидан бир жойда кетма-кет иккита ЙТҲ рўй берди

Фото: Видеодан кадр

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида қувиб ўтиш қоидалари бузилиши туфайли бир жойда кетма-кет иккита ЙТҲ рўй берган. Аввалига «Lacetti» «DAF» юк машинасининг орқасига бориб урилган. Сўнг иккита «ISUZU» юк машинаси ўзаро тўқнашган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 2021 йил 27 март куни М39 Алмати–Тошкент–Термиз халқаро автомобиль йўлининг Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидан ўтувчи 1010-километрида «Lacetti» машинаси «DAF» юк машинасига бориб урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Оқибатда, «Lacetti»да йўловчи сифатида кетаётган шахс оғир тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган. Суриштирувда аниқланишича, «Lacetti» ҳайдовчиси қувиб ўтиш қоидаларини қўпол тарзда бузиб ҳаракатланган.

ЙҲХБ ходимлари мазкур ҳодиса бўйича суриштирув ўтказаётганда, сал нарида яна бир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Иккита «ISUZU» юк машинаси олдинма-кейин кетаётганида бири иккинчисига йўл бўшатмаган. Шундан сўнг улардан бири қоидаларни бузиб, ўнг тарафдан қувиб ўта бошлаган. Шу пайт орқадан келаётган машинага йўл бериш учун йўлнинг ўнг тарафидаги бўлагига ўтмоқчи бўлган иккинчи «ISUZU» унга тўқнашган. Таъкидланишича, бу ЙТҲда ҳеч ким жароҳат олмаган.

Мавзуга оид