Жамият | 19:00 / 06.04.2021
98888
15 дақиқада ўқилади

Қува кўчасидаги ўлим топган йигит воқеаси: марҳумнинг онаси ва гувоҳлар нима дейди?

Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Қува туманида 20 ёшли Аҳрор Анваров ички ишлар идорасида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабарларда у тиббий ниқобсиз кўчада юргани учун профилактика инспектори хонасига суҳбатга олиб кирилганига эътибор қаратилганди.

Кейинроқ, аслида у воқеадан икки кун ўтиб акасини кўргани кетаётганида, йўлда қўққисдан йиқилиб вафот этгани маълум қилинди.

Kun.uz мухбири марҳумнинг амакиваччаси Лутфиёр Халилов, участка нозири Ойбек Маҳмудов, «Қалинпўстин» МФЙ раиси Фароғат Тожиддиновадан ҳодиса тафсилотларини суриштирган эди. Навбатдаги суриштирувда янги маълумотлар ўрганилди.

 

 

Суриштирувнинг иккинчи кунида марҳумнинг онаси, опаси, Аҳрор Анваровнинг шлакоблок цехида ишлаган шериклари, ниқоб масаласида ИИБ ходимлари ва марҳум билан тортишув гувоҳлар, ерга йиқилиб беҳуш ҳолда ётганда уни кўрган гувоҳ, туман тиббиёт бирлашмаси қабул диагностика бўлими мудири, беморни қабул қилган травматолог, реанимация бўлими бошлиғи ва бошқалар кўрган-кечирганларини сўзлаб беришди.

Маҳалладаги ўғрилик...

Маълум бўлишича, 30 март куни «Қалинпўстин» МФЙ, Қўрғонча кўчасидаги хонадонлардан бирида ўғрилик содир этилади. Мазкур ҳолатни тафтиш қилиш учун хонадонга «Қалинпўстин» МФЙ раиси Фароғат Тожиддинова, участка нозирлари Ойбек Маҳмудов, Аъзимжон Каримов ҳамда Таваккал Юрсинов келишган.

Маҳаллада ўғирлик содир этилган уй ва кўча

Нозирлар маҳаллада юрган пайтда кўчадан ўтиб кетаётган Аҳрор Анваровни ниқобсиз ҳолда кўриб қолишган. Тортишув мана шундан бошланган. ИИБ ходимлари ва марҳумни ажратиш учун қўни-қўшнилар чиқишган. Якунда Аҳрор Анваров машинага чиқарилиб, участка нозирлари хонасига олиб кетилган. Нозирлар ортидан эса марҳумнинг амакиси Умид Халилов ўз машинасида етиб борган.

«Болани сариқ «Жигули»га солиб олиб кетишди» — марҳумнинг қўшниси

Рисолат Аҳмедова

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Рисолат Аҳмедова 31 март куни Аҳрор Анваровни ички ишлар ходимлари ушлаб кетишганини ўз кўзи билан кўрган.

«Мен ҳар куни кўчага чиқиб ўтираман. Аҳрор бир кунда 3-4 марта уйимиз олдидан ўтарди. Шлакоблок цехига ишга боради, ундан ташқари, комада ётган акаси Аҳмаджоннинг ёнига овқат, термосда чой ва нон таширди.

31 март куни унга «кўчада мелисалар юрибди, ниқоб тақиб олмабсан-да, ниқобсизларни тўсяпти», дедим. «Маскани опоқимникидан олиб чиқиб тақволаман», дея йўлида давом этди. Бироздан кейин мелисалар турган жойдан шовқин овози эшитилди. Яқинроқ бориб қарасам, Аҳроржон 3 киши билан гап талашаётган экан. Нозирлар болани сариқ «Жигули»га тиқишди. Буни кўриб йиғладим.

2 апрель куни ҳам уни кўчадан ўтаётганини кўрдим. Целлофан пакетда 4та нон ва термос кўтариб олган эди. Кейин билсам, нарироққа бориб йиқилиб тушиб вафот этибди...», дея ҳикоя қилди у.

«Командир, қўйинг, ундай қилманг, дедим» – ҳодиса гувоҳларидан бири

Сардор Рустамов

31 март кунги воқеага гувоҳ бўлган Сардор Рустамов ҳам воқеаларни эслади.

«Ўша куни кўчада қўшним билан гаплашиб турган эдим. Маҳаллада бир-икки кун аввал ўғрилик бўлганди. Бирдан кўча бошида одам кўпайиб кетди. Борсам — ўртоғим Аҳрорни машинага тиқишаётган экан. Формалиларга ҳеч ким қаршилик қилмаётган эди. «Командир қўйинг, ундай қилманг», деб айтдим.

Аҳрор «дадам келсин, кейин машинага ўтираман», деди. Кейин мен командир протокол тузсангиз шу ерда туза қолинг, лекин Аҳрорни мажбурлаб олиб кетманг, дедим. Атрофда хотин-халаж дод-вой қиларди.

Кейин бир томондан маҳалла оқсоқоли келиб қолди. У «бундай қилманглар, ўзи Аҳрорнинг акаси 6 ойдан буён комада, бу бола шундоқ ҳам қийналиб кетди», деди. Аҳрорни нозирлар машинага мажбурлаб тиқа олишмади. Кейин амакиси Умид ака келиб Аҳрорга машинага ўтиришни буюрди. Мелисалар уни тортишганда курткаси йиртилиб кетди. У амакисининг гапини ерда қолдирмай машинага ўтирди. Кейин улар кетишди.

Аҳрорнинг ранги қўрққанидан докадек оқариб кетган эди. Орадан 1-2 соат ўтиб Аҳрор ниқоб таққан ҳолда келди. Орадан бир кун ўтиб эса машъум иш бўлди. Раҳматли яхши бола эди», дейди Сардор Рустамов.

«Ходим оқсоқолга «сиз аралашманг» деб айтди» марҳумнинг қўшниси

Шарифа Ражабова

Аҳрор Анваровнинг қўшниси Шарифа Ражабова ҳам ўз кўзи билан кўрганларини гапириб берди.

«Шу кунларда маҳаллада ўғрилик бўлиб маҳалла бироз нотинч эди. Нозирлар турган жойда тўполон бошланди. Борсам Аҳроржонни тортқилашаётган экан. ИИБ ходимларига «акаси анчадан буён комада, бу болага тегманглар», десам қулоқ ҳам солишмади.

Дод-вой овозидан марҳумнинг амакиси ва буваси чиқди. Амакиси «болани қўйиб юборинглар, менинг жияним бўлади», деса ҳам нозирлар Аҳрорни қўйиб юборишмади. Кейин маҳалла оқсоқоли келди. У бақириб болани қўйиб юбор, деганини эшитдим.

Унинг ранги саросимадан оқариб кетганди. Амакиси Умид ака билан нозир машинаси участка хонасига олдинма-кетин кетишди.

Аҳрорни ёшлигидан буён биланман. У соппа-соғ юрарди. Оғир меҳнатларни ҳам қиларди», дейди Шарифа опа.

«Аҳрор қўлимда жон берди» – марҳумнинг дўсти

Жавоҳир Ўктамов

Аҳрор Аброровнинг дўсти ва у билан битта жойда ишловчи Жавоҳир Ўктамов унинг ўлимига гувоҳ бўлган.

«Шлакоблок цехида иш юритувчи бўлиб ишлайман. Аҳроржон бизнинг маҳалладошимиз. У билан болаликдан дўст эдик.

Шу йил 31 март кунидан уч киши шлакоблок чиқаришни бошладик. Аҳрор соппа-соғ эди. Мудҳиш воқеа содир бўлган куни у бизга овқат олиб келди. Уни бирга овқатланишга таклиф этдик, у эса йўқ деганича ким биландир телефонда гаплашди. Ташқарига чиқиб кетди.

Орадан 5-10 дақиқа ўтар-ўтмас кўча томонидан «Вой-дод, ёрдам беринглар», деган овоз эшитилди. Овоз келган томонга югурдим. Орқамдан шерикларим ҳам чиқишди. Қарасам Аҳроржон кўчада ётган экан. Боши чанг, жағи йиртилиб кетган. Уни кўриб ўзимни йўқотиб қўйдим. Тур ўрнингдан, десам қўзғалмади.

Қўшнилар сув олиб чиқишди, юзига сепдим. Шунда ҳам ўрнидан турмади. Ўзимнинг қўлимда жони чиқиб кетди шекилли, сўнгги нафасини чиқарди. Уни гузар томонга олиб бордик. Шу орада таниш бир ака машинасида келиб қолди, унинг машинасига чиқариб юбордик.

У соппа-соғ эди. Маска воқеасини ҳам бизга ҳазиллашиб гапирганди. Нозирлар билан озроқ ёқалашдик, деганди. Кўринишидан нозик бўлгани билан биз билан тенгма-тенг ишларди. Жисмонан ва руҳан бақувват бола эди. Кўкрак қафасида озгина нуқсони бор эди. Туғма шунақа эди. Кўкраги ичига кирган эди. Кайфияти ҳам яхши эди шу кунларда», деб гапириб берди Жавоҳир Ўктамов.

«Озғин бўлса ҳам чайир эди» – марҳум билан бирга ишлаган йигит

Баҳодир Турғунов

Марҳум билан бирга цехда ишлаганлардан яна бири Баҳодир Турғунов ҳам фикрларини билдирди.

«Раҳматли Аҳрор билан 2 йилдан буён таниш эдик. Цехда у иш бошқарар эди. Ўша куни бизга овқат олиб келди-да кўчага чиқиб кетди. Кейин 5 дақиқа ўтиб дод-вой бўлиб кетди. Чиқсак — шу ҳолат.

Озғин бўлса ҳам чайир эди. Шлакоблокни бемалол кўтариб машинага юклар эди. Акаси комада экани сабаб тушкун ҳолатда юрганди», деди у.

«Терак ағанагандек ерга қулади» – ҳодиса гувоҳи

Алижон Асқаров

2 апрел куни Аҳрорнинг кўчада йиқилиб тушганини ўз кўзи билан кўрган Аслижон Асқаровни ҳам топдик.

«Мен чойхонам олдида ўриндиқда ўтирган эдим. Аҳрор ёнимдан қандайдир бошқача бўлиб ўтиб кетди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай терак йиқилгандек «лопиллаб» ерга қулади. Темир-терсак йиғиб юрадиган лўлилардан бири Аҳрорнинг ёнига югуриб келди. Кейин мен ҳам югуриб бордим.

Уни қўзғатмоқчи бўлиб туртдим. Икки марта ингради. Кейин ёрдам сўраб бақирдим. Одамлар тўпланди. Бироз ўтиб шу ерда жони узилди».

Шифокорлар нима дейди?

Kun.uz мухбири марҳум йиқилган куни олиб борилган туман тез тиббий ёрдам бўлимида бўлиб, тиббиёт ходимлари билан ҳам суҳбатлашди.

Икромжон Ҳасанов

«Бизга Аҳрор Анваровни жонсиз ҳолатда олиб келишди. Жонлантириш бўлимига олиб кирилган. Юзида жароҳат излари бор эди», деди Қува тумани Тиббиёт бирлашмаси қабул диагностика бўлими мудири Икромжон Ҳасанов.

Музаффар Позилжонов

«2 апрель куни бақир-чақир бўлиб Аҳрор Анваровни олиб келишди. Тўғридан тўғри реанимация хонасига олиб кирдик. Бемор бизга келгунича жони чиқиб бўлган экан», деди травматолог Музаффар Позилжонов.

Дилшод Абдумажидов

«Кўкрак қафаси гирдобсимон деформацияси касали билан операция бўлган экан. У олдинги касали экан, шуни кўрдим.

Аввал ҳушини йўқотиб кейин йиқилган бўлиши ҳам мумкин. Кўп ҳолатда шундай бўлади. Юрак тўхтайди, кейин ерга қулайди одам», деди реанимация бўлими бошлиғи Дилшод Абдумажидов.

Қайд этиш дафтарида ҳам бемор жонсиз ҳолатда бўлгани ёзилган

Суриштирув давомида марҳум Аҳрор Анваровнинг акаси Аҳмаджон 2020 йил 1 ноябрдан буён туман марказий шифохонасининг реанимация бўлимида даволанаётгани, беморга айни пайтда унинг опаси Моҳира Анварова қараб тургани аниқланди.

Аҳмаджон Анваровга қараётган Моҳира Анварова

«Ҳақиқатни айтсанг, ўша ўғриланган мол ярми сенга, ярми бизга бўлади»

Моҳира Анварова

«Укам нозирлар билан урушиб қолган пайтда мен касалхонада, укам Аҳмаджоннинг ёнида эдим. Уришганини эшитиб, унга телефон қилдим. Ўтган сафар ҳам огоҳлантиришган эди. Шу билан икки марта маскасиз қўлга тушдим, деди укам телефонда. 15 суткага қамаймиз, деб қўрқитишибди. Тортишув вақтида курткаси йиртилиб кетган.

«Агар шу маҳалладаги хонадонда ўғриликни сен қилган бўлсанг айт, тўғрисини айтсанг — ўша ўғрилик молининг ярми сенга, ярми бизга бўлади, арра қиламиз», деб укамни алдашган нозирлар. Аҳрорбек йиғлаб чиққан. Кейин уйга бориб ҳеч кимга гапирмаган.

Уйдагилар исмини айтиб чақиришса ҳам ўрнидан турмаган. Қўрқиб кетганми, билмайман. Ётиб ухлаб қолган. Тушкунликка тушган. Шу пайтгача укам касал бўлгани ҳақида эшитган эмасман. Қўрқиб кетганидан шундай ҳолат бўлган деб ўйлайман», дейди марҳумнинг опаси.

«Боламнинг тўрт мучаси соғ эди, юраги оғриса мен билмасмидим» – марҳумнинг онаси

Марҳумнинг онаси Мофилахон Халилова

Аҳрорнинг онаси Мофилахон Халилова ҳам фарзанди соғлом бўлганини таъкидлади.

«31 март куни қўшниларимдан Аҳрорни ИИБ ходимлари олиб кетгани ҳақида хабарни эшитдим. Уйга ранги оппоқ бўлиб келди. Цехда ишчиларимиз бор эди. Овқат солиб бериб, «Аҳрорбек яхшимисан?» дедим. «Ҳа, яхшиман она», деди.

Ўғлим доим хушчақчақ юрар эди. Тушкунликка тушганини кўриб, нима бўлганини сўрадим. «Одам ҳам шунчалик бўладими? Нозирлар «Ўғриликни бўйнингга олсанг, иккимиз бўлишиб оламиз», деди. Онги пастми буларнинг, жинни одам ҳам билади-ку бу гапни?!» деди болам бечора менга. Ранги докадек оппоқ эди. Ўшандан кейин гапирмади.

Катта ўғлимни деб уйимизда ҳаловат йўқ эди. У акасига қараётган эди. Аҳроржоннинг қўлидан ўғрилик келмасди. Тўрт мучаси соғ эди. Бирор марта бирор жойи оғриганидан шикоят қилган эмас. Юраги оғриса мен билмасмидим.

«Ўғлим қўрқиб кетдингми?» десам, «йўқ, қўрққаним йўқ», деди. Чунки у боланинг юраги бақувват эди. Басавлат эди.

Курткасини йиртиб ташлашган экан нозирлар. Буни энди кўрдим. Ўғлим «онам сиқилмасин», деб куртка йиртилганини менга атай кўрсатмаган экан. Курткани яшириб қўйган экан. Йиртилганини қўшнилардан эшитдим.

Ўзим мактабда ишлайман. 2 апрель куни ишга чиқдим. Биргалашиб чой ичдик. Болам, мен ишга чиқиб келаман, сен цех ишчиларига овқат олиб чиқиб кетгин, дедим. Сув ҳам олиб келиб қўй дедим. «Хўп она», деб чиқиб кетди.

У соппа-соғ эди. Мен мактабдан қайси ҳолатда югуриб келдим, билмайман. Боламнинг бадани кўкарган эди. Боламни қисишган, деворга қисиб уришган боламни. Оролнинг суви қуриди, кўз ёшим қуримади. Битта ўғлим комада, яна бири эса ўлди, дардимни кимга айтай», дейди муштипар аёл.

Марҳумнинг акаси Аҳмаджон шу сўритокдан йиқилиб тушган.

Марҳумнинг онаси билан суҳбатлашиб бўлгандан кейин ташқарида нозирлар хонасига жияни билан бирга кириб борган Аҳрорнинг амакиси Умид Халилов билан суҳбатлашдик. У билан олдинги сафар суҳбатлашолмай қайтган эдик.

Умид Халилов 31 март кунги воқеаларнинг бевосита гувоҳи. У жияни Аҳрорга ИИБ ходимлари тазйиқ ўтказишмагани, нозирлар хонасига жияни билан ўзи ҳам бирга кирганини тасдиқлади.

Гувоҳларнинг гап-сўзларидан маълум бўлмоқдаки, туғишган акасининг қарийб 7 ойдан бери ўзини билмасдан шифохонада тўшакка михланиб ётганидан изтиробда бўлган Аҳрор Анваровни маҳалланинг ички кўчасида тиббий ниқобсиз юргани баҳонасида (аслида ўғриликда гумон қилиб), машинага мажбурлаб ўтқазишган, машина ичида унга руҳий босим ўтказишган.

Воқеанинг энг ғазаблантирадиган жиҳати — йигитни сариқ «Жигули»га босган уч нафар ИИБ ходимининг ўзи ҳам «маска»сиз бўлган.

Яқин жигарининг анчадан буён ўзини билмай ётганидан стресс ҳолатда бўлган йигитни қилмаган жиноятда айблаш, руҳий босим ўтказиш унинг юрагига зарба бўлмадимикан?

Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Сарвар Зияев, Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбирлари.

Мавзуга оид