Ўзбекистон | 21:23 / 06.04.2021
15751
3 дақиқада ўқилади

Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилди

Туризм ва спорт вазирлиги туризм, жисмоний тарбия, спорт ва маданий мерос соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев «Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил этилди.

Ҳужжатда белгиланишича, Туризм ва спорт вазирлиги туризм, жисмоний тарбия, спорт ва маданий мерос соҳаларида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш Туризм, спорт, маданий мерос, транспорт логистикаси ва хизматлар соҳаларида давлат-хусусий шериклик ҳамда рақамлаштиришни ривожлантириш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш этиб қайта ташкил қилинди.

Кенгаш туризм, спорт ва маданий мерос объектларининг давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқарилишини ҳамда мазкур соҳаларга замонавий ахборот технологиялари жорий этилишини мувофиқлаштириши белгиланди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида:

  • Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозими тугатилди;
  • Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири лавозими киритилди;
  • Спорт ва туризмни ривожлантириш масалалари котибияти Туризм, спорт, маданият ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти этиб қайта номланди ва унинг бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 15 нафар этиб белгиланди;
  • Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, маънавият ва жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибияти Таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибияти этиб қайта номланди ва унинг бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 18 нафар этиб белгиланди;
  • Давлат тилини ривожлантириш департаменти Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти этиб қайта номланди ва унинг бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 7 нафар этиб белгиланди;
  • 10 та штат бирлигидан иборат Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси ташкил этилди. Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси штат бирликлари Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказининг 10 та штат бирлигини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.

Туризм ва спорт вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланиши белгиланди.

Фармонда белгиланишича, 2021 йилда ва келгуси йилларда Маданият вазирлигига Давлат бюджетидан маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш, шунингдек, археологик ишлар харажатлари учун ажратиладиган маблағлар Туризм ва спорт вазирлигига ажратилади.

Мавзуга оид