Ўзбекистон | 18:28 / 07.04.2021
32292
3 дақиқада ўқилади

Мутахассис Ўзбекистонда кимларга вакцина олишга рухсат берилмаслиги бўйича маълумот берди

Вакцина олиш кунидан 72 соат оралиғида тана ҳарорати кўтарилганларга вакцина олишга рухсат этилмайди. Шунингдек, иммун танқислиги билан касалланган, талоқ органида муаммолари борлар, буйрак жарроҳлигини бошдан ўтказганлар, сўнгги 6 ой ичида жароҳатланганларга ҳам вакцина олиш мумкин эмас.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вирусология илмий-текшириш институтининг юқумли касалликлар шифокори Соҳиба Утегенова вакцина олишдан аввал қандай тайёргарлик кўриш ва нималарга эътибор бериш тўғрисида батафсил маълумот берди.

«Ҳар бир шифокор вакцинацияга келган фуқарони тўлиқ текширувдан ўтказиши лозим. Жумладан, қон босими, тана ҳарорати, пульс сатурацияси ҳақида маълумотга эга бўлишлари лозим. Қолаверса, ҳомиладорлик эҳтимоли мавжуд бўлган 18-45 ёшдаги аёлларга вакцинадан олдин ҳомиладорликни тест орқали аниқлаш ҳам тавсия этилади.

Бундан ташқари, вакцинациядан олдин шифокорга қабул қилаётган дориларингиз ҳақида ҳам айтишни унутманг. Вакцина олиш кунидан 72 соат оралиғида тана ҳарорати кўтарилган инсонларга вакцина олишларига рухсат этилмайди. 

Ҳозирда оммавий вакцинация 65 ёшдан юқори аҳоли ўртасида амалга оширилмоқда. Катта ёшдаги инсонларда, истайсизми ёки йўқми, ёндош касалликларнинг кечиши кузатилади. Бироқ вакцина олишга келган фуқаронинг ўша куни қон босими меъёрда бўлиши керак. Худди шундай қандли диабет билан қийналаётган инсонларнинг ҳам вакцина олинадиган куни қанд миқдори нормал ҳолатда бўлиши талаб этилади. 

Тромбоцитопения, яъни қон ивишига алоқадор касаллиги мавжуд бўлган ёки антикоагулянт қабул қилаётган беморлар, қолаверса, аутоиммун ёки иммун танқислиги билан касалланган, талоқ органида муаммолари борлар, буйрак жарроҳлигини бошдан ўтказганлар, сўнгги 6 ой ичида жароҳатланганларга ҳам вакцина олиш мумкин эмас», деган у. 

Маълум қилинишича, иммуномодуляторлар, глукокортикозоидларнинг иммуносупрессив дозасини қабул қилаётганлар (доза: 1 ҳафтадан кўп даврда кунига 20 мг преднизон); моноклонал антитаналар, тимозин, интерферон қабул қилаётганларга ҳам вакцина олишлари тақиқланади. Маҳаллий дори қабул қилаётганлар (мазлар, кўз томизгичлар, бурун спрей ва ингаляторлар) бундан мустасно.

«Шунингдек, аллергик таъсирга мойил инсонлар бор. COVID-19га қарши вакцинанинг компонентларига юқори сезгирлиги бўлган шахсларга вакцинадан фойдаланиш тавсия этилмайди. Ўткир юқумли ва юқумсиз касалликлар билан касалланганларни ҳам вакцина қабул қилмайдиганлар сафига киритишимиз мумкин.  

Эмлашдан сўнг сауна, ҳаммом қабул қилиш ва инъекция соҳасига муолажалар ўтказиш тақиқланади», деган шифокор.

Вакцина олган фуқаро эмлашдан сўнг дастлабки 30 дақиқа давомида шифокор кузатувида бўлади. Кейин 3 кун давомида шифокор ва патронаж ҳамшира томонидан кузатув остига олинади.

Мавзуга оид