Жамият | 20:11 / 13.04.2021
17197
2 дақиқада ўқилади

Сенат Хоразмда ўзини осиб ўлдирган келин иши назоратга олди

Хоразм вилояти Шовот туманида 19 ёшли ҳомиладор келиннинг молхонада ўзини осиб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Маълум қилинишича, Сенат ушбу ҳолат бўйича қонуний қарор қабул қилинишини назоратга олган.

Ижтимоий тармоқларда келиннинг ўз жонига қасд қилишига унинг ўлимидан аввал эри, қайнакаси ва қайнотаси томонидан дўппослангани туртки бўлгани, бунга сабаб сифатида эса келин уйидагилардан бесўроқ аммасининг туғилган кунига кетгани ва йўлкирага қўшнидан 5 минг сўм пул қарз олгани айтилганди.

Сенат ахборот хизматининг маълум қилишича, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов томонидан ушбу ҳолат юзасидан қонуний қарор қабул қилиниши назоратга олинган ва якуни бўйича қўшимча ахборот берилади.

Бундан олдинроқ, Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини ва текширув натижалари ҳақида маълумот берилишини билдирганди.

Мавзуга оид