«Гапириш осон, аммо ташкиллаштириш жуда қийин» — Беҳзод Мусаев тиббиёт соҳасидаги муаммолар ва ечимлар ҳақида
Пандемия даври дунёдаги кўплаб давлатлар сингари Ўзбекистон тиббиётини ҳам синовдан ўтказди. Соҳада кўзга ташланган камчиликлар устида ишлаш давлат раҳбари томонидан қаттиқ назорат қилинмоқда. Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Kun.uz’га берган интервьюсида бу масалада олиб борилаётган ишлар, муаммо ва таклифлар ҳақида батафсил гапириб ўтди.
— Сўнгги пайтларда тиббиёт соҳасига берилаётган эътиборнинг сабаби нимада? Нима ўзгардики, бу муаммо биринчи даражага чиқиб кетди?
— Президентимиз томонидан аҳоли саломатлигига алоҳида эътибор қаратилаётгани сир эмас. Давлат раҳбарини ўйлантираётган муаммолардан бири – узоқ ҳудудлардаги аҳоли вакиллари сифатли тиббий хизматдан фойдалана олмаслиги ҳисобланади. Табиийки, улар ё вилоят марказларига, ё пойтахтга келиб даволанишга мажбур бўлишади. Бу қанча оворагарчиликларга сабаб бўлиши маълум. Мавжуд тиббиёт муассасаларининг бугунги кунда аҳоли эҳтиёжларини қондира олмаётганининг сабабларини ўрганиш биз каби масъулларга топшириқ қилиб берилди.
— Селектор йиғилишларида кўп марта шахсан сизга жойлардаги ҳолат ҳақида гапирилмоқда. Бунда нима назарда тутилган аслида?
— Бугунги кунда асосий тиббиёт соҳасида ишловчи ходимларнинг сони бирламчи қатлам – оилавий шифохоналарга тўғри келади. У ерда қарийб 120 минг ходим ишлайди. Мана шу қатлам қай даражада тўғри ва сифатли ташхис қўя олса, аҳоли саломатлигига зарар кўрсатувчи омилларни бартараф этишга қаратилган ишларни яхши йўлга қўя олса, табиийки аҳолининг соҳанинг иккинчи қатлами бўлмиш кўп тармоқли ва махсус клиникаларга мурожаати камаяди.
Тизимдаги муаммоларни ўрганиш учун тўғридан тўғри шу шифохоналарга бориш ва ўз кўзимиз билан кўриш топшириғи менга юклатилди. Буни ўрганиш учун икки ҳафта давомида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида бўлдик.
Дарҳақиқат, муаммоларимиз кўп. Муаммоларни тизимли равишда ўрганиш керак бўляпти. Туман, шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари ҳар куни 2 соат вақтини ўз ҳудудида яшовчи аҳоли саломатлигини яхшилашга қаратиши ҳақида топшириқ берилди.
Бу борада қилинган ишларнинг энг биринчиси сифатида аҳоли ўртасида касалликка олиб борувчи омиллар ўрганилди. Уларни 4 гуруҳга бўлиш орқали аввало ўта оғир хавфдаги, яъни саломатлигида жиддий муаммоси бор инсонларни ҳозирнинг ўзида даволашга зарурият мавжуд.
Беморларни аниқлаш билан муаммо тугамайди: уларни даволаш чораларини кўриш лозим. Айниқса, туманлардаги муассасаларда уларни даволайдиган жиҳозлар, етук мутахассислар масаласи анча қийин. Буни гапириш осон, аммо ташкиллаштириш жуда қийин. Шуни ташкиллаштириш учун марказда ўтирган барча масъуллардан пастга тушиш, одамларнинг дардини ўз танасида ҳис қилиб кўриш талаб қилинмоқда.
— Бу соҳада кадрлар масаласи жуда оғриқли нуқта ҳисобланади. Юртимизда кўплаб тиббиёт олийгоҳлари бор. Улар минглаб кадрлар етиштириб беряпти, лекин жойларда ҳамон кадрлар етишмаслиги муаммоси бор. Бугунги кунда кадрлар танқислиги қай даражада ва улар қаердан ҳамда қайси манбалар ҳисобидан жалб қилинади?
— Президентимиз томонидан 2021 йилнинг 1 январидан олис ҳудудларга бориб ишлайдиган тиббиёт ходимлари учун қўшимча бир марта бериладиган 30 миллион устама ва маошига ҳам қўшимча устамалар бериш механизми яратилди. Олис ҳудудларда тиббиёт соҳасида кучли мутахассислар етишмаслиги муаммоси мавжуд.
Эътибор берган бўлсангиз, давлатимиз раҳбари тиббиёт соҳасига пулни умуман аямайди. 2020-2021 йиллар ҳисобида кўрадиган бўлсак, жуда катта маблағлар ҳисобига республиканинг кўп ҳудудларидаги тиббиёт муассасалари юқори технологияли тиббиёт жиҳозлари билан таъминланмоқда. Тиббиётда икки нарса: юқори технологияли жиҳоз ва уни ишлата биладиган мутахассислар жуда муҳим ўрин тутади. Бу жиҳозларни етказиб берган билан ундан фойдалана оладиган мутахассислар бўлмаса муаммо ечим топмайди.
— Бугунги суҳбатимизда бир масалага ойдинлик киритсак. Жуда кўп тор доирадаги етук мутахассислар афсуски бугун чет элда фаолият юритади. Охирги вақтларда шундай ватандошларимизни қайтариш бўйича дастурлар эълон қилинди. Бизда уларга эҳтиёж бор. Айтайлик, уларни олиб келишда қандай имкониятлар яратилади?
— Хорижда тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган ҳамюртларимиз агар ватанга қайтиб ўз ҳудудларида ишлаш ниятини билдиришса, улар учун яхши лавозим, уй-жой масаласини ҳам ҳал қилиб берамиз. Энг асосийси, ўша ерда қанча ойлик олиб ишлаб келаётган бўлса, Ўзбекистонга келиб хизмат қилишни истаган мутахассислар учун уёқдагидан кам бўлмаган ойликни берамиз.
Менга шундай топшириқ бўлган ва уларни қайси туман, қайси клиникага жойлаштириш билан Вазирлар Маҳкамасида шахсан ўзим шуғулланиб бораман. Хорижда ишлаётган ва ватанга қайтиш истагида бўлган юқори малакали мутахассисларнинг мурожаатлари билан ишлаш учун Вазирлар Маҳкамасида алоҳида ходим ишга олинган. Шу ходимнинг электрон манзили ва телефонини Kun.uz сайтида эълон қилсангиз. Улар ўз CV'сини (объективка) ва ўзи ҳақида эркин тарзда ёзилган қисқача маълумотни юборса, мурожаат қилган ҳар бир одам билан боғланамиз. Мен ўзим имконият топиб, бу мурожаатчиларни йиғиб, улар билан онлайн боғланиб, ҳамма қизиқтираётган саволларига жавоб беришга, улар билан танишишга тайёрман. Ватанга қайтиш истагида бўлган ўзбекистонлик шифокорлар muzaffarov.d@gov.uz почтаси ёки +99871-239-31-20 телефон рақамига мурожаат қилишлари мумкин.
Мавзуга оид
16:28 / 23.09.2024
Беҳзод Мусаев янги лавозимга ўтказилди
16:19 / 23.09.2024
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўзгарди
15:10 / 17.09.2024
“Ўзбек ҳамширалари Германияга 2200 евро топгани жўнатилмоқда” – Беҳзод Мусаев
18:44 / 08.08.2024