Жамият | 18:29 / 16.04.2021
21954
3 дақиқада ўқилади

Ходимларини сўккан МИБ Ангрен шаҳар бўлими бошлиғига ҳайфсан берилди

Сўкиш эшитган 7 нафар ходим билан эса профилактик суҳбат ўтказилиб, ўз ишларига масъулиятли бўлишга даъват қилинган.

14 апрел куни Kun.uz'да Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти Ангрен шаҳар бўлими бошлиғи Моҳизода Юсуповага тегишли экани айтилаётган аудио эълон қилинганди. МИБ мансабдори овозли хабарида кунлик режани бажармаган ходимларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, меҳнат қонунчилигига зид равишда ярим тунда мажлисга бориши кераклигини айтиб, уларга таҳдид қилади.

Мажбурий ижро бюроси ҳолат бўйича ўтказилган хизмат текшируви натижасини Kun.uz'га маълум қилди.

«7 апрел куни М.Юсуповага Telegram орқали йўналишдаги асосий ундирувларнинг бири бўлган «Аёллар дафтари», «Темир дафтар» ва «Ёшлар дафтари» бўйича ундирувлар камайгани ҳақида қўл остидаги ходимлар маълумот беришади.

М.Юсупова ушбу йўналишдаги ундирувлар ҳар бир ходимларга ўртача 10 тагача тақсимлангани, бироқ айрим ходимлар бу йўналишдаги масъулиятсизлик билан қараши, салбий таъсир этишини ўйлаб, жаҳли чиқиб, ушбу Telegram орқали ҳақоратли сўзлар билан аудио ёзув юборган.

Ҳозирда М.Юсупова ушбу ишдан қаттиқ афсусда ва ҳар қандай интизомий жазо учун ўзини айбли деб билмоқда», – деди Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов.

Расмий баёнотда М.Юсупова бюро органларида 2017 йилдан буён, эгаллаб турган лавозимида эса 2018 йилдан фаолият кўрсатиб келаётгани, бунга қадар эса Суд департаменти тизимида 20 йил давомида турли лавозимларга фаолият кўрсатгани, «қаттиққўл, масъулиятли ва талабчан ходим» сифатида тавсифланиши урғуланади.

Таъкидланишича, олиб борилган хизмат текшируви натижасига кўра, 16 апрел куни М.Юсупованинг «Касб одобномаси» талабларини бузиб, номуносиб хатти-ҳаракат содир этгани сабабли унга «ҳайфсан» интизомий чораси қўлланилган.

Бундан ташқари, МИБ Ангрен туман бўлимида хизмат қилаётган 7 нафар ходимнинг ишга бўлган масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, меҳнат ва ижро интизомига қатъий риоя этиш бориши бўйича профилактик суҳбат ўтказилган.

«Ҳозирда бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича Бюро тизимидаги ходимлар ўртасида хизмат мавқейини суиистеъмол қилиш ва ножўя хатти-ҳаракат қилишининг олдини олиш, раҳбар ходимларнинг қўл остидаги ходимларга ҳар томонлама ижобий ва хушмуомалали муносабатда бўлиши, меҳнат ва ижро интизомига риоя этилиши бўйича тегишли чоралар белгиланди. Келгусида ҳам бу каби чора -тадбирлар яна ҳам кучайтирилади», – дейди Фаррух Тошпўлатов.

Мавзуга оид