Жамият | 17:08 / 19.04.2021
1641
2 дақиқада ўқилади

Бухорода фермерларга ажратилган ёнилғини талон-торож қилган шахсларга жиноий иш қўзғатилди

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бухоро вилоятида фермер хўжаликларга ажратилган дизел ёнилғисини талон-торож қилган моддий жавобгар шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Бухоро туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, тумандаги 9-сонли фермерларга ёнилғи тарқатиш шохобчаси моддий жавобгар шахслари ўзлари хизмат кўрсатувчи фермер хўжаликларига ажратилган дизел ёнилғисини талон-торож қилганликлари аниқланган.

Жумладан, улар «Д.» ва бошқа бир қатор фермер хўжаликлари учун «Бухоронефтбазаси» МЧЖ томонидан ажратилган умумий қиймати 143,8 миллион сўмлик 20,7 минг литр дизел ёнилғисини ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали ўзлаштиришган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид