Ўзбекистон | 18:08 / 29.04.2021
17804
6 дақиқада ўқилади

Аукциондаги ўйинлар. Бухоро тиббиёт институтидаги қонунбузилиш ҳолатлари тасдиқланди

Бухоро давлат тиббиёт институти «Одам анатомияси» дарслигини сотиб олиш учун 1,4 млрд сўмлик шартномалар тузган эди. Дарслик муаллифлари – шу институт ректори ва ходими. Аксилкоррупция агентлиги ва Аксилмонопол қўмита бу ерда қатор қонунбузилиш ҳолатлари борлигини тасдиқлади.

Фото: Бухоро давлат тиббиёт институти

Блогер Умид Ғофуров Бухоро давлат тиббиёт институтида коррупция авж олгани ҳақида маълум қилган, ўз навбатида ОТМ бу иддаоларни рад этганди. Kun.uz 5 апрел куни икки томон фикрларини келтирган ҳолда, баъзи саволлар очиқ қолаётгани ҳақида хабар берганди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳолат юзасидан ўз ўрганишлари хулосаларини тақдим этди.

Ҳар икки идора институт давлат харидлари бўйича қонун талабларини бузганини тасдиқлаган.

Бунгача нималар маълум эди?

Умид Ғофуровнинг айтишича, «Одам анатомияси» дарслиги муаллифларидан бири ва айни вақтда институт ректори в.в.б. Шуҳрат Тешаев «Bitubi Grupp» МЧЖ таъсисчиси Эдуард Ицков билан келишган ҳолда, бир нечта шартномалар орқали 1,4 млрд сўмга яқин институт пулларини шу корхонага кўчириб берган.

Блогер, шунингдек, бу дарсликни чоп этиш бўйича буюртмалар шубҳали тарзда «Bitubi Grupp» МЧЖга берилаётгани, дарслик талабаларга мажбуран сотилаётганини таъкидлаган.

ОТМ эса ушбу маълумотларни рад этиб, институт китоб чоп этиш бўйича шартномаларни биржа орқали қонун доирасида амалга оширгани, шартномаларнинг аксарияти Ш.Тешаев ҳали ректор бўлмаган вақтда тузилганини билдирган.

На лицензияси ва на рухсатномаси бор корхона билан шартнома тузилган. Аксилкоррупция агентлиги хулосаси

Агентлик Бухоро вилояти прокуратураси билан бирга ўтказган текширувларда аниқланишича, ҳақиқатан ҳам Бухоро давлат тиббиёт институтининг кутубхона фондини бойитиш мақсадида «Bitubi Grupp» МЧЖдан 721,2 млн сўмлик жами 1 725 дона «Одам анатомияси. Атлас» китоби харид қилинган. Шундан 602,2 млн сўм талабаларнинг тўлов-контрактидан тушган маблағлар ҳисобига, 119 млн сўм бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилган. Китоблар ҳисобхона балансига тўлиқ кирим қилинган ва саноқдан ўтказилганида камомад аниқланмаган.

Бу харидларни амалга ошириш учун институт ва МЧЖ ўртасида бир нечта шартномалар тузилган. Хусусан, 2019 йил 13 августда тузилган 1-сонли шартномага асосан, 17,8 млн сўм миқдоридаги 15 фоизлик олдиндан тўлов «Bitubi Grupp» МЧЖ корхонасига ўтказиб берилган. Бироқ, бу вақтда «Bitubi Grupp» МЧЖнинг ноширлик лицензияси ҳам, бу китобни нашр этиш учун рухсатномаси ҳам бўлмаган.

Шунингдек, китоб харид қилиш мақсадида тузилган 299,7 млн ва 419,8 млн сўмлик иккита тўғридан тўғри шартнома давлат харидларини амалга оширишда йўл қўйилган хато-камчиликлар сабабли бекор қилинган.

«Институт балансидаги «Ласетти» русумли автомашинага 2019-2020 йиллар учун белгиланган лимитга нисбатан 1144 м3 ортиқча сарфланган сиқилган газ ёқилғиси учун 8,4 млн сўм институтнинг собиқ раҳбаридан ундирилган», – дейилади Аксилкоррупция агентлиги ахборотида,

Маълумот учун, 2017-2020 йилларда БДТИ ректори лавозимида Амрилло Иноятов ишлаган, у ҳозир – соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари.

Амалдаги ректор Шуҳрат Тешаев эса 2021 йилнинг январ-феврал ойлари давомида 381 минг сўмлик 158 м3 сиқилган газ ёқилғиси белгиланган лимитдан ортиқча сарфлаган. У етказилган зарарни тўлиқ қоплаган.

Шуҳрат Тешаев
Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Бундан ташқари, институт ҳайдовчиси Б.Д.нинг меҳнат шартномаси ноқонуний равишда тугатилгани ҳолати вилоят прокуратураси томонидан ўрганилиб, ҳайдовчи қайта ишга тиклангани маълум қилинди.

Ўрганиш давомида, шунингдек, тўлов-контракт тушумларидан тушадиган ажратмалардан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ривожлантириш жамғармасига 7,8 млрд. сўмлик ўтказмалар ўз вақтида ўтказиб берилмагани аниқланган ва бу сумма жамғармага тўлиқ ўтказиб берилиши таъминланган.

Аукциондаги ўйинлар. Аксилмонопол орган хулосаси

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси ўз текширишларида 2020 йил август ойида ўтказилган аукционда уч томонлама келишув борлигини аниқлаган.

Хусусан, махсус ахборот порталида жойлаштирилган дастлабки тижорий таклифларга кўра, «Bitubi Grupp» МЧЖ 933 дона «Одам анатомияси» китоблари учун 382 530 000 сўм билан, «Бухоро Шарқ» МЧЖ эса 373 666 500 сўм билан ўз таклифларини билдирган. Шунга қарамай, 933 дона китобнинг умумий нархи 373 666 500 сўмга харид қилиш учун шартнома «Bitubi Grupp» МЧЖ билан тузилган.

Яъни, махсус ахборот порталидаги маълумотлар, «Bitubi Grupp»нинг таклифи 373.666.500 сўмга, «Бухоро Шарқ»нинг таклифи эса 382 530 000 сўмга алмаштирилган.

«Рақобат тўғрисида»ги қонун талабига мувофиқ, савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш мумкин бўлмаса-да, буюртмачи «Одам анатомияси» китобининг Ш.Ж.Тешаева ва Е.А.Харибовалар томонидан ёзилганини харид қилишга эълон берган. Иккала муаллиф ҳам Бухоро тиббиёт институти ходими ҳисобланади.

Мазкур китоблар харидини ўрганиш жараёнида, олдинги ўтказилган аукционларда №5113538-сонли лоти билан «Курилиш Таъмир Савдо» МЧЖ, №5121356-сонли лот билан «Глобал Баходир Траст» МЧЖлар ғолиб деб топилган. Аммо, китоб етказиб беришнинг имкони бўлмагач, ўзаро келишувга кўра шартномалар бекор қилинган. Аниқланишича, китобни айнан «Bitubi Grupp» МЧЖ чоп этган.

Ўрганиш якунларига кўра, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан Бухоро тиббиёт институтига қарши иш қўзғатиб, унга кўрсатма берилган

Мавзуга оид