Жаҳон | 10:35 / 09.05.2021
30540
5 дақиқада ўқилади

Кобулдаги қизлар мактабида портлаш: 50дан ортиқ қурбон ва юздан ортиқ жароҳатланганлар бор

Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, шанба куни Кобул шаҳридаги мактаб биноси олдида рўй берган портлаш оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлган. Reuters агентлиги эса хавфсизлик хизматидаги манбасига таянган ҳолда 55 киши қурбон бўлгани ва 100дан ортиқ киши жароҳатлангани ҳақида хабар тарқатди.

Фото: AFP

Манба хабарига кўра, автомобилга ўрнатилган бомба портлаган. Унинг сўзларига кўра, машинага артиллерия миналари ўрнатилган ва масофадан туриб портлатилган.

Tolo News телеканалининг хабар беришича, мактабда учта портлаш содир этилган: дастлаб машина портлаган, сўнгра икки ракета учирилган.

BBC хабарига кўра, ўқувчилар мактабдан чиқаётганида портлаш рўй берган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратларда кўчада сочилиб ётган мактаб портфелларини кўриш мумкин.

Таълим вазирлиги хабарига кўра, жабрланганларнинг аксари 11-15 ёшлардаги қизлар бўлган.

Портлаш Кобул ғарбида, асосан шиа мазҳабига эътиқод қилувчи ҳазорийлар яшайдиган Дашт-а-Барчи туманида содир этилган. Бу ҳудуд аввалдан сунний мазҳабига эътиқод қилувчи жангариларнинг ҳужумлари нишонида бўлиб келади.

Бир йил муқаддам маҳаллий шифохонага ҳужум уюштирилиши оқибатида 24 киши ҳалок бўлган, уларнинг аксари аёллар, болалар ва чақалоқлар эди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ушбу ҳужумда «Толибон»ни айблаган ва уни инсониятга қарши жиноят, деб атаган. У толиблар бундай хатти-ҳаракатлари билан Афғонистондаги тинчлик жараёнини ортга сураётганини таъкидлаб ўтган.

Шанба кунги ҳужум айнан кимга қарши қаратилгани маълум эмас. «Толибон» ҳаракати бу ҳужумга алоқадор эмаслигини маълум қилиб, бу терактни қоралаб чиқди.

Кобулдан берилган хабарларга кўра, портлаш вақтида бу ҳудудда одамлар гавжум бўлган: одамлар кейинги ҳафтада нишонланадиган Рамазон ҳайитига тайёрланиш учун бозорларга йўл олишганди.

ЕИнинг Кобулдаги миссияси твиттерда қолдирган баёнотида қизлар мактабига қилинган ҳужум Афғонистон келажагига ҳужум ҳисобланишини билдириб ўтган.

Ҳазорийларга яна бир ҳужум
Секундера Кирмоний, BBC’нинг Афғонистондаги корреспонденти

Афғонистоннинг катта қисмидаги аҳолининг ҳаёти оғриқли, аммо Кобулдаги Дашт-а-Барчи тумани аҳолиси даҳшатли азобларни бошдан кечириб келади.

Туманда асосан мамлакатдаги этник камчиликни ташкил этувчи ҳазорийлар (улар шиа мазҳабига эътиқод қилишади) истиқомат қилади. ИШИД жангарилари уларни диндан чиққанлар деб ҳисоблашади. Улар ҳазорийларга қарши шафқатсиз кампания олиб боришади ва энг ҳимоясиз қатламга ҳужумлар уюштиришади.

Маданият марказлари, спорт заллари ва айниқса таълим марказларида содир этилган портлашлар оқибатида ўнлаб кишилар ҳалок бўлади.

2018 ва 2020 йилларда худкуш террорчилар томонидан таълим марказларида содир этилган терактлар оқибатида 70дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

ИШИД толиблар ва Кобулдаги Афғонистон ҳукумати ўртасидаги тинчлик музокараларида иштирок этмайди, қолаверса, бу музокаралар ҳам суст кечмоқда.

Сўнгги теракт учун жавобгарликни ҳеч бир гуруҳ зиммасига олмаган, аммо муқаддам мамлакат шарқида катта ҳудудларни назорат қилган ва сўнгги вақтларда таъсирини йўқотган бўлса-да, ИШИД вакиллари Кобул ва Жалолободда шу каби ҳужумларни содир этишда давом этмоқда.

Америкаликларнинг кетиши
Америкаликлар кетиши ҳақидаги қарордан кейин Афғонистонда юзага келган нафақат Кобулдаги ҳукуматни, балки қўшни давлатларни ҳам жиддий ташвишга солмоқда.

Шанба куни Москвага расмий ташриф билан борган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳам Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда бу масалага тўхталди.

«Ҳозирда минтақада хавфсизлик масаласи биринчи рақамли масала. АҚШнинг ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши тўғрисидаги баёноти эълон қилиниши билан — амалда улар қўшинларининг ярмидан кўпини олиб чиқиб кетишди — Афғонистонда вазият кескинлашди», — деди у.

Путин эса Россия Тожикистондаги қуролли кучларининг 201-ҳарбий базасини мустаҳкамлашини ваъда қилган.

«Биз сизларни қўллаб-қувватлаш учун ўз томонимиздан барча ишларни амалга оширяпмиз – Тожикистонда Россия қуролли кучларининг 201-ҳарбий базаси фаолият олиб бормоқда. Биз уни, Тожикистон қуролли кучларини мустаҳкамлаш устида ишлаяпмиз. Бизда бу йўналишда кўп йилларга мўлжалланган дастур бор», — деган Путин.

АҚШнинг ҳарбий контингентини олиб кетиш жараёни 1 майдан бошланди ва бу жараён 11 сентябрда якунланиши мўлжалланган.

 

Мавзуга оид