Жаҳон | 23:26 / 06.11.2024
646
2 дақиқада ўқилади

Бошқирдистонда кўмир ортилган 22 та вагон релсдан чиқиб кетди

Ҳодиса вагонлардан бирида содир бўлган портлаш оқибатида юз берган. Россия Тергов қўмитаси ҳолат бўйича қўпорувчилик моддаси билан жиноят иши қўзғатган.

Фото: Telegram / Baza

Бошқирдистондаги темирйўлда содир бўлган портлаш оқибатида кўмир ортилган 22 та вагон релсдан чиқиб кетди, деб хабар беради Baza. Темирйўл, алоқа таянчлари ва тармоғига зарар етказган ҳодиса 3 ноябрга ўтар кечаси «Дёма» ва «Черниковка» станциялари оралиғида содир бўлган. Россия Тергов қўмитаси ҳолат бўйича қўпорувчилик моддаси билан жиноят иши қўзғатган.

Дастлабки маълумотларга кўра, портловчи қурилма вагонлардан бирининг люки остидаги ўрта устунига ўрнатилган. Экспертиза портлашда парчаловчи қурилмадан фойдаланилганини аниқлади. Полиция бир нафар гумонланувчи — Ставропол ўлкасида яшовчи 31 ёшли Иван И.ни қўлга олган.

Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Воқеа жойига портлаш оқибатларини бартараф этишга кўмаклашадиган поезд юборилган.

Сентябр охирларида Самара областидаги Кинел шаҳридан ўтган темирйўл кўпригида ҳам шу каби воқеа содир бўлганди. Маҳаллий ҳукумат маълумотларига кўра, ўшанда портлаш ўтиш жойидаги «хавфсизлик ороллари»га зарар етказган ва поездлар ҳаракатини вақтинча тўхтатишига сабаб бўлган.

Июл ойида бўлса Россия Федерациясининг Волгоград вилоятида йўловчи поезди вагонлари рельсдан чиқиб кетиши оқибатида 100 дан ортиқ киши жабрланган эди.

Мавзуга оид