«Ҳокимлар, вазирлар, бош вазир ўринбосарлари вертикали ишламаяпти» – президент
Президент Шавкат Мирзиёев макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги вазифалар муҳокама қилинган видеоселектор йиғилиши ўтказмоқда.
“Бугунги йиғилишимизда биринчи чорак якунларини сарҳисоб қилиш билан бирга келажакдаги режаларни ҳам муҳокама қилиб олишимиз керак. Ҳокимлар, вазирлар, бош вазир ўринбосарлари вертикали ишламаяпти. Ҳар бир вазир ўринбосарлари ўз масъулиятини ҳис қилиши керак, зиммасига олиши керак. Бунинг учун керак бўлса қонуний асослар зарур.
Бу масаланинг жиддийлиги шундаки, бутун дунё пандемия асоратларидан қутулишга ҳаракат қиляпти. Иқтисодий ўсишни таъминлай олмаётган тармоқлар раҳбарлари ишдан кетиши керак.
Мураккаб пандемия шароитида, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганимиз натижасида, иқтисодий барқарорликни, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва иш ўринларини сақлаб қолишга эришдик.
Жумладан, биринчи чоракда ялпи ички маҳсулотимиз 3 фоизга, саноат – 3,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги – 3,1 фоизга ўсди.
Давлат бюджети даромадлари прогнозга нисбатан 1,9 триллион сўмга (5,7 фоиз), жумладан солиқ тушумлари 1,5 триллион сўмга (6,1 фоиз) кўпайди. Экспорт ҳажми январь-апрель ойларида 3,2 миллиард долларни (прогнозга нисбатан 17 фоизга кўпни) ташкил қилди. Шу билан бирга, жорий йил учун режа қилинган 5,1 фоиз иқтисодий ўсиш кўрсаткичи ҳудуд ва тармоқ салоҳиятига нисбатан анча паст.
Бу кўрсаткич камида 6 фоиз бўлиши учун бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, тармоқ раҳбарлари қўшимча захираларни топиб, амалда ишга солиши керак.
Лекин, айрим тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари яратиб берилган имкониятлардан ҳам тўлиқ фойдалана олмаяптилар.
Мисол учун, биринчи чоракда “Ўзавтосаноат”да ишлаб чиқариш ҳажми 40 фоизга, “Ўзбекнефтгаз” – 4,7 фоизга, чарм маҳсулотлари – 10 фоизга пасайган.
Сўнгги бир йилда дори-дармон ва тиббиёт буюмларига эҳтиёж кескин ошган бир пайтда, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 22 фоизга камайишини қандай изоҳлаш мумкин?
Шунингдек, 74 та йирик ҳудудий корхонада ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,1 триллион сўмга камайган”, дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
10:20 / 19.10.2024
Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши янада оширилади
17:43 / 18.10.2024
“Қарз олинганига яраша, иқтисодий кўрсаткичлар барқарор бўлиши лозим” — Жаҳон банки катта иқтисодчиси
12:16 / 18.10.2024